Ўзбекистон Либерия ва Того билан дипломатик алоқалар ўрнатди

17:53 27 Сентябр 2024 Сиёсат
423 0

Фото: Бахтиёр Саидов / Telegram

Ўзбекистон Африка қитъасидаги яна икки давлат — Либерия ва Того билан дипломатик алоқаларни ўрнатди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов ўз Telegram каналида маълум қилди.

Билдирилишича, Саидов бугун, 27 сентябрь куни Либерия Ташқи ишлар вазири Сара Бейсолов Нянти билан биргаликда қўшма коммюнике имзолаган.

«Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари келгусидаги ҳамкорликнинг дастлабки кун тартибини мувофиқлаштириш ва ишлаб чиқишга келишиб олдик», деб ёзди вазир.

Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Того Республикасидан келган ҳамкасби Робер Дюссе билан ҳам давлатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги қўшма коммюнике имзолаганини маълум қилган.

«Шубҳасиз, Африка қитъаси давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун катта имкониятларимиз мавжуд», дейди Саидов.

Бу орқали Того ва Либерия мос равишда, Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 154- ва 155-давлат бўлди.

Аввалроқ Бурунди Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 152-, Ботсвана эса 153-давлат давлат бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Айтиш жоиз, айни кунларда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Кабо-Верде ва Сейшел ороллари ТИВ раҳбарлари билан ҳам дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида қўшма коммюникени имзолаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?