Ўзбекистон парламент делегациясининг Венгрияга ташрифи якунланди

09:16 04 Декабрь 2025 Сиёсат
88 0

Жорий йилнинг 1-3 декабрь кунлари Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги парламент делегацияси Венгрияда расмий ташриф билан бўлди.

Ташриф доирасида парламент делегацияси Венгрия Президенти Тамаш Шуёк билан учрашув ўтказди. Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг сўнгги йилларда сезиларли даражада ривожланиб бораётгани, ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларнинг стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди. Шунингдек, 2026 йил Ўзбекистон ва Венгрия маданият, фан ва инновациялар йили деб эълон қилиниши муносабати билан икки мамлакатда ўтказиладиган йирик тадбирлар режаси ҳам муҳокама қилинди.

Делегация Венгрия Миллий Ассамблеяси Раиси Ласло Кёвер билан ҳам учрашди. Парламентлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани, савдо ҳажмининг барқарор ўсиши, қўшма инвестиция лойиҳалари, саноат кооперацияси ва маданий-гуманитар алоқаларнинг кенгайиши алоҳида қайд этилди. Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Венгрия Миллий Ассамблеяси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

Делегация аъзолари «Ўзбекистон-Венгрия» бизнес тадбирида иштирок этди. Тадбир доирасида Венгриянинг HEPA агентлигининг Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича ваколатхонаси расман ўз фаолиятини бошлади. Мазкур агентлик Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Ташриф мобайнида парламент делегацияси Венгриянинг йирик 4iG компанияси бошқарув кенгаши раиси Геллерт Ясзаи билан ҳам учрашди. Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция ва технология лойиҳалари, IT инфратузилмаси, телекоммуникация, космик технологиялар, рақамли хизматлар ва сунъий йўлдош кузатуви масалалари муҳокама қилинди. Қўшма лойиҳаларни давом эттириш ва ахборот алмашувини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Делегация аъзолари Будапештдаги йирик фармацевтика корхоналари, иқтисодий инфратузилма билан ҳам танишиш имконига бўлди.

Шунинг билан Ўзбекистон парламент делегациясининг Венгрияга расмий ташрифи якунланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер