Тошкентда “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқоти натижалари: яшил иқтисодиёт ва барқарор ривожланишга ўтиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди

14:59 26 Февраль 2024 Сиёсат
167 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Жорий йилнинг 26 февраль куни “Тараққиёт стратегияси” маркази Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Жаҳон банки ва Буюк Британия Ташқи ишлар, ҳамдўстлик масалалари ва халқаро тараққиёт бўйича вазирлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқоти натижалари: яшил иқтисодиёт ва барқарор ривожланишга ўтиш” мавзусига бағишланган давра суҳбатини ташкил этди.

Тадбирда Ўзбекистон Парламенти, вазирлик ва идоралар, шунингдек, тегишли халқаро ташкилотлар, ақл марказлари мутахассислари, халқаро ва маҳаллий экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Мазкур тадбирда “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқоти натижалари, шунингдек, бугуннинг долзарб масалалари: яшил иқтисодиётга ўтиш, экологик барқарорлик, ҳудудий иқтисодий ривожланиш, иқлим ўзгариши ва оқибатлари каби мавзуларда ҳам халқаро экспертлар иштирокида муҳокамалар олиб борилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алиханов ўзининг маърузасида яшил иқтисодиётга ўтиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда халқаро ва миллий даражада қабул қилинган стратегиялар ва қонунларнинг ўрни муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, табиий ресурсларнинг чекланганлигини ҳисобга олиб инновацион технологияларни кенг жорий этиш, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда табиий ресурслардан самарали фойдаланиш талабларини инобатга олиш, атроф-муҳитни ифлослантириш даражасини пасайтиришнинг муҳимлиги тўғрисида аҳолини хабардорлигини ошириш чораларини фаоллаштириш ҳамда атроф-муҳит ва табиатдан самарали фойдаланиш ҳамда мазкур жараёнларни ташкил этишда жамоатчиликни кенг жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.

“Тараққиёт стратегияси” марказ ижрочи директори Элдор Туляков ўзининг кириш сўзида Жаҳон банки томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” лойиҳаси 6 йилдан буён амалга ошириб келинаётган лойиҳа эканлиги ҳамда бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг фуқаролар ҳаётида қанчалик акс этаётганини ўрганиб бораётган тадқиқот лойиҳаларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди. Лойиҳанинг асосий мақсади –тадқиқот натижалари асосида сифатли ва аниқ манзилга йўналтирилган сиёсий қарорлар қабул қилинишини таъминлашга кўмаклашиш ва тегишли чора- тадбирларни амалга ошириш имкониятларини яратиш ҳисобланишини айтиб ўтди.

Шунингдек, бугунги тадбир мавзуларидан бири ҳисобланган яшил иқтисодиётга ўтиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ва истиқболга мўлжалланган чора-тадбирлар хусусида ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, “Ўзбекистон-2030» стратегиясига асосан мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини 2030 йилга қадар 25 минг МВт.га ҳамда жами истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш, иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан 2010 йилдаги даражадан 30 фоизга қисқартириш каби чоралар кўзда тутилганлиги тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Жаҳон банкининг Тошкентдаги ваколатхонаси катта иқтисодчиси Икуко Уочи учрашув иштирокчиларини “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқотининг сўнгги натижалари билан таништирди. У ҳар ойлик сўровнома 2018 йилдан бери ўтказилиб келинаётганлигини ҳамда ҳозирда ушбу лойиҳа Буюк Британия ҳукуматининг молиявий кўмагида амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Тадқиқот доирасида аҳоли фаровонлигининг турли ижтимоий- иқтисодий кўрсаткичлари баҳоланишини, шунингдек, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ва турли ўзгаришларнинг, жумладан COVID-19 пандемияси, меҳнат миграцияси кабиларни аҳолига таъсири юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиб борилишини айтиб ўтди.

Тадқиқот сўровномасида мамлакат бўйлаб қишлоқ ва шаҳарлардаги 1500 га яқин уй хўжаликлари, 600 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинлари етакчилари иштирок этади. Тадқиқот давомида тўпланган маълумотлардан ҳукумат томонидан муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, камбағалликни қисқартириш ва фуқаролар фаровонлигини ошириш йўлидаги ташаббуслар бўйича қарорлар қабул қилишда фойдаланилади.

Шунингдек, Икуко Уочи ўз тақдимотида 2024 йил январь ойида ўтказилган “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқоти маълумотлари билан ўртоқлашди. Унда аҳолининг жорий иқтисодий ва меҳнат бозори шароитлари, нархлар ўсиши ва инфляциянинг респондентлар даромадларига таъсири, хусусан, уй хўжаликларининг молиявий аҳволи ва уларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар аҳоли томонидан қандай қабул қилинаётганлиги таҳлили тақдимот қилинди. Шу билан бирга, маърузачи маҳалла фуқаролар йиғинлари раҳбарларининг уй хўжаликларининг моддий аҳволи, ишга жойлашиш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш борасидаги фикр-мулоҳазалари ҳақида ҳам маълумот берди.

Тадбирнинг иккинчи қисмидан ўрин олган яшил иқтисодиёт ва барқарор ривожланишга ўтиш мавзусидаги муҳокамалар ҳам Ўзбекистон учун нафақат долзарб, балки стратегик аҳамиятга эга бўлган масалаларни қамраб олган бўлиб, тадбирда Жаҳон банки экспертлари томонидан иқлим ўзгариши ва экологик омилларнинг аҳоли фаровонлиги ва саломатлигига таъсири бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари тақдим этилди.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли 2030 йилга бориб мамлакатда камида 8 миллион киши иқлими юқори хавфдаги ҳудудларда истиқомат қилишини таъкидлади. Иқлим ўзгаришига мослашиш чораларисиз, 2050 йилга келиб миллий иқтисодиёт иқлим ўзгариши таъсирисиз ривожлангандаги ҳолатидан 10 фоизга кичикроқ бўлади. Бу бандлик ва уй хўжаликлари даромадининг сезиларли даражада қисқаришига олиб келади.

Жаҳон банки иқлим ўзгаришига мослашиш ва мамлакатнинг яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнини тезлаштириш бўйича сиёсатни ишлаб чиқиш ва аниқ чора-тадбирларни амалга оширишда ҳукуматга молиявий ва таҳлилий ёрдам кўрсатади. Бу чора-тадбирлар турли соҳаларда сув ва энергия ресурсларини тежаш, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни ўз ичига олади, деди Марко Мантованелли.

Давра суҳбати давомида “Ўзбекистон яшил иқтисодиётга ўтишни қандай тезлаштириши мумкин?” деган саволга Жаҳон банки, Буюк Британия Ташқи ишлар, ҳамдўстлик масалалари ва халқаро тараққиёт бўйича вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Глобал яшил ўсиш институтининг экспертлари ва тажрибали мутахассислари ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер