Ўзбекистон — Қозоғистон: буюк шоирлар ижодини ўрганиш халқларни яқинлаштиради

18:28 03 Ноябрь 2020 Сиёсат
654 0

2020 йил 3 ноябрь куни буюк шоир ва олим Алишер Навоийнинг «Хамса» асарини қозоқ тилида ва буюк қозоқ мутафаккири Абай асарларини ўзбек тилида нашр этишга бағишланган халқаро онлайн-конференция бўлиб ўтди. Конференция Қозоғистон Республикасида ўзбек тили кунини нишонлаш доирасида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Танзила Нарбаева, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенатининг Раиси Маулен Ашимбаев, икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари аъзолари, хорижий мамлакатлар элчилари, таниқли адабиётшунос олимлари, таржимонлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Қозоғистонни азалдан қардошлик ва дўстлик ришталари боғлаб туришини таъкидладилар. Икки халқ бир ҳудудда, бир хил тарихий шароитда шаклланган ва камол топган. Бугунги кунда мамлакатларимиз раҳбарлари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Касим-Жомарт Токаевнинг шахсий саъй-ҳаракатлари, шунингдек, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар ривожланиши туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилди.

Турли замонларда яшаб, фаолият юритган Навоий ва Абайнинг ижодини умуминсоний қадриятларга садоқат, инсонпарварлик ва эзгулик руҳи бирлаштирганлиги таъкидланди. Бугун ушбу буюк шоирлар, файласуфлар ва жамоат арбобларининг бебаҳо меросини биргаликда ўрганиш мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш имкониятини бермоқда. Жумладан, буюк шоир ва олим Алишер Навоийнинг «Хамса» китобининг қозоқ тилида ва буюк қозоқ мутафаккири Абай асарларининг ўзбек тилида нашр этилиши икки қардош халқни янада яқинлаштириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Тадбир давомида Ўзбекистоннинг Халқаро Туркий Академияга қўшилиш имкониятларига алоҳида урғу берилди. Шу муносабат билан Қозоғистон томони ушбу нуфузли халқаро академия 40 га яқин илмий тадқиқот институтлари, туркология марказлари билан алоқалар ўрнатганини таъкидлади. Ҳозирда Академия 100 га яқин хорижий туркшунос олимлар иштирокида лойиҳа амалга оширмоқда. Мазкур мулоқот ҳам шу йўлда қўйилган муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Қозоғистон парламенти вакиллари қозоқ халқи Навоий ижоди билан яхши танишлигини таъкидладилар. Зеро, қуёш барча учун умумий бўлганидек, шоир ва ёзувчиларнинг асарлари ҳам бутун инсониятнинг умумий меросидир.

Тадбир якунида буюк шоир ва олим Алишер Навоийнинг қозоқ тилидаги «Хамса» китоби ва буюк қозоқ мутафаккири Абай асарларининг ўзбек тилидаги тақдимоти бўлиб ўтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?