Ўзбекистон клубларининг халқаро майдондаги имкониятлари қандай?

Кеча, 15 август куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган клублар миқёсидаги энг нуфузли мусобақалар – AFC Элит чемпионлар лигаси ва Осиё чемпионлар лигаси-2 турнирлари учун қуръа ташланди.
Қуръа натижалари ҳақида сайтимиз орқали батафсил маълумот бердик. Энди, жамоаларнинг имкониятларини таҳлил қилсак.
«Андижон»
Ўтган йили Ўзбекистон кубоги мусобақасининг чемпиони бўлиш орқали ўз тарихида биринчи марта халқаро мусобақада қатнашиш имкониятини қўлга киритган «Андижон» клуби, қуръа натижасига кўра Қатар Юлдузлар лигасида 4-ўринни эгаллаган «Ал-Аҳли», Туркманистон чемпиони «Аркадаг» ва Баҳрайн Қирол кубоги соҳиби «Ал-Халдия» клублари билан бир гуруҳдан ўрин олди.
Биринчи саватчадан «Андижон»га энг заиф жамоа тушди десак бўлади. Сабаби Қатарнинг «Ал-Аҳли» жамоаси саватчадаги бошқа жамоалар – «Сепахон», «Ал-Васл» ва «Ал-Насср»дан ном жиҳатдан ҳам, халқаро тажриба жиҳатдан ҳам анча кучсиз.
Жамоа таркибидаги маҳаллий футболчилар Қатар миллий терма жамоасининг 5 фоизини ҳам ташкил этмайди. Жамоанинг асосий кучи легионерларида. Таъкидлаш керакки, айни пайт ушбу жамоада 2014 йил Германия билан Жаҳон чемпионлигига эришган Юлиан Дракслер ҳам тўп сурмоқда.
Туркманистон Республикасининг «Аркадаг» жамоаси қийин рақиблар сирасига киради. Ушбу жамоада ҳозирча бирорта легионер футболчи йўқ. Аммо, миллий терма жамоанинг ўзагини «Аркадаг» футболчилари ташкил этишади.
Ушбу клуб ўтган йили Осиёда клублар миқёсида ўтадиган учинчи даражали мусобақа – AFC Чақирув кубогида ғолиб бўлди ва бу орқали ўз салоҳиятини бутун Осиёга яна бир бор кўрсатди.
Шунингдек, ушбу жамоага қарши баҳс Туркманистонда ўтишини инобатга олсак, «Андижон» клубини майдон муаммоси ҳам жиддий қийнарди. Боиси Ашхободда табиий чимга эга бўлган жаҳон талабларидаги стадион йўқ. «Аркадаг»га қарши ўтадиган сафар баҳси сунъий қопламали стадионда бўлиб ўтади. Ушбу арендада пайтида ҳатто «Пахтакор» клуби ҳам ғалаба қозона олмаган эди.
Баҳрайн Қирол кубоги соҳиби «Ал-Халдия» клуби эса бизга анча нотаниш. Ушбу клуб 15 йилдан кам бўлмаган муддатда ўзбек клубларига қарши ўйнагани йўқ.
Жамоада яхши савиядаги легионерлар билан бир қаторда, Баҳрайн терма жамоасининг асосий футболчилари ҳам тўп суришмоқда.
Хулоса қилсак, гуруҳда жуда кучли жамоалар йиғилгани йўқ. Ҳар бир ўйин натижасини олдиндан тахмин қилиш қийин. Максим Шаских жамоаси билан гуруҳдан чиқиш учун бемалол курашиб кўрса бўлади. Жамоани бунга салоҳияти етади.
«Насаф»
Ўтган мавсум Ўзбекистон Суперлигасидаги чемпионликни қўлга киритган «Насаф» бу мавсум Элит чемпионлар лигасида ўйнайди. «Насаф» учун қуръани омадли ўтди деб ҳам, омадсиз ўтди деб ҳам баҳолаш қийин.
Регламентга кўра, Рўзиқул Бердиев шогирдлари ёки Саудия Арабистони клубларига, ёки Қатар клубларига рақиб бўлишлиги керак эди. Тақдир эса уларни Жаҳон футболи юлдузлари тўп сураётган Саудия клублари билан рўбарў қилди. Бу эса жамоани 3 та жуда оғир ўйин кутаётганини билдиради.
Мусобақада жамоа очко ишлаб олиш эҳтимоли юқори бўлган Ироқнинг «Ал-Завра», Эроннинг «Трактор» ва Бирлашган Араб Амирликларининг «Ал-Ваҳда» жамоаларини ўз майдонида қабул қилади. Айни шу ўйинларда қўлга киритилажак ғалабалар жамоани кейинги босқичга олиб чиқиши мумкин.
Шунингдек, «Насаф» Бирлашган Араб Амирликларининг «Шаржа» ва «Шабаб Ал-Аҳли» жамоалари меҳмони бўлади. Одатда ўзбек клублари учун БАА жамоалари қулай рақиб ҳисобланишади. Шундан келиб чиққан ҳолда ушбу ўйинлардан ҳам натижа кутса бўлади.
Маълумот учун, Қарши клуби иштирок этадиган Элит чемпионлар лигаси мусобақасининг формати сал мураккаброқ. Регламентга кўра, мусобақада 24 та жамоа ғарб ва шарққа бўлинган ҳолда турнирни бошлайди. Ҳар бир жамоа ўзининг 8 та хос рақиби билан ўйнайди.
Яъни, гуруҳдаги барча жамоа ўзаро ўйнаб чиқиши шарт эмас. Ҳамма қуръа унга рўбарў қилган 8 та рақиби билан ўйнайди, холос. Айнан ушбу ўйинлардан сўнг натижалар ҳисобланади ва ҳар икки гуруҳдан 8 тадан жамоа нимчорак финалга йўл олади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақалар сентябрь ойининг иккинчи ярмидан старт олади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг