Ўзбекистон урани Ҳиндистонга экспорт қилинади
Фото: Халқ сўзи
Бугун мамлакатимизда хўжалик юритувчи субъектларнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ва ташқи бозорда уларнинг маҳсулотлари рақобатбардошлигини ошириш иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Шу асосда ўз маҳсулотини юз фоиз экспортга йўналтирувчи «Навоийуран» ДКда бозор конюктурасини доимий таҳлил этиш, ҳамкорлик доиралари ва экспорт географиясини кенгайтиришнинг аниқ чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Шу кунга қадар Япония, Канада, АҚШ, Жанубий Корея каби давлатларга маҳсулот етказиб бераётган корхона эндиликда янги манзил - Ҳиндистонга ҳам ўз экспорт дарвозаларини очади.
Корхонага ташриф буюрган ушбу давлат делегацияси корхона раҳбарияти билан учрашиб, экспорт масалаларини муҳокама қилдилар.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги яқин дўстлик муносабатлари узоқ тарихга эга. Таъбир жоиз бўлса, Ҳиндистонни ўзбек халқи билан кўп асрлик маданий, савдо-иқтисодий ҳамда самимий дўстлик ришталари боғлаб туради. 2019 йилда «Навоийуран» давлат корхонаси ва Ҳиндистон ҳукуматининг «Атом энергияси департаменти» билан имзоланган шартнома эса ушбу ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқди.

— Ҳиндистон дунё иқтисодиётида импортдан кўра экспорт салоҳияти юқори мамлакатлардан бири ҳисобланади, — дейди «Навоийуран» ДК Бош директори Ж. Хасанов. — Ўша камдан-кам экспортёр корхоналар сафида бўлишимиз бевосита мамлакатимиз Президентининг оқилона ташқи сиёсати самарасидир. Албатта, бу жамоамизга катта масъулият юклайди.
Шартномага кўра, «Навоийуран» 2023 йилнинг март ойидан бошлаб стратегик хомашё бўлган табиий уран маҳсулотини Ҳиндистонга экспорт қилишни бошлайди.
Делегациянинг ташрифидан яна бир мақсад эса тайёр маҳсулотни Ҳиндистонга жўнатишдан олдин назорат кўриги ва сифатини лаборатория текширувидан ўтказишдан иборат. Шу мақсадда делегация уран ишлаб чиқариш заводи ва унинг тайёр уран маҳсулотини жўнатиш участкасида бўлишди.
Корхона мутахассислари томонидан улар ишлаб чиқариш ва маҳсулотни экспортга тайёрлаш жараёнлари билан яқиндан таништирилди. Хусусан, Ҳиндистонга жўнатиладиган табиий уранни ҳам кўздан кечиришиб, мутахассисларнинг бу борадаги фаолиятига ижобий баҳо беришди.
Маълумот учун. «Навоийуран» ДК томонидан 2023-2026 йиллар давомида ишлаб чиқарилиши режалаштирилган табиий уран “Itochu”, “Marubeni”, “Cameco”, “KHNP” каби жаҳоннинг етакчи компанияларига экспорт қилиниши бўйича тегишли шартномалар имзоланган.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг