Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида умумий қиймати 125 миллион долларлик 10 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади

12:47 30 Июль 2022 Сиёсат
748 0

Жорий йилнинг 28-29 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси ташриф билан Ҳиндистонда бўлди.

Ташрифнинг биринчи куни Ню-Деҳли шаҳрида Ўзбекистон ҳукумат делегацияси Ҳиндистон ҳукумати ва компаниялари аъзолари билан музокаралар ўтказди. Шунингдек, Ҳиндистон Республикаси билан Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 13-мажлиси, шунингдек, икки томонлама бизнес-форум ҳам бўлиб ўтди.

Ташриф доирасида Ҳиндистон соғлиқни сақлаш ва оила фаровонлиги, кимё ва ўғитлар вазири Мансуҳ Мандавия билан музокаралар ҳам ўтказилди.

Қайд этилганидек, икки мамлакат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.

Ҳинд компаниялари томонидан Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳалари ҳам қамраб олинган. Хусусан, ҳозирги вақтда ҳинд сармояси иштирокидаги 22 та инвестиция лойиҳасини амалга оширилмоқда.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов вазирлик номидан бир қанча лойиҳа ва келишувлар асосида музокаралар олиб борди.

Ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш доирасида Ўзбекистон томони саъй-ҳаракатларни дори воситалари ишлаб чиқаришга мўлжалланган қўшма лойиҳаларни ташкил қилишга йўналтиришни таклиф этди. Шунингдек, бугунги кунда беморлар учун энг зарур бўлаётган тиббиёт йўналишлари, яъни жарроҳлик, ортопедия ва радиология йўналишлари бўйича ўзбек мутахассислари учун ўқув курсларини ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди. Мулоқот чоғида томонлар барча келишувларни амалиётга самарали татбиқ этиш юзасидан конструктив мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

Хусусан, Мансуҳ Мандавия Ҳиндистон компаниялари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган умумий қиймати 125 миллион долларлик 10 та инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши ҳақида маълум қилди. У Ўзбекистонда ҳинд дори воситаларини соддалаштирилган рўйхатдан ўтказиш механизмини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бу эса Ҳиндистон фармацевтика корхоналарининг мамлакатимиздаги инвестиция лойиҳалари сонини кўпайишига хизмат қилади. Шу билан бирга вазир Ҳиндистон Миллий фармацевтика тадқиқот институтида ўзбекистонлик талабаларнинг таълим олиши учун грант ўринлари ажратишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистонда рақамли тиббиётни, жумладан, телетиббиёт платформасини амалга оширишда бепул ёрдам кўрсатиш бўйича келишувга эришилди. Ҳиндистон тажрибаси асосида анъанавий табобат йўналишида, шу жумладан Аюрведа таълимотини ривожлантириш борасида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.

Шунингдек, вазир Ҳиндистонга даволаниш учун бораётган Ўзбекистон фуқароларига тиббий хизмат кўрсатишнинг янги механизмини жорий этишни таклиф қилди. Ушбу тизим «ягона дарча» тамойили бўйича фаолияти олиб боради ва аккредитациядан ўтган Ҳиндистон тиббиёт муассасаларидан воситачиларсиз ишончли, юқори сифатли хизматларни олиш имконини беради. Бундан ташқари, вазир Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг юқоридаги механизмни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон фуқароларининг Ҳиндистон клиникаларида даволаниш жараёнларини тартибга солиш учун онлайн платформасини ишга тушириш бўйича режалари ҳақида маълумот берди. Шу муносабат билан у икки давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида янги яратилган платформа доирасида ўзаро ҳамкорлик алгоритмларини назарда тутувчи Меморандум имзолаш таклиф қилинди. Шунингдек, Ҳиндистон томони дори воситаларини арзон нархларда таклиф қилувчи давлат «ижтимоий дорихоналар» тизимини яратиш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон — Ҳиндистон бизнес-форуми якунлари бўйича Ҳиндистон бош вазирининг мамлакатимизга ташрифи чоғида Андижон вилоятида лойиҳа қиймати 50 миллион доллар бўлган “Cadilla” компаниясини ташкил этиш, “Medanta” компанияси билан лойиҳанинг тахминий қиймати 5 миллион доллар бўлган Тошкент тиббиёт академияси клиникаси ҳудудида замонавий тиббиёт клиникаси ва қўшма таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш, лойиҳа қиймати 30 миллион долларни ташкил этувчи “Appolo Group” компанияси билан Фарғона вилоятида роботлаштирилган жарроҳлик технологиялари ҳамда юрак, жигар ва буйрак трансплантацияси бўйича кўп функцияли тиббиёт марказини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Яна бир эътиборли жиҳати, мазкур компания Тошкент вилоятида тиббиёт университети ва клиника ташкил этишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Осиё саратон институти билан Қашқадарё вилоятида қиймати 15 миллион долларлик 100 ўринга мўлжалланган замонавий онкология марказини ташкил этишга ҳам келишиб олинди.

Булардан ташқари, Ҳиндистоннинг “Appolo Group”, “LNCT Group”, “Asian Cancer Institute”, “National Heart Institute” ва “Medanta” етакчи тиббиёт университетлари ва марказлари билан ҳар йили Ўзбекистоннинг 50 нафар тиббиёт ходими учун малака ошириш дастурларини амалга ошириш, “LNCT Group”, “NEO Institute of Medical Sciences and Technology Ltd”, “People Hive” каби компаниялари билан эса 2022-2023 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси тиббиёт олий ўқув юртларига 5 минг нафар ҳиндистонлик талабаларни юбориш бўйича келишувга эришилди.

Музокаралар якунлари бўйича томонлар Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзолаш мақсадида 2022-2023 йилларга мўлжалланган соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида кенг қамровли ҳамкорлик дастурини тайёрлашга ҳам келишиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер