Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида адабий алоқалар янги босқичда

16:36 24 Апрель 2025 Жамият
259 0

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йилда Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида икки давлат ўртасида адабий-маданий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилган эди. Мазкур келишувлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонга Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Қанибек Имоналиев бошчилигидаги ижодкорлар делегацияси ташриф буюрди.

Ушбу ташриф мамлакатлар ўртасидаги адабий алоқаларнинг янги босқичга кўтарилганидан далолатдир. Ташриф доирасида бир қатор адабий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, Чингиз Айтматов ижодига бағишланган халқаро анжуман, ўзбек таржимонлари томонидан қирғиз адабиёти намуналарининг тақдимоти ҳамда Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи қирғиз тилидаги нашри намойиш этилди.

Делегация аъзолари ташриф аввалида Абдулла Қодирий уй-музейида бўлишди ҳамда Чингиз Айтматов ҳайкали пойига гул қўйдилар.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтган «Чингиз Айтматов — туркий оламнинг умумий ифтихори» халқаро анжумани ташрифнинг энг муҳим тадбирларидан бири бўлди. Анжуманда икки давлат вакиллари — Ўзбекистон Миллий университети ректори Ином Мажидов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Дуйшонқул Чотонов сўзга чиқиб, Чингиз Айтматов ижоди халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик тимсоли эканини таъкидладилар.

Анжуманда Чингиз Айтматов таваллудининг 100 йиллигини жаҳон миқёсида нишонлаш ва 2028 йилни «Чингиз Айтматов йили» деб эълон қилиш юзасидан БМТга таклиф йўллаш тўғрисида резолюция қабул қилинди.

Тадбир доирасида Роза Айтматованинг «Хат келди» ва Қанибек Имоналиевнинг «Қирғизнома» китоблари тақдимоти ҳам ўтказилди. Роза Айтматова — Чингиз Айтматовнинг синглиси бўлиб, у ўз асарида укаси Илгиз Айтматовнинг ўсмирлик йилларини ёритган. «Қирғизнома»да эса Қанибек Имоналиев қирғиз халқининг менталитети ва тарихий тажрибасини ҳаётий ҳикоялар орқали қаламга олган.

Икки асар ҳам таниқли ёзувчи Нурали Қобул томонидан ўзбек тилига таржима қилинган бўлиб, уларнинг нашри ўзбек адабиётидаги таржима бойлигини янада кенгайтиради.

Мазкур ташриф икки халқ ўртасидаги адабий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, маданий ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқиш сари қўйилган муҳим қадам сифатида тарихга муҳрланади.

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?