Ўзбекистон вакили БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига сайланди
"Дунё" ахборот агентлиги
Мамлакат вакилининг ИҲҚга сайланиши тарихий воқеадир, чунки Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи марта БМТнинг ушбу асосий органига аъзо бўлди.
Ўзбекистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси таркибига сайланди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 29 май куни БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессияси доирасида Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 2025-2028 йиллар учун 9 нафар аъзосини сайлаш бўйича сайловлар бўлиб ўтган.
Сайловда Ўзбекистон билан бирга 16 та давлат – Бурунди, Грузия, Миср, Ҳиндистон, Испания, Камерун, Кот-д'Ивуар, Литва, Марокаш, Парагвай, Корея Республикаси, Шимолий Македония, Того, Хорватия, Эфиопия ва Жанубий Африка вакиллари 9 та ўрин учун кураш олиб борган.
Яширин овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистондан номзод, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо мамлакатлардан энг кўп овоз олган.
Ўзбекистон вакилининг ИҲҚга сайланиши тарихий воқеадир, чунки мамлакат Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи марта БМТнинг ушбу асосий органига аъзо бўлди.
Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли конвенция органига сайланиши мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмалар билан конструктив ҳамкорлик қилиш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга содиқлигини намойиш этиш, қарорлар қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этиш, шунингдек, бу борада илғор тажриба алмашиш имконини беради.
Инсон ҳуқуқлари қўмитаси – БМТнинг мустақил экспертлардан иборат органи бўлиб, аъзо давлатлар томонидан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг бажарилишини мониторинг қилади. Ушбу пактга 173 та давлат аъзо. Ўзбекистон ушбу халқаро ҳужжатга 1995 йилда қўшилган. Қўмита фаолияти инсоннинг барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўлиқ ҳурмат қилинишини таъминлашга қаратилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг