Ўзбекистон ёки Ўмон. Қайси жамоа кучлироқ?

13:45 26 Август 2025 Спорт
178 0

Фото: ЎФА

30 август куни Тошкентда «CAFA National Cup» мусобақасининг «А» гуруҳи ўйинлари старт олади. Ўша куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси турнирнинг дастлабки тури доирасида Ўмон Султонлиги терма жамоаси билан куч синашади.

Хўш, терма жамоаларнинг имкониятлари қандай? Қуйида уларнинг натижаларини солиштирамиз.

Умумий маълумотлар

Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни пайтда FIFA рейтингда 1449,12 балл жамғарган ҳолда 55-ўринни эгаллаб турибди. Бу айни пайтда Тимур Кападзе бошчилигидаги жамоа Осиёда 6-ўринда эканлигини билдиради.

Ўмон Султонлиги терма жамоаси эса FIFA рейтингдаги 1314,4 балл жамғарган 79-ўринда бормоқда. Бу Осиёда уммонликлар 11-ўринда эканини англатади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси «CAFA National Cup» турнирида шу вақтга қадар 4 та ўйин ўтказган. Улардан 3 таси терма жамоамизнинг ғалабаси билан якунланган, 1 та баҳсда эса мағлубият қайд этилган.

Худди шундай, Ўмон Султонлиги терма жамоаси CAFA аъзоси ҳисобланмаса-да, ўтган галги турнирга ҳам меҳмон сифатида жалб этилган ва 4 та ўйин ўтказган. Жамоа 2 та ўйинда ғалаба қозонган, 1 та ўйинда мағлубиятга учраган ва яна битта ўйинни дуранг натижа билан якунлаган.

Бош мураббийлар

Яхши биласиз, Ўзбекистон миллий терма жамоасини маҳаллий мутахассис Тимур Кападзе бошқармоқда. Тимур Тоҳирович 1981 йилнинг 5 сентябрь санада таваллуд топган.

Мураббийлик фаолиятини «Локомотив» ёшлар жамоасида бошлаган Тимур кейинчалик Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи вазифасини бажарувчи ва Вадим Абрамовга терма жамоадаги ёрдамчи мураббий сифатида ишлаган. Кейинчалик, Кападзе ёшлар футболига жалб этилган. У дастлаб, Ўзбекистоннинг U-20 жамоасини бошқарган. Кейинчалик, Тимур Кападзега «Олимпик» лойиҳаси ва Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ишониб топширилган.

Унинг қўл остида Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Осиё чемпионатида 2 марта вице-чемпионликни нишонлади. Ўз тарихида биринчи бор Олимпиада ўйинларида иштирок этди.

Шу йилнинг ёзида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам айнан ушбу мураббий қўл остида биринчи маротаба Жаҳон чемпионати мусобақасининг йўлланмасига эга чиқди.

Кападзе айни вақтда нафақат Ўзбекистонда, балки Осиёда ҳам энг яхши мураббийлардан бири ҳисобланади. У 2 марта Ўзбекистонда йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган.

Ўмон терма жамоасини эса айни пайтда португалиялик мутахассис Карлос Кейруш бошқармоқда. Ушбу мутахассис ўзбекистонлик футбол мухлисларига жуда яхши таниш.

Кейруш мураббийликдаги фаолиятини Португалиянинг U-20 терма жамоасида бошлаган. Кейинчалик миллий терма жамоага ҳам устозлик қилган. 2003/2004 йилларда дунёга машҳур «Rеал Mадрид» клубини бошқарган.

Карлоснинг бутун Осиёда ном қозонишига боғлиқ воқеа 2011 йилда юз берган. Айни шу йил португалиялик мутахассис Эрон миллий терма жамоасини қабул қилиб олган. Унинг 8 йиллик бошқарувида Эрон терма жамоаси Осиёдаги энг кучли TOP-3 та жамоадан бирига айланган. 2 марта Жаҳон чемпионатида ўйнаган ва ушбу мусобақаларда Португалия, Испания ва Аргентина каби терма жамоалар билан ўйин жиҳатдан тенг ўйнаб, бутун дунё футбол жамоатчилигининг эътиборини тортган.

Карлос кейинчалик, Колумбия, Миср, Қатар каби терма жамоаларда ишлади. Бир неча ой илгари Ўмон Султонлиги терма жамоаси бош мураббийлигини қабул қилиб олди

Футболчилар

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўзагини ташкил этадиган футболчилар — легионерлар ҳисобланади. Терма жамоамиз етакчилари Англия, Туркия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони каби мамлакатларда тўп суришмоқда.

Ўмон Султонлиги терма жамоасининг асосий футболчилари эса мамлакат чемпионатида ўйнайди. Легионер футболчилар ҳам қўшни мамлакатлар — Иордания, Ироқ каби давлатларнинг чемпионатларида фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, Тайланд ва Чили мамлакатлари чемпионатида ҳам уммонлик баъзи футболчиларни кўриш мумкин.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг қиммат футболчиси Абдуқодир Ҳусанов ҳисобланади. Айни пайтда «Манчестер Сити» клубида тўп сураётган футболчини «Transfermarkt» портали 35 миллион еврога баҳолаган.

Ўмон Султонлиги терма жамоасининг энг қиммат футболчиси эса айни пайтда Таиланднинг «Бангкок Юнитед» жамоасида тўп сураётган Муҳсин Ал-Ғассани ҳисобланади. «Transfermarkt» портали уни 1 миллион еврога баҳолаган. Солиштириш учун айтиш мумкинки, Ўзбекистон термасининг энг қиммат футболчиси, Ўмон термасининг энг қимматбаҳо футболчисидан 34 миллион еврога қимматроқ.

Ўзаро ўйинлар статистикаси

Ўзбекистон ва Ўмон Султонлиги терма жамоалари шу вақтга қадар 7 марта тўқнаш келган. Ушбу ўйинларнинг 4 тасида Ўмон Султонлиги терма жамоаси ғалаба қозонган бўлса, 3 та баҳс Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ғалабаси билан тугаган.

Қизиғи, ушбу жамоалар сўнгги бор айнан «CAFA National Cup» мусобақасида ўзаро тўқнаш келган. 2023 йилнинг 11 июнь санада ўтган ушбу баҳсда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

Ушбу ўйиндаги имкониятлар

Таркиб жиҳатдан қараганда, Ўзбекистон миллий терма жамоаси устунроқдек. Лекин ўйин FIFA кунлари доирасида ўтмаслигини инобатга олсак, ушбу баҳсда Тимур Кападзе жамоасига қатор етакчи футболчилари ёрдам бера олмаслиги мумкин.

Аммо бу ҳолат Ўмон терма жамоасига ҳам муаммо туғдиради. Демак, тушуниш мумкинки, ҳар икки жамоа дастлабки ўйинни оптимал таркиб билан ўтказа олмайди. Бироқ Ўзбекистон терма жамоасига мезбон бўлиш фактори катта ёрдам беради. Уни устига Ўмон Султонлиги терма жамоасида мураббий алишганига кўп бўлмади. Бу ҳолат жамоа ўйинига салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин.

Хуллас, биринчи тур олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг имкониятларини юқори баҳолашга ҳақлимиз. Аслида нима бўлишини эса 30 август куни билиб оламиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?