Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида “Шахмат мактаби” очилди

Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, бунинг учун зарур тузилмаларни шакллантириш йўналишларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада мамлакатимиз спортчилари халқаро мусобақаларда тарихий ютуқларга эришмоқда.
Мазкур йўналишлардаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, уларни спортга кенг жалб этиш, бу орқали ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш ва меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келаётир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида “Шахмат мактаби”нинг очилиши бу борада ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Янги Ўзбекистонда шахматни янада ривожлантириш, меҳнаткашлар, шу жумладан ёшлар ўртасида шахматни оммавий ҳаракатга айлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган мазкур “Шахмат мактаби”нинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент шаҳар Кенгаши, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси, Федерация тасарруфидаги “Яккасарой спорт соғломлаштириш мажмуаси” масъулияти чекланган жамияти, Халқаро шахмат академияси мутасаддилари, шахмат соҳаси усталари, жамоатчилик вакиллари ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Мамлакатимиз касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги олдидан амалга оширилган ушбу хайрли лойиҳа натижасида шахмат ишқибозлари ушбу мактабда ақл гимнастикаси сирларини бепул ўрганиш имкониятига эга бўлишди.
Мазкур мактаб, аҳоли, айниқса, ўқувчи ёшлар ўртасида шахмат ўйинини кенг тарғиб этиш билан бирга, йигит-қизлар орасидан шахмат ўйинига қизиқувчи ёш иқтидорларни аниқлаб, қобилиятларини юзага чиқариш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, бу орқали улар орасидан кучли шахматчилар етишиб чиқишини таъминлашга хизмат қилади.
Дарвоқе, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юртимизда спортнинг ушбу турини оммалаштириш бўйича яна бир қатор хайрли лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган. Хусусан, меҳнат жамоаларида шахмат клубларини ташкил этиш, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ўртасида ҳар йили шахмат бўйича туман, ҳудуд, республика босқичларидан иборат мусобақаларни ўтказиш кўламини янада кенгайтириш кўзда тутилган.
Иқбол ПАРДАЕВА.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг