Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик

17:17 26 Июль 2022 Сиёсат
662 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Тадбир бошлангандан сўнг Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида таълим соҳасида халқаро ҳамкорлик борасида олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида сўз юритилиб, тақдимотлар қилинди. Соҳада илк ҳамкорликнинг дебочаси сифатида юртимизнинг Афғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилоятида Афғонистон фуқароларини ўқитиш бўйича Таълим маркази ташкил этилиб,  ушбу алоқани янада кенгайтириш мақсадида икки давлат олий таълим вазирликлари ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумига кўра, Афғонистон фуқароларини нафақат Термиз туманидаги таълим марказида, балки бутун Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўқитиш тартиби белгиланди.

Бугунги кунга қадар “Чет эл фуқароларига пуллик таълим хизматлари кўрсатиш тўғрисида”ги шартнома доирасида Тошкент темир йўл муҳандислари институти (ҳозирги Тошкент давлат транспорт университети) Олий таълим дастурлари ўқув маркази ва профессионал таълим муассасалари негизида босқичма-босқич афғонистонлик ёшларга таълим берадиган ўқув курслари йўлга қўйилган. Шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик институти (ҳозирги Тошкент давлат шарқшунослик университети) 60 йилдан ортиқ вақт мобайнида афғон тиллари – пушту, дари, шунингдек, Афғонистон тарихи бўйича мутахассислар тайёрлаб келмоқда. Ҳозирда ушбу таълим масканининг 250 нафарга яқин талаба-ёшлари мазкур тилларни асосий ва иккинчи чет тили сифатида ўрганмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Термиз туманидаги таълим маркази афғон фуқароларини бакалавриат йўналишлари бўйича тайёрлаш билан бир қаторда турли соҳаларда банд бўлган афғонистонлик мутахассислар учун қисқа муддатли курслар ва семинарлар ташкил этиш учун ҳам платформа вазифасини ўтамоқда. Шунингдек, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (“GIZ”) ташаббуси билан Афғонистон
ва Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари учун “Давлатнинг барқарор ривожланишида маъмурий ҳуқуқнинг ўрни” мавзусида, 15 нафар афғон қишлоқ хўжалиги мутахассислари учун “Маъмурий тартиб-қоидалар ва маъмурий суд жараёнлари” мавзусида 2 кунлик семинарлар ва Хитой Халқ Республикасининг Тошкент шаҳридаги элчихонаси молиявий кўмагида “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги қисқа муддатли курсларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД)
ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик лойиҳалари доирасида

Афғонистон фуқароларининг Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари негизида таълим олишига кўмаклашиш бўйича ўтган давр мобайнида қатор таклифлар билдирилиб, уларни амалиётга жорий этиш юзасидан бир қатор ишлар қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги БМТТДдан “Ўзбекистон Республикаси олий таълим дастурини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси кўринишидаги ташаббусни олди. Ўзбекистон
ва Қозоғистонда таълим олиш орқали афғон аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришни мақсад қилган ушбу лойиҳа доирасида
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги БМТТД ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик бўйича бош координатор этиб тайинланди. Лойиҳа ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган маблағ асосида (Ўзбекистонда таълимга 1 млн 285 минг АҚШ доллари ажратилган) амалга оширилмоқда.

Сўнгги даврда бу каби лойиҳалар кўлами ошиб бормоқда. Хусусан, 2022 йил март ойида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Европа Иттифоқи делегацияси ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий миссияси ўртасида “Сурхондарё вилоятининг Афғонистон фуқароларини ўқитиш
ва малакасини ошириш”
деб номланган навбатдаги қўшма лойиҳа фаолияти йўлга қўйилди. Бир йил давомида амалга ошириладиган лойиҳа бюджети 1 миллион еврони ташкил қилади (ЕИ томонидан молиялаштирилади). Йиллик курсларда 100 киши таҳсил олиши, уч ойлик курсларнинг биринчи босқичида 48 киши ўқитилиши, ташаббус доирасида 336 нафар Афғонистон фуқароларини ўқитишни молиялаштириш режалаштирилган. Ҳозирда “Транспорт ва авто таъмирлаш”, “Тикувчилик”, “Компьютер фанлари ва ахборот технологиялари” (веб-ишлаб чиқарувчи), “Агро бизнес ва маркетинг”, “Компьютер фанлари ва ахборот технологиялари” каби таълим дастурлари бўйича 1 йиллик, 3 ойлик касб-ҳунар ўқув курслари ташкил этилмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Таълим сифатини янада яхшилаш доирасида ҳам ушбу икки мамлакатда университетлараро ҳамкорлик йўлга қўйилганлигини кўриш мумкин. Бу жараёнда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат шарқшунослик ва Тошкент давлат транспорт университетлари Афғонистоннинг Балх университети билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Бундан ташқари, 2020/2021 ўқув йилида ҳукуматимиз томонидан Афғонистон фуқароларига қатор олий ўқув юртларида бакалавриат йўналишлари бўйича ўқиш учун 50 та грант ажратилди. Ушбу грант ўринларига 2021 йил март ойида Термизга келган 41 нафар Афғонистон фуқароси танлаб олинди. Улар Термиз туманида тил ўргатиш курсини тамомлаб, 2021/2022 ўқув йилидан ўқишни бошлаш учун республиканинг олтита олий ўқув юртига тақсимланди.

Ўзбекистонда ўқиш истагини билдираётган афғон ёшлари сони йилдан-йилга ошиб бормоқда (таққослаш учун: 2021 йил 15 октябрь ҳолатига кўра, республикамизнинг турли олий ўқув юртларида афғонистонлик талабалар сони 223 нафарни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2020 йилгига қараганда деярли
5 баробарга кўп).

Бугунги бўлиб ўтган форумда икки давлат олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, уларда таълим оладиган афғон ёшлари сонини янада ошириш, шунингдек, ўқув марказларида турли соҳаларда мутахассислар тайёрлаш ва улар малакасини оширишдаги алоқалар истиқболлари муҳокама қилиниб, таклифлар билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?