Ўзбекистон — Малайзия: парламентлараро ҳамкорлик янада ривожланади

14:10 02 Май 2023 Сиёсат
423 0

2023 йил 28 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Малайзия парламенти Вакиллар палатаси Спикери Жохари бин Абдул бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Мулоқот аввалида Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар, Бош қомусга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Учрашувда сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, Президентимизнинг сиёсий иродаси ва ташаббуси билан давлат бошқарувида парламентнинг роли кучайтирилаётгани, иқтисодий-ижтимоий йўналишларда жиддий ўзгаришларга қўл урилаётгани қайд этилди. Мамлакатда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар замирида «инсон қадри учун», «халқ манфаати ҳар нарсадан устун» деган ғоя ётгани таъкидланди.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси фаолияти, норма ижодкорлиги, сиёсий партиялар фракциялари ва қўмита иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди.

Ўзаро ишонч руҳида кечган учрашувда кейинги йилларда икки томонлама муносабатларнинг босқичма-босқич ривожланиб бораётгани, мамлакатларимиз ўртасида сиёсий ва иқтисодий соҳадаги мулоқотларнинг фаоллашгани ижобий баҳоланди.

Мулоқотда парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, инновацион технологиялар ва туризм соҳасидаги ўзаро алоқаларни янада жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўз навбатида, Малайзия парламенти Вакиллар палатаси Спикери Ж.Абдул самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.

— Янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкамлаб қуйилаётгани, аҳолининг хоҳиш-иродаси, берган таклифлари акс этгани, фуқароларнинг фаровон яшашига, давлатнинг барқарор ривожланишига хизмат қиладиган нормалар киритилгани эътирофга лойиқ, — деди Ж.Абдул. — Ўйлайманки, ўзбек халқи демократиянинг бир кўриниши бўлган референдумда ўз жавобини айтади ва янгиланаётган Конституциянинг нормаларини қўллаб-қувватлайдиСамимий ва конструктив руҳда ўтган учрашувда томонлар парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?