Ўзбекистон «икки халқ учун икки давлат» тамойили тарафдори

22:35 11 Ноябрь 2024 Сиёсат
132 0

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» асарида қуйидагича ёзади: «Урушда ғолиб ва бахтли подшоҳ, ғолиб ва бахтли қўшин, ғолиб ва бахтли давлат, ғолиб ва бахтли тузум бўлиши мумкин. Аммо ғолиб ва бахтли одам бўлмайди. Негаки, уруш одамни одам ўлдиришга мажбур қилади. Одам ўлдирган одам эса ҳеч қачон бахтли бўлмайди!»

1 йилдан зиёд вақтдан бери давом этаётган Фаластин – Исроил уруши нафақат мусулмон дунёсини, балки жаҳон оммасининг диққат марказида турибди. Хусусан, Ғазо секторида ҳалок бўлаётган бегуноҳ инсонларнинг 70 фоиздан зиёдини аёллар ва гўдаклар ташкил этишини, Ғазодаги тиббиёт мажмуаларининг кундан кунга фалажланиб бораётганини, гуманитар ёрдам коридорларининг тўсиб қўйилишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди.

Яқин Шарқда юзага келган кескин вазият дунёнинг геосиёсий манзараси ўзгариб бораётганидан далолат. Фаластин – Исроил урушининг ниҳоясига етмаётгани, дунё ҳамжамиятининг қатъий чақириқларига аҳамият қаратмасдан халқаро меъёрларнинг қўпол равишда бузилаётгани ва энг ачинарлиси бунда асосан бегуноҳ, тинч аҳолининг мислсиз даражада жабр кўраётгани давлатимиз раҳбарининг халқаро анжуманларда кўтараётган глобал муаммолардан биридир. Мазкур масала жорий йилнинг 24 октябрь куни БРИКС плюс, 6 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилотининг Бишкек саммитларида ҳам кун тартибига қўйилган эди. Мазкур йирик халқаро саммитларда Ўзбекистон «икки халқ учун икки давлат» тамойили тарафдори эканини билдирган эди.

Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган араб-ислом саммитида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Нутқ давомида Президентимиз уруш олови эндиликда Ливан ҳудудини ҳам қамраб олганидан қалблар ларзага келганини таъкидлаб, мазкур вайронкор ва мудҳиш ҳужумлар инсоният янги тарихининг энг қора саҳифасига айланаётганини таассуф билан қайд этди.

Ижтимоий инфратузилма объектлари, мактаб ва шифохоналар, масжидлар, бутун бошли шаҳарлар йўқ қилиб ташланаётгани, миллионлаб тинч аҳоли бошпанасиз қолиб, очарчилик ва касалликларга маҳкум бўлаётганига индамай қараб туриб бўлмайди, дея Президентимиз мамлакатимизнинг қатъий позициясини билдирди.

Ушбу оламшумул фожиага нисбатан халқаро майдонда икки хил стандартлар асосида ёндашилинаётгани урушнинг ёйилиб кетиш эҳтимолини янада ошириб юбораётгани қайд этилди ва жафокаш Фаластин халқига нисбатан доим ёрдам қўли чўзилиши ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлиги, 1967 йилги чегаралар доирасида мустақил Фаластин давлати тузилиши Ўзбекистон томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланиши айтиб ўтилди.

Юртбошимиз ушбу саммитда урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга мамлакатимиз тайёрлигини эълон қилгани нафақат халқимиз, балки дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилди.

Яна бир жиҳат: муқаддас Ал-Ақсо масжиди, Қуддусдаги бошқа ноёб тарихий-маданий ёдгорликларнинг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда уларни бешикаст сақлаб қолинишига мазкур глобал альянс ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти алоҳида аҳамият қаратиши лозимлиги таъкидланди.

Хулоса ўрнида Ўткир Ҳошимовга яна бир карра юзланамиз: «Уруш билан беш кунда битадиган муаммо тинчлик билан беш йилда битса, иккинчи йўлни танлаш керак!

Аллоҳ таолодан бутун олам тинчлигини, бахту иқболини сўраб қоламиз.

Элдор Шермонов,

Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий

мусиқа санъати институти ректори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер