Ўзбекистон Президенти Европа Кенгаши Президенти билан музокара ўтказди
2 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Чўлпонота шаҳрига ташриф буюриб, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи саммити доирасида Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва минтақавий форматда амалий ҳамкорликни ривожлантиришга оид масалаларнинг кенг доираси кўриб чиқилди.
Еврокенгаш Президенти Шарль Мишель давлатимиз раҳбарини Конституция бўйича референдумнинг натижалари билан самимий қутлаб, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас демократик янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотлар дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди ҳамда бўлажак муҳим сиёсий тадбирлар муваффақиятли ўтишини тилади.
Томонлар 2022 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларга мувофиқ икки томонлама мулоқот ва алмашинувларда юқори суръат кузатилаётганини мамнуният билан қайд этдилар.
Ушбу даврда Ўзбекистонда Минтақавий ўзаро боғлиқлик бўйича биринчи конференция, навбатдаги Фуқаролик жамияти форуми ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши муваффақиятли ўтказилди.
Ўзбекистоннинг ЕИ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми жорий йил бошидан буён 70 фоизга ошди. Европанинг етакчи компаниялари иштирокида мамлакатимиз иқтисодиётининг юқори технологик тармоқларидаги инвестиция лойиҳалари портфели 20 миллиард евродан ортди.
Ўзбекистон ва ЕИ етакчилари икки томонлама савдони диверсификация қилиш ва ҳажмини ошириш, “GSP+” имтиёзли савдо тизимининг амал қилиш муддатини узайтириш, самарали транспорт йўналишлари, энг аввало, Транскаспий транзит йўлагини ривожлантириш, “яшил” энергетика, инновациялар ва юқори технологиялар, рақамлаштириш, экология, таълим, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида тўхталдилар.
Минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларни ва ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг