«Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси стипендияси» жорий этилади

17:08 01 Март 2021 Спорт
1514 0

Яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясида Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда мазкур соҳага алоқадор вазирликлар, жамоат ташкилотлари ҳамда ижодий уюшмалар ўртасида Тармоқ келишувларини имзолашга бағишланган тадбир ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, «Ўзбеккино» давлат унитар корхонаси, Бадиий академия раҳбарлари ва мутасаддилари, тармоқ касаба уюшмаси фаоллари, маданият, спорт ва санъат соҳаси намоёндалари ва фахрийлари қатнашдилар. Тадбирда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳам иштирок этди.

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатимизда барча соҳаларда бўлганидек, маданият, спорт ва туризм соҳаларида ҳам изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мазкур жараёнларда касаба уюшмалари фаоллигини ошириш, маданият, спорт ва туризм соҳасида меҳнат қилаётган ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида 2020 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ташкил этилган эди.

Қисқа вақт ичида мазкур тармоқ касаба уюшмаси ўз сафига 1 173 та бошланғич ташкилотни ҳамда тармоқ ташкилот ва муассасаларида меҳнат қилаётган 91 минг 329 нафар маданият, спорт ва туризм соҳалари ходимларини бирлаштиришга муваффақ бўлди.

Ҳамкорлик алоқаларининг натижаси ўлароқ, бугунги тадбирда тармоқни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, меҳнат шартлари ва унга ҳақ тўлаш, тармоқ ходимларининг ижтимоий кафолатларини белгилаб берувчи Тармоқ келишувлари имзоланишига эришилди.

Таъкидлаш жоиз, қабул қилинган тармоқ келишувларига маданият, кино ва тасвирий санъат тизимида фаолият олиб бораётган ходимларни рағбатлантириб бориш, соҳага малакали мутахассисларни жалб этиш мақсадида меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш, ходимларга уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашиш, соҳа вакилларининг халқаро лойиҳалардаги иштирокини таъминлаш орқали тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйиш каби долзарб масалалар киритилган.

Шунингдек, Тармоқ келишувларига кино саноати, номоддий маданий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган халқ ижодиёти, тасвирий санъат йўналишларидаги энг ёрқин асарларни халқаро ареналарга олиб чиқиш тизимини жорий этиш, ҳар йили туризм соҳасида илғор натижаларга эришган ходимларга ҳордиқ чиқариши, соғлиғини тиклаши учун касаба уюшмалари сиҳатгоҳларига имтиёзли йўлланмалар ажратиш, маданият ва санъат соҳаси ходимлари учун соғломлаштириш марказини ташкил этиш, маданият ва санъат йўналишидаги олийгоҳлар талабаларининг хорижий давлатлардаги нуфузли олий ўқув юртларида ўқув амалиётини ўтишларига эришиш каби масалалар киритилган.

Бундан ташқари, умидли ва иқтидорли ёшларни оталиққа олиш, уларнинг дунё саҳнасига чиқишига биргаликда кўмак бериш, ўқув йили давомида муваффақиятларга эришган энг иқтидорли ва ижтимоий-иқтисодий кўмакка муҳтож талабалар учун «Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси стипендияси»ни жорий этиш йўналишларидаги ишларни амалга оширишга ҳам келишиб олинди.

Тармоқ касаба уюшмаси ва тегишли вазирлик ҳамда ташкилотлар ўртасида имзоланган Тармоқ келишувларининг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, уларда кўп йиллар мобайнида меҳнат қилиб, халқ эътиборини қозонган, юртимиз маданияти ва санъати ривожига улкан ҳисса қўшган устоз ва фахрийларга эътиборни кучайтириш, ғамхўрлик ва эъзоз кўрсатиш масалалари ҳам ўз аксини топган. Хусусан, тармоқ келишувларига мувофиқ волонтёрларни жалб этган ҳолда якка-ёлғиз юртдошларимиз ҳолидан хабар олиш, туғилган кун ва касб байрамларида фахрийларни муносиб тақдирлаш, улар ҳаётидаги ижтимоий-маиший муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш, тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштириш мақсадида «Фахрийлар поездлари»ни ташкил этиш шулар жумласидан.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида эса Халқаро марафонлар, халқаро экомарафонлар, авторалли ва мотокросс спорт мусобақаларини тизимли ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш, қишки Олимпия спорт турлари инфратузилмасини яратиш, ушбу спорт турларини оммалаштириш, миллий спорт турларини ривожлантириш ва оммавийлигини ошириш, уларни Осиё ва Олимпия ўйинлари дастурларига киритиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш, миллий спорт турларини чет элларга кенг тарғиб қилиш ва танитиш мақсадида ҳар бир ҳудудда томошабоп спорт ўйинлар ташкил этиб, сайёҳларни ўйинларга жалб қилиш каби вазифалар белгиланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер