Ўзбекистонда экин майдонларининг ноқонуний ёқилиши сунъий йўлдош орқали кузатилмоқда

15:07 07 Июнь 2025 Жамият
159 0

Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги «Uzcosmos» Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳамда Экология, атроф- муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги далаларда сомон ёқаётганлар кузатилаётгани ва улар жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди.

Унда айтилишича, ҳар йили Республика ҳудудидаги бошоқли дон экинларидан бўшаган ер майдонларида, сомон поялари ва уларнинг қолдиқларини ноқонуний ёқиб юбориш билан боғлиқ минглаб салбий ҳолатлар аниқланмоқда. Бу эса минглаб гектар серҳосил майдонларнинг унумдорлиги пасайиб, тупроқ структурасининг бузилиши, ерлардаги фойдали макро ва микроэлементларнинг йўқ бўлиб кетиши, экин ҳудудларининг балл бонитети кескин тушиши каби аянчли оқибатларга олиб келмоқда.

«Тасаввур қилиб кўринг, 1 гектар ер майдонида бошоқли дон пояси ёқилганида, 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 кг кул, 20 кг ис гази ва углерод оксиди гази атмосферага тарқалади. Бу тоза ҳавонинг ифлосланиши билан бирга инсон организмида сил ва саратон касалликларини келтириб чиқариши билан хавфлидир.

Ҳурматли ердан фойдаланувчилар! Барчангиздан шу каби ноқонуний ҳолатларга йўл қўймасликни сўраб қоламиз ва қатъий талаб қиламиз», — дейилади огоҳлантириш хабарида.

Маълумот учун, мазкур ҳуқуқбузарлик учун Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаригача жарималар қўлланилиши ҳамда ёнғин содир бўлган ғалла экин майдонларнинг ҳар бир гектарига етказилган зарар бўйича амалдаги тартиб асосида иқтисодий чоралар кўрилиши, бунда зарар миқдори катта бўлса ҳаттоки жиноий жавобгарликкача олиб бориши мумкин.

Шунингдек, бу каби ҳолатлар Ер кодексининг 40 ва 79-моддаси, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасида кўрсатиб ўтилганидек, фермер хўжалигига ажратилган ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишда экологик талаблар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилиш мажбуриятлари бажарилмаганини ифодалайди.

«Шу ўринда қўштирноқ ичидаги уддабурон фермер ва тадбиркорларга эслатиб ўтмоқчимиз. Республика миқёсида сомон поялари ва уларнинг қолдиқларини ноқонуний ёқиш билан боғлиқ ҳолатлар бевосита Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги «Ўзбеккосмос» томонидан сунъий йўлдош суратлари орқали кунлик мониторинг қилиб борилади. Маълумотлар эса ҳуқуқ тартибот органларига ўз вақтида тақдим этилади», — дейилади агентлик хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?