Ўзбекистон велоспортчилари Осиё аренасида олтин медаллар жамғармоқда

15:56 09 Январь 2026 Спорт
501 0

Шу кунларда Малайзиянинг Нилай шаҳрида велоспортнинг трек йўналиши бўйича нуфузли «ASEAN TRACK SERIES» (President Cup) мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Мазкур халқаро турнирда Осиё минтақасининг кучли спортчилари қаторида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ҳам ғалаба учун кураш олиб бормоқда.

Мусобақанинг илк кунлариданоқ юртимиз атлетлари юксак натижалар қайд этмоқда. Хусусан, терма жамоа аъзоси Сергей Ростовцев «omnium» йўналишида барча рақибларидан устун келиб, олтин медалга сазовор бўлди. Ушбу йўналиш спортчидан нафақат юқори тезлик, балки чидамлилик, тактик фикрлаш ва барқарорликни ҳам талаб этди. С.Ростовцев мусобақанинг барча босқичларида ишончли ҳаракат қилиб, ғалабага лойиқ эканини исботлади.

Қувонарлиси, Сергей Ростовцев кейинги стартларда ҳам ўз маҳоратни намоён этди. У «scratch» ва «elimination» дастурларида ҳам биринчи ўринни эгаллаб, терма жамоамиз ҳисобига қаторасига учта олтин медални қўшди. Бу натижа Ўзбекистон велоспорти учун мавсум бошидаёқ қўлга киритилган муҳим ютуқ сифатида эътироф этилмоқда.

Маълумки, «ASEAN TRACK SERIES» мусобақаси икки босқичда ташкил этилади ва унда юртимиз терма жамоасининг 6 нафар вакили иштирок этмоқда. Эркаклар жамоаси сафида Сергей Ростовцев, Владислав Троман, Беҳзод Нурматов ва Данил Фёдоров баҳс олиб бормоқда. Аёллар жамоасидан эса Асал Ризаева ҳамда Нафосат Козиева мамлакат шарафини ҳимоя қилмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, терма жамоамиз ушбу мусобақада янги мураббийлар — германиялик мутахассис Йохан Дорнбуш ҳамда тажрибали спортчи ва мураббий Ольга Забелинская раҳбарлигида иштирок этмоқда. Мутахассисларнинг замонавий тайёргарлик услублари ва ёндашуви қисқа вақт ичида ижобий самара бера бошлагани қўлга киритилган олтин медаллар билан яққол намоён бўлди.

Ушбу муваффақият Ўзбекистон велоспорти учун йил бошидаги катта рағбат бўлиб, келгуси халқаро мусобақалар олдидан спортчиларимизга ишонч ва руҳий кўтаринкилик бағишлайди. Терма жамоамизни олдинда яна масъулиятли стартлар кутиб турибди ва мухлисларимиз улардан янги ғалабаларни интиқлик билан кутмоқда.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер