Ўзбекистонда «Капитал бозори тўғрисида»ги янги қонун қабул қилинади

12:53 26 Декабрь 2025 Сиёсат
25 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Кейинги йилдан «Рақамли стартаплар» дастури кенгайтирилиб, стартап ғоясидан то экспортгача кўмаклашадиган янги тизим йўлга қўйилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида айтиб ўтди.

Бу жараёнда хусусий стартап марказларини ташкил этиш учун Ёшлар жамғармасидан беш йил муддатга 5 миллиард сўмгача фоизсиз ссуда берилади.

Бундан ташқари, Марказий банкда Финтех офиси ва Инновацион хаб ташкил этилиб, унга Сингапурдан мутахассислар жалб қилинади. Натижада йилига 15-20 та финтех стартапни ташқи бозорга олиб чиқиш, уларга жами 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш имконияти яратилади.

Умуман, венчур фондлар, стартаплар, финтех каби янги молиявий инструментлар бозорини ривожлантириш, мазкур соҳадаги барча иштирокчилар ҳуқуқларини қонун билан кафолатлаб қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз парламентни Ҳукумат билан биргаликда «Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқишга чақирди.

«Биз 2030 йилга бориб, IТ хизматлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олганмиз», деди Президентимиз.

Келгуси йилда Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятида 4 та дата-марказ, 2 та супер компьютер ва 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади.

Бу тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия, жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.

Бугун минглаб иқтидорли ёшларимиз IТ ва сунъий интеллект бўйича изланиш олиб бормоқда. Уларнинг квант, дрон, робототехника каби йўналишлардаги конструкторлик лойиҳаларини амалиётга татбиқ қилиш учун «Рақамли технологиялар маркази» ташкил этилади.

«Бугун сизларга яна бир муҳим янгиликни айтмоқчиман. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича ишларни бошладик.

Бу Янги Ўзбекистоннинг илмий ва технологик ривожланишига, умуман, миллий тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқишга катта туртки беради деб ишонаман», деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари капитал бозорни иқтисодий ўсишни рағбатлантирадиган муҳим институционал устун сифатида белгилаб, глобал депозитарийларни миллий фонд бозоримизга олиб кириш кераклигини қайд этди.

Бунинг учун халқаро молия ташкилотлари билан ишлаб чиқилган «Капитал бозори тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасини тез фурсатда қабул қилиш лозимлиги таъкидланди.

Курс тебраниши бўйича хатарларни камайтириш учун маҳаллий компанияларга ички бозорда ҳам хорижий валютада облигация чиқаришга рухсат берилади.

Келгуси йили корхоналаримиз илк бор халқаро бозорларда ҳам акцияларини жойлаштириши мумкин бўлади.

Умуман, капитал бозорни ривожлантириш орқали тадбиркорларга қўшимча 1 миллиард доллар жалб қилиш имконияти яратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер