Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли рекорди янгиланди

16:37 22 Июль 2025 Жамият
153 0

Иллюстратив фото

Ўзбекистонда биринчи марта ёзги истеъмол ҳажми қишки истеъмол ҳажмини ортда қолдирди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Миллий диспетчерлик маркази маълумотларига кўра, 2025 йил 16 июлдан 21 июлгача бўлган аномал иссиқ даврда Ўзбекистон энергетика тизимида суткалик электр энергияси истеъмоли ва юкламаси бўйича янги тарихий рекордлар қайд этилган.

Хусусан, биринчи марта электр энергияси истеъмолида ёзги кўрсаткичлар қишки максимал кўрсаткичлардан ошгани қайд этилган. Жумладан, 2025 йил 18 июль кунлик истеъмол миқдори 272,6 млн кВт•соат, бу қишки максимумдан (271,8 млн кВт•соат) ва аввалги ёзги рекорддан (253,3 млн кВт•соат) ошиб кетган.

Кеча, 21 июль куни соат 17:00 да энергетика тизимининг максимал қуввати 13,3 ГВтга етган, бу қишки рекорддан (12,5 ГВт) ва 2024 йил июль ойидаги кўрсаткичлардан (11,8 ГВт) юқори.

Энг катта ўсиш Тошкент шаҳрида қайд этилган. Хусусан:

  • Суткалик истеъмол — 32,4 млн кВт•соат (2024 йилда кузатилган максимал истеъмол — 30,5 млн кВт•соат)га етиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 33%га кўпни ташкил этди.
  • Энг юқори юклама соат 14:52 да — 1811 МВт (2024 йилда — 1680 МВт)ни ташкил қилган;
  • Жорий истеъмол даражаси 2024 йил июль ойининг шу даврига нисбатан 7,6 фоизга юқори бўлиб, ой бошидан буён ўсиш 11,0 фоизни ташкил этган.

Таъкидланишича, истеъмол юқори пайтларда электр тармоқларида узилишларнинг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва унинг филиалларида туну кун ишлайдиган аварияга қарши махсус бригадалар ташкил этилган. Улар юзага келган носозликларни зудлик билан бартараф этиб боришмоқда.

«Айрим жойлардаги электр таъминотида кузатилаётган узилишлар туфайли истеъмолчилардан узр сўраймиз», дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, истеъмолчилардан электр энергиясидан имкон қадар тежамкорлик билан фойдаланишлари сўралган. Зарурат бўлмаган ҳолларда электр жиҳозларидан фойдаланмаслик тизимда юкламанинг ортиши, носозлик ва узилишлар содир бўлишини олдини олишга катта ҳисса қўшиши қайд этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?