«Ўзбекистон. Ғалабага йўл» — янги фильм премьераси

10:12 07 Май 2025 Жамият
128 0

2025 йил 8 май куни «Россия-Культура» телеканалида ҳамда 9 май куни «Севимли» телеканали орқали намойиш этиладиган «Ўзбекистон. Ғалабага йўл» номли тарихий-бадиий ҳужжатли фильм премьераси бўлиб ўтади. Мазкур фильм Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Россиянинг «Диви» кинокомпанияси ҳамкорлигида суратга олинган бўлиб, у Иккинчи жаҳон уруши йилларида юртимиз халқининг жасорати ва инсонпарварлигини ҳужжатли асосда акс эттиради.

Фильмда тарихий аниқлик ва бадиий таҳлил орқали ўтмишга назар ташланади, миллатлараро биродарлик ва бағрикенглик мавзуси кенг ёритилади. Кинотасманинг асосий саҳналари Хотира ва қадрлаш майдонида, темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудовлар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик мажмуасида ва Ғалаба боғида суратга олинган. Ушбу оила уруш пайтида 15 нафар турли миллатга мансуб болани асраб олиб, ўз меҳрини аямаган.

Фильмдаги тарихий маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши 80 фоиз ер юзи аҳолисини қамраб олган ва унда 61 давлат иштирок этган. Ўша пайтда Ўзбекистон аҳолиси 6,8 миллион киши бўлган бўлса, шундан қарийб 2 миллион киши фронтга жўнатилган. 500 мингдан ортиқ юртдошимиз урушда ҳалок бўлган. Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бу рақамлар ортида бутун халқнинг дарду алами мужассам.

Уруш йилларида Ўзбекистонга 1,5 миллиондан зиёд эвакуация қилинганлар келтирилган. Юртдошларимиз уларга бағрикенглик кўрсатиб, ёрдам беришган. Хусусан, Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласининг инсонпарварлик ҳаракати халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган.

«Ўзбекистон. Ғалабага йўл» фильми айнан ана шу инсонпарварлик, меҳр-мурувват, жасорат ва ҳамжиҳатлик фазилатларини ўзида мужассам этган. У беш қисмдан иборат бўлиб, ҳар бири 5 дақиқалик қисқача ҳикоялардан ташкил топган. Фильмда Россия, Европа ва Ўзбекистондан етакчи тарихчилар, актёрлар, ижодий гуруҳлар иштирок этган. Жумладан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рустам Сагдуллаев ҳам рол ижро этган.

Кинотасмада эвакуация қилинганларнинг Тошкентга келиши, ўзбек оилаларининг етим болаларни қабул қилиши, фронтдаги жасорат, 1966 йилги Тошкент зилзиласидаги ёрдам анъаналари ҳақида сўз юритилади. Фильм томошабинларга нафақат тарихни эслаш, балки бугун қандай юрт фарзанди эканлигини ҳис қилиш имконини беради.

Эфир вақти:

«Россия-Культура» телеканалида 8 май соат 16:15да

(Тошкент вақти билан соат 18:15да)

«Севимли» телеканалида 9 май соат 16:20да (Ўзбек тилида).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?