Ўзбекистон кубоги соҳиби Туркманистон чемпионини сафарда мағлуб эта оладими?

Бугун, 17 сентябрь куни “Андижон“ клуби Осиё чемпионлар лигаси II мусобақасидаги юришини бошлайди. “Бургутлар“ дастлабки турни ўтган мавсум бўлиб ўтган AFC Чақирув Лигаси мусобақасининг амалдаги чемпиони Туркманистоннинг “Аркадагʼ” клубига қарши ўтказади.
Келинг, ушбу жамоа ҳақида бироз тўхталиб ўтамиз:
Тарихи
“Аркадагʼ” клуби узоқ тарихга эга клуб эмас. Жамоа 2023 йилнинг 1 апрель санасида ташкил топган. Клуб номи Туркманистондаги янги шаҳар “Аркадагʼ” номига қўйилган.
“Аркадагʼ” сўзи эса ўзбек тилига “қаҳрамон ҳимоячи“ деб таржима қилинади. Ушбу ном одатда Туркманистон Республикаси президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга нисбатан ишлатилади.
Стадиони
Жамоа ўз уй учрашувларини “Аркадагʼ” шаҳрида жойлашган “Аркадагʼ” стадионида ўтказади. Ушбу майдон ўз бағрига 10 мингдан зиёд мухлисни сиғдира олади.
Афсуски, жамоанинг майдони айни вақтда жуда ёмон ҳолатда. Одата бизнинг клублар Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига қарши сунъий қопламали майдонларда ўйнашига тўғри келишидан нолийди. Бугунги ўйин сунъий қопламали майдонда ўтмайди, аммо ушбу майдоннинг ҳозирги ҳолати сунъий қопламали майдонларникидан ҳам ёмонроқ.
Осиё Футбол Конфедерацияси одатда футболи ривожланмаган мамлакатларга халқаро мусобақалар мезбонлигини бераётганда анча-мунча камчиликларга “кўз юмади“. Бу гал ҳам шундай бўлди, катта эҳтимол.
Жамоа эришган ютуқлари
Клуб 2 карра Туркманистон чемпиони, 2 карра Туркманистон кубоги соҳиби ҳисобланади. Жамоа ташкил этилган биринчи йилдаёқ Туркманистон чемпионлигини қўлга киритишни уддалади. Клуб 2023 йил Туркманистон “Юқори лига“сида ўтказилган 24 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозонган ҳолда чемпионликни қўлга киритди. Ўтган йили ҳам жамоа миллий чемпионатни мағлубиятсиз серия билан якунлашни уддалади. “Аркадагʼ” мусобақа якунланишига 5 та тур қолганда чемпионликни расмийлаштириб бўлди.
Жамоа ўтган мавсум ўз тарихида биринчи марта AFC томонидан ўтказиладиган мусобақа — “AFC Чақирув Лигаси“да иштирок этди ва дебют мавсумининг ўзидаёқ мусобақанинг бош совринини қўлга киритди.
Жамоа мусобақадаги иштирокини “B” гуруҳида бошлади. Ушбу гуруҳда Қирғиз Республикасининг “Абдиш-Ата“, Мальдив оролларининг “Mазия“ ва Қувайтнинг “Aл-Араби“ клублари билан курашган ҳолда биринчи ўринни қўлга киритди ва чорак финалга йўл олди.
Ушбу босқичда “туркманлар“ Ҳиндистоннинг “East Bengal” жамоаси билан тўқнаш келди. Икки ўйин натижасига кўра “Аркадагʼ” рақибини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Ярим финалда эса Давлетмурот Аннаев шогирдлари яна бир бор Қувайтнинг “Aл-Араби“ жамоаси билан куч синaшди. Дастлабки ўйинда 2:0 ҳисобида мағлуб бўлган “Аркадагʼ”, иккинчи ўйинда супер камбек амалга оширган ҳолда рақибини 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва турнир финалига йўл олди.
Жамоа финалда Камбоджанинг “Preah Khan Reach Svay Rieng” клуби устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Жамоа Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан ўтказиладиган мусобақаларда 8 та ўйин ўтказган. 6 та ўйинда ғалаба қозонган ва 2 та ўйинда мағлубиятга учраган.
Мураббийи
Жамоани айни пайтда 41 ёшли маҳаллий мутахассис Аҳмед Aллабердиев бошқармоқда. Aллабердиев 2025 йилнинг 1 январидан жамоани қабул қилиб олди.
Ушбу мутахассис клуб бошқарувига келгунча Туркманистоннинг U-17 терма жамоасига бош мураббийлик қилган. У ушбу жамоа бош мураббийлигида ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган “CAFA National Cup” турнирида бронза медалини қўлга киритди.
Жамоа футболчилари
“Аркадаг“ жамоаси футболчилари Туркманистон миллий терма жамоасининг ўзагини ташкил этади. Яқинда бўлиб ўтган “CAFA National Cup” мусобақасида Туркманистон терма жамоасига “Аркадаг“ клубидан 16 нафар футболчи жалб этилди. Улар билан танишинг:
Расул Чориев, Рустам Ахаллиев, Гуйчимурот Аннагулиев, Ихлос Тойжонов, Мекан Сапаров, Абди Башимов, Иброхим Мамедов, Бердимурот Реҗебов, Арзугули Сапарғулдиев, Велмурот Баллаков, Дидар Дурдиев, Шамаммет Хидиров, Шоназар Тиркашов, Алтимурот Аннадурдиев, Бегенч Акмаммедов.
Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионлар лигаси II мусобақасининг 1-туридан ўрин олган “Аркадаг“ — “Андижон“ ўйини 17 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 18:45 да старт олади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг