Ўзбекистон ёки Қувайт: қайси жамоа кучлироқ?

Бугун, 9 октябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қувайт терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказади. Ўйин олдидан жамоаларнинг имкониятларини солиштириб чиқамиз.
Умумий кўрсаткичлар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни пайтда FIFA рейтингида 1453,31 балл жамғарган ҳолда 54-ўринни эгаллаб турибди. Бу эса Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоа Осиёда 6-ўринда эканлигини билдиради.
Қувайт терма жамоаси эса айни пайтда FIFA рейтингида 1100,4 балл тўплаган ҳолда 135-ўринни эгаллаб турибди. Бу ўз навбатида араблар Осиё миқёсида 25-ўринда эканликларини кўрсатади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2025 йилни жуда яхши ўтказмоқда. “Оқ бўрилар” йил давомида 9 та ўйин ўтказишди. Улардан 5 тасида Элдор Шомуродов бошчилигидаги жамоа ғалаба қозонган бўлса, 4 та учрашув дуранг натижа билан якунланган.
Қувайт терма жамоаси эса шу йил ичида Жаҳон чемпионати саралашидан 4 та ва FIFA кунлари доирасида 1 та ўйин ўтказган. Ушбу баҳсларда жамоа Фаластин, Уммон ва Жанубий Корея терма жамоаларига мағлуб бўлган. Ироқ ва Сурия терма жамоалари билан эса дуранг ўйнаган.
Бош мураббийлар
Ўйин олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штабида ўзгариш бўлди. Италиялик таниқли футболчи ва мураббий Фабио Каннаваро “оқ бўрилар” бош мураббийлигига тайинланди.
Бу мутахассис ҳақида ҳозирча кескин фикр билдириш қийин, чунки у ҳали жамоа билан тўлиқ танишиб улгурмаган. Катта эҳтимол билан Қувайтга қарши ўйин учун режа жамоанинг собиқ бош мураббийи Тимур Кападзе томонидан ишлаб чиқилган бўлиши мумкин.
Қувайт терма жамоасини эса айни пайтда 56 ёшли португалиялик мутахассис Ҳелиу Филипе Диаш де Соуза бошқармоқда.
Ҳелиу Соуза 1969 йилнинг 12 август куни Португалиянинг Сетубал шаҳрида туғилган. У 1980–2005 йилларда футболчи сифатида “Витория Сетубал” ва “Брежуш Азейтан” жамоаларида фаолият юритган. Шунингдек, Португалиянинг ёшлар ва миллий терма жамоалари сафида бир неча бор майдонга тушган.
Соуза 2005 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаган. 2009 йилгача “Ковилья” ва “Витория Сетубал” клубларида ишлаган. Кейинчалик терма жамоалар тизимида фаолият юритиб, 2010–2019 йилларда Португалиянинг турли ёш тоифасидаги жамоаларига устозлик қилган.
2019 йилдан 2023 йилгача Баҳрайн терма жамоасини бошқарган. 2024 йилда Қатарнинг “Қатар SK” клуби билан шартнома имзолаган. Бироқ бу қайтиш узоққа чўзилмади — мутахассис 2025 йил июл ойида Қувайт терма жамоаси бош мураббийлигига тайинланди.
Ҳелиу Соуза бошчилигида Қувайт терма жамоаси ҳозиргача фақат 1 та ўйин ўтказган бўлиб, унда Сурия билан дуранг натижа қайд этилган.
Футболчилар
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўзагини легионерлар ташкил этади. Жамоамиз етакчилари Англия, Туркия, Эрон ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларда тўп сурмоқда.
Қувайт терма жамоасининг асосий футболчилари эса маҳаллий чемпионатда фаолият олиб боришади. Жамоанинг ўзагини “Ал-Қувайт”, “Ал-Қадисия” ва “Қувайт SK” клублари футболчилари ташкил этади.
Шунингдек, жамоада фақат битта легионер бор — ҳимоячи Ҳасан Ал-Энези ҳозирда Иорданиянинг “Ал-Аҳли” клубида ўйнайди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг қиммат футболчиси Абдуқодир Ҳусанов Англия Премьер-лигаси учрашувида жароҳат олгани сабабли ушбу ўйинда майдонга туша олмайди. Энди терма жамоамизнинг энг қиммат футболчиси “Истанбул Башакшеҳир” аъзоси Аббосбек Файзуллаев ҳисобланади. “Transfermarkt” портали уни 8 миллион еврога баҳолаган.
Қувайт терма жамоасидаги энг қиммат футболчи эса “Ал-Араби” клуби ҳужумчиси Бандар Ал-Салама бўлиб, уни “Transfermarkt” портали 350 минг еврога баҳолаган.
Ўзаро ўйинлар тарихи
Ўзбекистон ва Қувайт миллий терма жамоалари шу вақтга қадар 6 марта ўзаро тўқнаш келишган. Ушбу баҳсларда қуйидаги натижалар қайд этилган:
Ўзбекистон 3:3 Қувайт (1998)
Ўзбекистон 1:2 Қувайт (2005)
Ўзбекистон 3:2 Қувайт (2005)
Ўзбекистон 2:1 Қувайт (2011)
Ўзбекистон 0:1 Қувайт (2012)
Ўзбекистон 3:0 Қувайт (2012)
Шу тариқа, ўзаро ўйинларда Ўзбекистон 3 та, Қувайт 2 та ғалаба қозонган, яна бир учрашув дуранг билан якунланган.
Гол урган футболчилар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида қуйидаги футболчилар Қувайт терма жамоаси дарвозасига гол урган:
1. Александр Гейнрих — 3
2. Максим Шацких — 2
3. Сервер Жепаров — 2
4. Санжар Турсунов — 1
5. Анвар Солиев — 1
6. Александр Хвостунов — 1
7. Андрей Акопянц — 1
8. Миржалол Қосимов — 1
Энг ёдда қоларли учрашув
Икки жамоа ўртасидаги энг ёдда қоларли баҳс — 2006 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичида Тошкентда бўлиб ўтган учрашув ҳисобланади.
Ўйиннинг илк бўлимида Қувайт 2 та гол урган ҳолда ҳисоби бўйича олдинга чиқиб олган. Бироқ иккинчи бўлимда “оқ бўрилар” қайта жавоб берди — Сервер Жепаров, Максим Шацких ва Анвар Солиев томонидан киритилган голлар Ўзбекистонга иродали ғалабани таъминлаб берган.
Ушбу ўйин миллий терма жамоа тарихидаги энг драматик ва кучли руҳда ўтган баҳслардан бири сифатида эсда қолган.
Бу галги имкониятлар
Бугунги ўйин олдидан Ўзбекистон терма жамоаси яққол фаворит сифатида қаралмоқда. Қайси таркиб майдонга тушишидан қатъи назар, “оқ бўрилар”нинг бу жуфтликдаги имкониятлари анча юқори.
Шунингдек, бу баҳс Ўзбекистон учун FIFA рейтингида кўтарилиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қувайт устидан қозониладиган ғалаба жамоамизга тахминан 2,5 балл қўшади. Бу эса Жаҳон чемпионати саралаш босқичи олдидан жамоани юқори саватчаларга жойлаштиришда муҳим рол ўйнайди.
Эслатма
Ўзбекистон ва Қувайт терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви бугун, 9 октябр куни, Тошкентдаги “Олимпия” стадионида бўлиб ўтади.
Ўйин соат 18:00 да старт олади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг