Ўзбекистон мажбурий меҳнатга қарши курашишда муваффақиятга эришиш бўйича жаҳонга намуна бўлмоқда
Вашингтонда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси халқаро бизнес бўйича АҚШ Кенгаши майдонида Cotton Campaign коалициясининг «пахта бойкоти» бекор қилингани билан боғлиқ брифинг ўтказди.
Унда “Hanesbrands”, “Wallmart”, “Home Depot”, “Target” чакана савдо гипермаркетлари тармоқлари, АҚШ тўқимачилик компаниялари манфаатларини ифодаловчи юридик ва лоббичилик тузилмалари, “Crowell & Moring”, “Seyfarth Shaw”, “Arnold & Porter”, “Braddon Group” каби етакчи брендлар вакиллари иштирок этди.
“Walmart” АҚШ ва дунёдаги енг йирик чакана савдо тармоқларидан биридир. Компаниянинг АҚШнинг ўзидаги йиллик айланмаси тахминан 523 млрд долларни ташкил этади, шундан 23 млрд доллар тўқимачилик ҳисобига тўғри келади. Ушбу соҳадаги “Target” ва “Home Depot” кўрсаткичлари мос равишда тахминан 12 млрд доллар ва 10 млрд долларни ташкил этади.
Брифинг иштирокчиларига мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича институционал асослар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини мустаҳкамлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида, пахта йиғим-терими жараёнини механизациялаш ва кластер тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Пахта йиғим-терими жараёнини мустақил мониторинг қилиш, ХМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар, хорижий ва маҳаллий ННТ билан фаол ҳамкорлик қилиш имкониятларини тўлиқ таъминлашга эътибор қаратилди. Ўзбекистон кластер тизими доирасида меҳнат амалиёти бўйича тўлиқ шаффофлик ва ишлаб чиқариш циклининг барча босқичларини кузатиш мумкин бўлган замонавий корхоналарни яратиш бўйича саъй-ҳаракатлар тушунтирилди.
Брифингда иштирок этган USCIB вице-президенти Габриелла Херзог Ўзбекистон мажбурий меҳнатга қарши курашишда муваффақиятга эришиш бўйича жаҳонга намуна бўлаётганини, бу 2022 йил май ойида бўлиб ўтган Болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича 5-глобал конференцияда мамлакат тажрибасини намойиш этаётганини кўрсатди.
USCIB вакили ХМТ билан ҳамкорликда “Better Work” дастурининг Ўзбекистонда амалга оширилишини олқишлади. Унинг фикрича, ушбу дастур нафақат иш шароитларини яхшилаш, балки глобал тўқимачилик маҳсулотлари етказиб бериш глобал тизимларида рақобатбардошликни кучайтириш имконини беради.
Ўз навбатида, ХМТ Вашингтон офиси директори Кевин Кассиди 2021 йилда пахта йиғим-теримини мониторинг қилиш натижалари ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистонда тизимли мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилганини, пахта теримчилари учун тўловлар миқдори сезиларли даражада оширилганини, уларнинг жамоа шартномаларида иштирок этиш имкониятлари таъминланганини, мониторинг жараёнига фуқаролик жамияти жалб этилганини тасдиқлади. ХМТ вакили респондентларнинг 83 фоизи меҳнат шароитлари сезиларли даражада яхшиланганлигини қайд этди.
АҚШ ишбилармон доиралари орасидан тадбирда иштирок этганлар ҳам Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатга барҳам бериш соҳасидаги ютуқларини мамнуният билан қарши олди. Дунёдаги энг йирик гипермаркетлар тармоқларидан бири “Wallmart«нинг ҳукумат билан алоқалар бўйича менежери Анбин Фан қисқа вақт ичида кўрилган чора-тадбирлар кўлами ҳайратда қоларли эканини таъкидлади. «Ўзбекистон тўқимачилик саноати соҳасида дунёда етакчи ўринни эгаллаш учун улкан салоҳиятга эга», – деди АҚШ компанияси вакили.
Брифинг давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга, жумладан, Ўзбекистон тўқимачилик кластерларининг ишлаб чиқариш занжирида, уларнинг вертикал интеграция, тайёр тўқимачилик маҳсулотларининг логистикаси ва экспорт бозорлари тизимида хизмат кўрсатишни таъминлашнинг мавжуд механизмлари тўғрисида ҳам изоҳлар берилди.
1945 йилда халқаро ташкилотлар, хорижий ва Америка давлат идораларида АҚШ компаниялари манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун таъсис этилган Халқаро бизнес бўйича АҚШ Кенгаши (USCIB) 1500 дан ортиқ жаҳон брендлари ва ретейлерларини бирлаштирувчи Америка кийим ва пойабзал уюшмаси (AAFA) ҳамда АҚШ Мода индустрияси уюшмаси (USFIA) билан бирга Қўшма Штатлардаги учта йирик нодавлат ташкилотлардан бири ҳисобланади, улар АҚШнинг ўзида 350 млрд АҚШ долларидан ортиқ миқдорда тўқимачилик маҳсулотлари сотувининг йиллик ҳажмини таъминлайди. USCIB халқаро савдо, инвестициялар, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ишчилар ҳуқуқлари эркинлиги билан боғлиқ масалаларда АҚШ корхоналарининг манфаатларини ҳимоя қилади. USCIB 300 дан ортиқ трансмиллий корпорацияларни, йирик юридик фирмалар ва бизнес уюшмаларини бирлаштиради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Барселона» Ла Лигада навбатдаги ғалабасини қўлга киритди
- Саида Мирзиёева Доҳадаги кино фестивалга ташриф буюрди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг