Ўзбекистон ва Миср биргаликда гепатит C га қарши дори ишлаб чиқаради

12:26 06 Март 2026 Жамият
322 0

Фото: «Дунё»

Ўзбекистон ва Миср гепатит C га қарши биргаликда дори ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Мисрнинг «ACDIMA» ва «Dentafill PlusDentafill Plus» компаниялари вакиллари ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтдиган. Музокараларда Ўзбекистон ва Миср ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий дори воситалари ишлаб чиқариш технологияларини трансфер қилиш ва маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, томонлар ҳамкорликнинг биринчи босқичи сифатида Ўзбекистон бозори учун гепатит C вирусига қарши «Daclatasvir» ва «Sofosbuvir» препаратларини ишлаб чиқаришни бошлашга келишиб олган. Лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш технологияларини босқичма-босқич Ўзбекистонга ўтказиш, мисрлик мутахассисларни жалб этиш, маҳаллий кадрларни тайёрлаш ва ишлаб чиқариш қувватларини мослаштириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, учрашувда мингдан ортиқ турдаги дори воситаларини маҳаллийлаштириш имконияти ва Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболлари кўриб чиқилган. Таъкидланишича, ушбу ҳамкорлик миллий фармацевтика саноатини ривожлантириш, импортга қарамликни камайтириш ва икки мамлакат ўртасидаги саноат кооперациясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

«Бу каби лойиҳалар аҳолини сифатли ва ҳамёнбоп дори воситалари билан таъминлаш ҳамда Ўзбекистоннинг минтақавий фармацевтика хабига айланиши йўлидаги муҳим қадамдир», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?