Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориевнинг 90 йиллиги нишонланди

19:02 27 Ноябрь 2021 Маданият
1531 0

Фото: «Халқ сўзи»

Таниқли мусаввир, бетакрор асарлари билан дунё тасвирий санъат ихлосмандлари эътирофига сазовор бўлган, Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар кўмагида қатор маданий тадбирлар ташкил этилди.

Дастлаб Рўзи Чориев номидаги Сурхондарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ҳайкалтарош Ботир Ҳакимов томонидан ишланган рассом ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Ўзбекистон халқ рассоми, профессор Рустам Худойберганов ва бошқалар Рўзи Чориевнинг ҳаёт ва сермаҳсул ижод йўли, юксак маҳорат мактаби ва унинг тасвирий санъат ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритдилар.

Қайд этилганидек, Рўзи Чориев 1931 йилда Сурхондарё вилоятининг тоғли қишлоғи Пошхурдда туғилган. Ота-онасидан ёш етим қолиб болалар уйида тарбияланган. Сўнг Беньков номидаги республика рассомлик билим юртида Г. Акбальян, В.Петров ва бошқа моҳир усталар қўлида таҳсил олди.

Тадбир иштирокчилари рассом асарлари жамланган музей фаолияти ҳамда "Рўзи Чориев издошлари" расмлар танлови иштирокчиларининг ижод намуналарини билан танишдилар.

Термиз давлат университетида "Ўзбек тасвирий санъати ривожида Рўзи Чориев ижодининг ўрни ва аҳамияти" мавзусида илмий-амалий конференция ҳамда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг "Термиз АРТ" галереясида рассом ҳамда унинг издошлари асарларидан ташкил топган "Сурхон куйчиси" номли кўргазма намойиш қилинди.

Таъкидлаш жоизки, юксак истеъдод соҳиби  Рўзи Чориевнинг тасвирий санъат ривожи йўлидаги хизматлари муносиб тақдирланиб,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ рассоми унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.

Илҳом  РАҲМАТОВ, "Халқ сўзи" мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?