Ўзбекистон темир йўллари: юксалиш ва тараққиёт йўли

15:06 07 Ноябрь 2024 Жамият
342 0

Фото: Сирожиддин Воҳидов, Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Пўлат излар халқ хўжалигининг стратегик тармоқларидан ҳисобланади. Шу боис, улар иқтисодиётнинг қон томирлари билан қиёсланади.

Ўзбекистон ҳудудида темир йўлларнинг ривожланиш тарихи 1874 йилда бошланган. XIX аср 80-йилларининг биринчи ярмида темир йўл Каспий денгизидан бошлаб, Қизил Арват ва Ашхободга, кейинчалик Чоржўйгача, 1888 йилда эса Самарқандга кириб келган.

1906 йилда Оренбург-Тошкент йўналишида темир йўл қурилиб фойдаланишга топширилган.

1994 йил 7 ноябр — Ўзбекистон темир йўлчилари учун ғоятда муҳим бўлган тарихий ҳужжат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компаниясини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига имзо чекилди. Ўша йилдан бошлаб, мамлакат транспорт тизимида янги саҳифа очилиб, тармоқда қурилиш, реконструкция, модернизация қилиш бўйича турли хил йирик лойиҳаларни амалга ошириш бошланди.

2002 йил Узунлиги 341,6 кмни ташкил қилувчи “Навоий—Учқудуқ—Султон Увайстоғ—Нукус” янги темир йўл линияси;

2003 йил Узунлиги 681 метрлик Амударё устидан ўтувчи темир йўл ва автомобил қўшма кўприги;

2007 йил Узунлиги 223 километр бўлган “Тошғузор—Бойсун—Қумқўрғон” темир йўл линияси;

2010 йил Узунлиги 75 километрлик “Ҳайратон—Найбобод—Мозори Шариф” темир йўли;

2016 йил Мамлакат темир йўли тарихидаги улкан лойиҳа, Қамчиқ довони бўйлаб, узунлиги 123,1 км бўлган “Ангрен—Поп” электрлаштирилган темир йўли ҳамда узунлиги 19,2 кмни ташкил қилган “Қамчиқ” темир йўл туннели қурилди.

Ушбу магистрал Фарғона водийси вилоятларини мамлакатимизнинг қолган ҳудудлари билан боғлаб, юртимизда ягона миллий темир йўл тизимини яратиш борасидаги режаларни тўлиқ амалга оширишга замин яратди. Мазкур темир йўл келажакда,“Хитой—Марказий Осиё—Европа” янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади.

Халқ манфаатларига хизмат қилувчи янги лойиҳалар, мамлакат иқтисодиёти ривожига импулс берадиган саноат корхоналари, темирйўл инфратузилмасининг янги қиёфа касб этиши, бир сўз билан айтганда 2016 йилдан бошлаб, темир йўл транспорти ўзининг янги ривожланиш даврига қадам қўйди.

Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан локомотивлар паркини модернизациялаш, янгилаш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Ўтган 30 йил давомида 20 га яқин тепловоз, 120 та замонавий электровоз харид қилиниб, тармоқ локомотив паркидаги тепловоз ҳамда электровозлар сони жами 500 тага етказилди. Бундан ташқари, 6 та юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоездлари юртимизга келтирилиб, бугунги кунда халқимизнинг узоғини яқин қилмоқда.

Йўл хўжалигининг тажрибали мутахассислари, 2017 йилда узунлиги 355 километр бўлган “Бухоро-Мискин” янги темир йўл линиясини қуриб фойдаланишга топширдилар. Илгари Тошкентдан Урганчга борадиган поездлар, “Навоий—Учқудуқ—Мискин” магистрали бўйлаб 1064 км йўл босиб ҳаракатланган бўлса, янги темир йўл йўналиши бу масофани 100 кмга қисқартирди.

Ўтган давр мобайнида 2 минг км янги темир йўл қурилиб, 3 минг км дан зиёд пўлат излар таъмирланди. Ҳозирги кунда келиб, мамлакатимиз темир йўлларининг умумий узунлиги қарийб 7500 км га етказилди.

Ўтган 30 йил мобайнида тармоқда электрлаштириш борасида ҳам салмоқли ишлар бажарилиб, 15 га яқин лойиҳалар амалга оширилиши натижасида, узунлиги 2161 км темир йўл электрлаштирилиб, бундай пўлат изларнинг узунлиги қарийб 3329 кмга етказилди. (1994 йил 1168 км — 2024 йил 3329 км)

Мамлакатимиз темир йўл транспорти кун сайин ривожланиб, қатновлар сони кўпайиши натижасида, йўловчи вагонларга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, “Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи”да бугунги кунда 20 турга яқин янги йўловчи ҳамда техник вагонларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

2001-2024 йилларда корхонада кооперация орқали эҳтиёт қисмларнинг 70 фоизи маҳаллийлаштирилиб, 400 тага яқин янги йўловчи вагони қурилди ва 12500 та йўловчи вагони таъмирланди ҳамда 116 та метрополитен вагонлари модернизация қилиниб, хизмат муддати узайтирилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан соҳа ходимлари томонидан Марказий Осиёда ягона Тошкент ер усти метрополитенига асос солинди.

Бугунги кунда умумий узунлиги 23,7 километр бўлган 14 бекатдан иборат бўлган ер усти ҳалқа метро линияси пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига сифатли хизмат кўрсатмоқда.

2024 йил Давлат раҳбари ташаббуси билан бошланган, Қорақалпоғистон Республикасини Хоразм вилояти билан боғлайдиган, узунлиги 85 км бўлган Шовот—Қораузак янги темир йўл линияси, шунингдек, Амударё устидан ўтувчи 423 метрли темир йўл ва автомобил йўли қўшма кўприги қуриб фойдаланишга топширилди.

Бу йўналишдаги масофани 156 кмга, поездларнинг ҳаракат вақтини эса 2 ярим соатга қисқартириш имконини берган ушбу кўприкдан, кунига ўртача 12 мингта автомобил ва 24 жуфт поезд ҳаракатини амалга ошириши мумкин. Шунингдек, лойиҳага мувофиқ барча қулайликларга эга Гурлан ва Манғит вокзаллари ҳам барпо этилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг замонавий ахборот технологияларини ривожлантириш ва рақамли трансформация қилиш мақсадида IТ-маркази ташкил этилди. Ушбу марказда қисқа вақт мобайнида 10 дан зиёд дастурий таъминот ишлаб чиқарилиб фойдаланишга топширилди.

— Электрон чипта сотиш тизими жорий этилди ва айни пайтда чипталарнинг 72 фоизи электрон шаклда сотилмоқда.

— Ягона диспетчерлик марказида рақамли “Ситуацион марказ” ташкил этилди. Ушбу марказ орқали темир йўл транспорти ҳақидаги ахборотларни геоахборот кўринишида тасвирлаш, аниқлаш, назорат қилиш ва таҳлил этиш ишлари амалга оширилади.

— Юк ташувчиларга қулайлик яратиш мақсадида “Ягона дарча” миллий ахборот тизими яратилди. Ҳозирда маҳаллий юкларнинг 99 фоизи ушбу қулай тизим орқали расмийлаштирилмоқда.

— Рақамлаштириш натижасида асосий темир йўл участкаларининг ўтказувчанлиги 30 фоизга, йўловчи ташиш ҳажми 15 фоизга ошди, эксплуатация харажатлари эса 7 фоизга қисқарди.

— Юк қабул қилувчи ва жўнатувчилар учун божхона ҳужжатларини қисқа вақт ичида расмийлаштириш имконияти яратилди.

— Темир йўл тизими саноат корхоналарида юк ва йўловчи вагонларни ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар шахсан Президентимиз эътиборида бўлмоқда.

Жорий йилда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган Кореянинг “Hyundai-Rоtem” компанияси билан 6 та юқори тезликда ҳаракатланувчи электро поездларини харид қилиш бўйича ўзаро шартнома имзолади. Ушбу замонавий электро поездлар дастлаб “Тошкент—Бухоро—Хива”, кейинчалик эса, “Тошкент—Бухоро—Нукус” йўналишида ҳаракатланади.

Минтақамиздаги иқтисодий ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган “Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш борасида муҳим ҳужжат имзоланди. Бу эса келажакда мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини оширади ҳамда Хитойни мамлакатимиз билан боғловчи қуруқликдаги энг қисқа йўлга айланади.

Темир йўл соҳасида замонавий билим ва илғор технологияларга эга ёш мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жамият тасарруфидаги таълим муассасалари ҳамда Тошкент давлат транспорт университетини ҳар йили 3 минг нафарга яқин мутахассис битириб, темир йўл транспортининг турли корхона ва ташкилотларида иш билан таъминланмоқда. Бундан ташқари, охирги 8 йилда Россия, Германия, Австрия, Корея ва бошқа давлатларнинг темир йўл соҳасидаги нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олиб келган 700 нафарга яқин ёш мутахассисларнинг барчаси тўлиқ иш билан таъминланди.

Бугунги кунда барча соҳалар қатори темир йўл тизими олдида ҳам ўта долзарб вазифалар турибди.

Кўп миллатли ва ҳамжиҳат “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти жамоаси ўзининг фидокорона меҳнати, бой тажрибаси ва бунёдкорлик салоҳияти эвазига олдинга қўйилган ушбу вазифаларни виждонан ва ўз муддатида бажаради.

Фото: Сирожиддин Воҳидов, Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?