Ўзбекистон Нотариал палатаси: амалиёт, халқаро тажриба ва эътироф
22 январь куни Ўзбекистон Нотариал палатаси ташкил этилганига 6 йил тўлди. Хўш, ушбу йиллар мобайнида Палатанинг ташкил этилиши ўзини оқладими?
Аввало, Палата аъзолари сони сезиларли даражада ошди. Ташкил этилган дастлабки даврда 800 нафарга яқин нотариусни бирлаштирган Палата бугунги кунда 1123 нафар хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларни қамраб олмоқда. Барча аъзоларнинг тўлиқ фуқаролик жавобгарлиги суғурталанган.
Нотариусларнинг касбий билим ва кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти орқали ҳар уч йилда малака ошириш тизими йўлга қўйилган бўлиб, соҳадаги қонунчилик янгиликлари мунтазам ўргатиб борилмоқда.
Шунингдек, нотариусларнинг хорижда малака ошириш амалиёти кенг йўлга қўйилди. Шу давр мобайнида 200 нафарга яқин нотариус халқаро конференция, семинар ва курсларда иштирок этиб, тажриба алмашиб қайтди. 7 нафар нотариус Халқаро нотариуслар иттифоқи университетида таҳсил олиб, тегишли сертификатларга эга бўлди.
Бугунги кунда 20 нафардан ортиқ нотариус юридик фанлар бўйича фалсафа фанлари доктори (PhD) унвонини олган, 10 нафардан ортиқ нотариус эса илмий даража олиш устида изланиш олиб бормоқда.
Палата ташкил этилган илк кунларданоқ халқаро майдонга чиқиш, нотариат тизимини замонавий ва илғор тизимга айлантириш ҳамда мамлакат нуфузини ошириш йўлида изчил фаолият олиб бормоқда. Бу борада халқаро йўналишда амалга оширилган ишлар алоҳида эътирофга лойиқ.

Халқаро эътироф
2021 йил декабрда Ўзбекистон Нотариал палатаси Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлди, 2023 йил февралда Палата раиси Дилшод Ашуров Халқаро нотариуслар иттифоқининг Халқаро нотариал ҳамкорлик комиссияси аъзоси этиб сайланди. 2023 йил июлда эса у 2024 йил учун Халқаро нотариуслар иттифоқининг Осиё ишлари бўйича Кенгаши президенти этиб сайланди. Дилшод Ашуров 2023 йил ноябрда Халқаро нотариуслар иттифоқи Бош Кенгаши аъзоси бўлди, 2025 йил декабрда эса Халқаро нотариуслар иттифоқи Бошқарув қўмитаси аъзолигига сайланди.
Айни пайтда Ўзбекистон Нотариал палатаси Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлган 75 та давлат билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Германия, Франция, Хитой, Россия, Бразилия, Туркия, Қозоғистон ва бошқа қатор давлатлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Шунингдек, Палата ташаббуси билан Туркий тилли давлатлар нотариал палаталари ташкилоти тузилиб, ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Хитой Халқ Республикаси билан “Бир макон — бир йўл” ташаббуси доирасида ҳамкорлик меморандуми қабул қилинди. Бу келишувлар илғор хорижий тажрибани жорий этиш ва ўзбек нотариати тажрибасини халқаро миқёсда оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
2023–2025 йилларда Ўзбекистонда халқаро даражада 6 та йирик конференция ўтказилиб, қарийб 3 минг нафар хорижлик нотариус мамлакатимизга ташриф буюрди. Бу эса нафақат нотариат соҳаси, балки туризм ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатди.
Ўзбекистон нотариуслари юздан ортиқ халқаро конгресс, конференция ва симпозиумларда иштирок этиб, илғор тажрибаларни ўрганди ҳамда соҳани ривожлантириш бўйича қатор таклифлар киритди.

Қонунчилик йўналишида сўнгги йилларда Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда нотариат тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим қадамлар қўйилди. Натижада нотариал хизматлар сифати ошди, қонунийлик мустаҳкамланди ва аҳолининг нотариуслар фаолиятига бўлган ишончи юксалди.
2020 – 2025 йилларда Палата томонидан қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан 750 та таклиф берилди. Улардан 91 таси кодексларга, 196 таси қонунларга, 463 таси бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тааллуқлидир.
2024 ва 2025 йилларда Шаҳрисабз ва Наманган шаҳарларида Ўзбекистон нотариусларининг I ва II Миллий конгресслари ўтказилиб, мерос ва кўчмас мулк соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
2025 йил 9 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори нотариат хизматларида янги даврни очди.
Ушбу ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 мартдан бошлаб нотариуслар низосиз фуқаролик ҳуқуқий талаблар бўйича ижро ёзувларини мустақил расмийлаштириш ҳуқуқига эга, БҲМнинг 1000 баробаригача бўлган миқдорига тенг суммалар учун қарз ва тўловларни судсиз талаб қилиш мумкин бўлади. Бу нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаблар, гаровга қўйилган ҳаракатланувчи мулк бўйича қарзлар (хатлар ва битим мавжуд бўлса), ижара ва коммунал тўловлар, кўп қаватли уйлар аҳолиси билан боғлиқ тўловлар каби талабларга тегишли. Бу орқали фуқаролар узоқ суд жараёнларидан қочиб, адолат тезроқ тикланишини таъминлайди. Шунингдек, нотариуслар учун хизмат муддати 65 ёшдан 70 ёшгача узайтирилди ва хоҳлаган нотариус малака баҳолашдан сўнг 70 ёшгача фаолиятини давом эттириши мумкин.
Шунингдек, Президентимиз қарори билан 2025 йил 1 декабрдан бошлаб никоҳ шартномалари ва бошқа нотариал тасдиқланган битимларнинг оригиналлари талаб қилинмайди — нусхалари “Notarius” тизимига юкланади. Аудио ва видеоёзувлар автоматик равишда иш юритишга бириктирилади. 2026 йил 1 январдан фуқаролар нотариал идорага паспорт ёки ID-картани олиб келишлари шарт эмас; шахс биометрия ва ҳужжат реквизитлари орқали аниқланади. 2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк битими рўйхатга олинганидан сўнг янги эгаси ҳақидаги маълумот коммунал хизматлар тизимига автоматик узатилади. Бундай ўзгаришлар фуқаролар ҳаётини енгиллаштиради ва ҳуқуқларини юқори даражада ҳимоя қилади.

Тарғибот ва аҳоли билан мулоқот йўналишида ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Telegram, Facebook, YouTube ва Instagram орқали онлайн маслаҳатлар, жонли эфирлар ташкил этилган. Бугун ушбу платформаларда аҳолига мунтазам ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда ва фуқароларнинг ҳуқуқий билими ошишига кўмаклашилмоқда. Палата қошида ташкил этилган “Фаол нотариуслар” гуруҳи томонидан юқоридаги Чат ва саҳифаларда ўзбек ва рус тилларида онлайн ҳуқуқий тушунтиришлар бериб борилмоқда. Нотариуслар, шунингдек, “Facebook” ижтимоий тармоғида жонли эфирда ҳар куни эфирга чиқишлари ташкил этилган бўлиб, аҳоли ўзини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олиши таъминланган.
2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, “Мадад” ННТ ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда ўтказилган 20 дан зиёд акцияларда иштирокчиларга тарқатиш ва аҳолининг ҳуқуқий билимини юксалтиришга кўмаклашиш мақсадида ҳаётий муҳим саволларга мутахассислар жавобларини ўз ичига олган 6 та “Савол беринг – жавоб берамиз” деб номланган брошюра босмадан чиқарилди. Китобхонлар учун оммабоп “Нотариус кундалиги” китоби чоп этилди.
2021 йилдан Палата муассиси бўлган “Нотариус маслаҳати” газетаси чоп этилмоқда.
Ижтимоий ташаббуслар ва аҳоли билан ишлаш тизими ҳам такомиллаштирилди. 5 йил давомида 18 966 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг аксарияти бўйича ижобий ечимлар топишга эришилди. Ҳозирда мурожаатлар сони камайгани тизим самарадорлигидан далолат беради.
Нотариал палата ижтимоий лойиҳаларни тизимли амалга ошириб келмоқда. Охирги йилларда юздан ортиқ акциялар ўтказилиб, минглаб фуқароларга бепул юридик маслаҳатлар берилди. Мобил чиқишлар орқали аҳолига масофадан бепул нотариал қабуллар ташкил қилинди.

Кадрлар тайёрлаш йўналишида мамлакатдаги барча юридик таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. “Бўлажак нотариуслар клуби” фаолият юритиб, 2000 нафарга талаба нотариал идораларда амалиёт ўтамоқда.
Ўтган йиллар давомида Нотариал палата фаолияти, Палата раҳбарияти ва ходимлари республика даражасидаги бир қуйидаги мукофотлар билан тақдирланган. Хусусан, 2021 йилда палата “Энг намунавий жамоат бирлашмаси”, 2022 йилда эса “Энг фаол ННТ” дея эътироф этилди. 2023 йилда “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш учун мукофот” билан тақдирланди. 2024 йил палатанинг икки нафар ходими “Ҳуқуқий тарғиботи аълочиси”, бир нафар ходими “Адлия аълочиси” кўкрак нишони соҳиби бўлди. 2025 йилда яна бир бир ходим “Адлия аълочиси” кўкрак нишонига лойиқ топилди.
Бу мукофотлар нотариатнинг қонунийлик ва фуқароларга хизматдаги аҳамиятини намоён қилади.
Ўзбекистон Нотариал палатасининг 6 йиллик фаолияти шуни кўрсатадики, қисқа вақт ичида у замонавий, очиқ ва самарали институт сифатида шаклланиб, нотариат тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Кадрлар салоҳиятининг ошиши, қонунчиликни такомиллаштиришдаги фаол иштирок, халқаро майдондаги нуфузли ўрин, рақамлаштириш жараёнларининг жадал кечаётгани ва аҳоли билан самарали мулоқот йўлга қўйилгани бунинг яққол исботидир.
Энг муҳими, нотариал хизматлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай, тезкор ва ишончли бўлди. Олдинда турган вазифалар — рақамли нотариатни тўлиқ жорий этиш, халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ҳуқуқий хизматлар сифатини ошириш — Палатанинг келгуси фаолияти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг