Ўзбекистон U23 Тошкентда ўтган халқаро турнирни иккинчи ўринда якунланди

22:41 28 Июль 2025 Спорт
292 0

Шу йилнинг 22–28 июль кунлари Тошкентдаги ЖАР стадионида футбол бўйича анъанавий “Мираброр Усмонов халқаро хотира турнири” бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон, Япония ва Саудия Арабистони олимпия (U-23) терма жамоалари иштирок этди. Биринчи турда Ўзбекистон терма жамоаси Саудия Арабистонини 3:1 ҳисобида мағлуб этди.

Иккинчи турда Япония терма жамоаси саудияликлар устидан йирик — 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу баҳсда самурайлар ўзларининг юқори даражадаги тайёргарлиги, аниқ тактикалари ва жамоавий ўйинлари билан кўзга ташланишди.

Турнирнинг ҳал қилувчи — финал учрашуви Ўзбекистон ва Япония жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Қизғин ва муросасиз ўтган ўйинда японлар 0:2 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир ғолибига айланишди. Учрашувда киритилган голларга Юдаи Шимамото ва Ален Иноуэ муаллифлик қилди.

Айтиш жоизки, “Мираброр Усмонов халқаро хотира турнири” — ёш футболчилар учун халқаро тажриба орттириш, ўз маҳоратларини намоён этиш ва келажакдаги йирик мусобақаларга тайёргарлик кўришда муҳим майдон ҳисобланади.

Анъанавий равишда ҳар йили ўтказиладиган ушбу турнир — марҳум давлат ва жамоат арбоби, миллий спорт тараққиётига катта ҳисса қўшган Мираброр Усмонов хотирасига ҳурмат рамзи сифатида ташкил қилиб келинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Мираброр Усмонов 2006–2017 йилларда Ўзбекистон футбол федерацияси, 2013–2017 йилларда Миллий олимпия қўмитаси ҳамда 2015–2017 йилларда Марказий Осиё футбол федерацияси президенти сифатида фаолият юритган ва миллий футбол ривожига катта ҳисса қўшган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?