Ўзбекистон фуқаросига ўзининг ватанида чет эл фуқароси билан бир хил талаб қўйиляпти. Жуда долзарб қонун лойиҳаси ҳақида фақат биттагина депутат фикр билдирди

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши ва турар жойи бўйича хабардор қилиши тартиби тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, республикамизда доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жой бўйича рўйхатга олишнинг ягона тартибини жорий этишга қаратилган.
Ташаббускорлар ушбу қонун лойиҳасини фуқароларни доимий яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатга олиш тизими аҳоли статистикасини юритиш, ҳудудлар инфратузилмасини шакллантириш, пенсия, тиббий таъминот, ижтимоий хизматлар ва давлат хизматлари кўрсатишни режалаштиришда, мавжуд ресурс ва маблағларни тўғри тақсимлашда, аҳоли бандлигини таъминлашда, ҳарбий рўйхат юритишда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирган.
Бундан ташқари, улар бугунги кунда амалда бўлган «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонун сабабли фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда бюрократик тўсиқлар юзага келаётганини ҳам важлардан бири сифатида санаб ўтган.
Муҳокама марказидаги мазкур қонун лойиҳаси билан юқорида таъкидланган ҳуқуқий норма бекор қилиниб, республика бўйича фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишининг ягона тартибини жорий этиш, шунингдек, вақтинча турган жой бўйича рўйхатдан ўтиш тартибини такомиллаштирган ҳолда турар жой бўйича хабардор қилиш тизимини жорий этиш таклиф этилиши мумкин.
«Эндиликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун алоҳида, бошқа вилоятлар учун эса алоҳида рўйхатга олиш тартиби бўлмайди, бундай амалиётдан воз кечилади, республика бўйича бир хил тартиб амал қилади», дейди Ички ишлар вазири ўринбосари Ашрафов Рамазон.
Қайд этиш керакки, янги таҳрирдаги Конституциянинг 32-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилганди.
Бундан ташқари, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кўп йиллар давомида халқимизни қийнаб келган, эскилик сарқити бўлган прописка тизимини бекор қилиш, бу борада белгиланган турли бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, хусусан, пропискасиз фуқароларни ишга олганлик учун иш берувчининг жавобгарлигини бекор қилиш бўйича муҳим тарихий ислоҳотлар амалга оширилди.
Ушбу қонун лойиҳасининг аҳамияти унинг номидан ҳам акс этиб турибди. Шунга қарамасдан, ялпи мажлисда фақатгина Миллий Тикланиш партияси депутати Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси Ўктам Исломовдан ташқари бирорта депутат савол ва таклифларни билдирмади.
«Қонун лойиҳаси жуда долзарб ва қабул қилиниши лозим бўлган қонунларда. Шунга қарамасдан, ушбу қонун лойиҳасида баъзи бир консептуал ноаниқликлар мавжуд. Хусусан, 13-моддада Ўзбекистон фуқаросига ўзининг ватанида чет эл фуқароси билан бир хил талаб қўйиляпти. Айтайлик, Ўзбекистон фуқароси ўз яшаш жойини ўзгартирган кунида хабардор қилишга мажбур бўляпти. Биз эса ички туризм ҳақида гапиряпмиз. Чет эл фуқароси эса хабардор қилишга мажбур», деди депутат.
Бошқа саволлар бўлмади ва мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг