Ўзбекистон Орол экотизимини тиклаш учун ICBA билан ҳамкорликни йўлга қўйди

21:00 11 Февраль 2025 Жамият
279 0

Инновацион ривожланиш агентлиги Орол денгизи қуриган туби экотизимини тиклашда Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) билан ҳамкорликни йўлга қўйди.

Айни пайтда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турган Агентлик делегацияси ICBA билан Англашув меморандумини имзолади.

Ушбу келишув доирасида томонлар ўртасида илмий ва илмий-техник маълумотлар, материаллар, нашрлар ва бошқа тегишли маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади. Шунингдек, ўзбекистонлик ёш олимлар ва тадқиқотчилар учун илмий стажировкалар ташкил этилиши, соҳадаги илмий салоҳиятни ошириш ва касбий ривожланиш имкониятлари яратилиши режалаштирилган.

Орол денгизи қуриган туби экотизимини тиклаш йўналишида ҳамкорлик масалалари ICBA тадқиқот маркази раҳбари Тарифа Алзааби билан бўлиб ўтган учрашувда атрофлича муҳокама қилинди.

Агентлик делегацияси хизмат сафари давомида ICBAнинг тажриба майдонларида олимлар томонидан амалга оширилган тадқиқотлар билан танишди. Шунингдек, Амирликлардаги тупроқ музейи (Emirates Soil Museum), қурғоқчилик, иссиқлик ва шўрланишга чидамли ўсимлик турларининг гермплазмасини ўрганишга ихтисослашган дунёдаги энг йирик коллекциялардан бири ҳисобланган ноёб генбанк фаолиятини ҳам кўздан кечиришди.

Маълумот учун: Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) 1999 йилда ташкил этилган халқаро, нотижорат қишлоқ хўжалиги амалий тадқиқот маркази ҳисобланади. У дунёнинг 50 дан ортиқ ҳамкорлари, жумладан, ҳукумат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қилади. ICBA шўрланган ерларга эга бўлган ҳудудларда қишлоқ хўжалигининг барқарорлигини оширишда муҳим роль ўйнаб, озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилашга ҳисса қўшмоқда. Унинг тадқиқотлари 30 дан ортиқ мамлакатларда қўлланилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?