Ўзбекистон кончилик соҳасида илғор технологиялар экспортчисига айланмоқда

12:36 21 Май 2025 Жамият
138 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Ҳар қайси давлатнинг иқтисодий барқарорлиги, аввало, ўша мамлакатда саноат тармоқларининг ривожланиши билан белгиланади. Мамлакат қудрати эса илғор технологияларга эга бўлиш билангина эмас, балки уларни мақсадли ва самарали қўллаш, узлуксиз такомиллаштириб бориш ҳамда соҳа учун юқори илмий салоҳиятга эга кадрлар тайёрлаш билан ҳам узвий боғлиқдир.

Буни мамлакатимиздаги кончилик соҳаси мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Хусусан, олтин ажратиб олишда ноанъанавий «BIOX» технологиясини жорий этиш, фосфорит концентратини нам ҳолда бойитиш, стратегик хомашёни ер остида ажратиб олиш каби инновацион ютуқлар соҳада амалга оширилаётган туб модернизация ва илмий салоҳиятнинг амалдаги ифодасидир.

Муҳими, юртимиз бугун юқори технологияларни фақат импорт қилувчи эмас, балки уларни экспорт қилувчи давлат сифатида тан олина бошлади. Бунга халқаро доирада қизиқиш юқори бўлиб, турли илмий анжуман ва форумларга таклифлар келиб тушмоқда.

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети доценти Санъат Шариповнинг Сенегалда бўлиб ўтган «BIOX фойдаланувчилари»нинг 14-халқаро конференциясида иштирок этгани ҳам ана шундай эътироф натижасидир.

— Сенегалда замонавий «BIOX» технологияси асосида мураккаб таркибли олтин сақловчи маъданларни қайта ишлаш заводининг ишга туширилиши муносабати билан ташкил этилган мазкур конференцияда 15 дан зиёд давлат вакиллари қатнашди, — дейди С. Шарипов. — Анжуманда «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ тасарруфидаги 3-сонли гидрометаллургия заводида қўлланаётган «BIOX» технологияси бўйича тақдимот намойиш этдик.

Конференцияда сулфидли маъданларни бактериялар ёрдамида оксидлаш жараёнини такомиллаштиришга оид таклифлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Университетдаги илмий муҳит Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги — JICA вакилларида ҳам жиддий қизиқиш уйғотди. Агентлик делегацияси Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида бўлиб, тақдимот доирасида таълим йўналишлари, илмий-техникавий салоҳият, ишлаб чиқариш корхоналари билан олиб борилаётган интеграция ва амалий лойиҳалар билан яқиндан танишди.

Шунингдек, JICA масъуллари университетнинг илмий лабораториялари фаолияти, истиқболли тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар билан ҳам танишиб, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер