Ўзбекистон фуқароларидан Исроил ва Эронга сафар қилишдан тийилиш сўралди

17:41 22 Июнь 2025 Жамият
250 0

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларидан Исроил ва Эронга сафар қилишдан тийилиш, ушбу мамлакатларда бўлганлардан эса имкон қадар хавфсиз ҳудудларга чиқиб кетишларини сўради. Бу ҳақда ТИВ раҳбари матбуот котиби Ахрор Бурханов Telegram каналида ёзиб қолдирди.

Унинг қайд этишича, Яқин Шарқдаги вазиятнинг шиддат билан кескинлашаётгани Ўзбекистонда чуқур хавотир уйғотмоқда ва мамлакат доимо минтақадаги барча томонларни ўзаро музокаралар орқали тинчлик йўлида ҳаракат қилишга чақириб келган.

«Шу муносабат билан, Ўзбекистон фуқароларидан Исроил ва Эронга сафар қилишдан тийилишни, ушбу мамлакатларда бўлган фуқароларимиздан эса имкон қадар хавфсиз ҳудудларга чиқиб кетишларини сўраймиз. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида зарур чоралар кўрилмоқда, фуқароларимиздан ҳушёрликни сақлашни ва расмий эълонларни кузатиб боришни илтимос қиламиз», деб ёзади ТИВ вакили.

Яқин Шарқдаги кескинлик. АҚШ Эронга зарба берди

22 июнга ўтар кечаси АҚШ Эроннинг Фордо ядровий объектига B-2 Spirit бомбардимончилари билан 6 та бункер тешувчи бомба ташлади. Бундан ташқари, яна икки ядровий объект — Натанз ва Исфаҳонга ҳам 640 км узоқликдаги сувости кемаларидан 30 та Томаҳаwк ракетаси учирилган.

«Биз зарбаларни муваффақиятли якунладик. Бомбаларнинг тўлиқ юкламаси асосий нишон — Фордога ташланди. Барча самолётлар Эрон ҳаво ҳудудидан ташқарида, энди хавфсиз тарзда ортга қайтмоқда», деб ёзган Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.

Шунингдек у «бундай ишни дунёдаги бошқа ҳеч бир ҳарбий куч бажара олмасди», дея таъкидлаган.

Халқаро атом энергетика агентлиги (ХАЭА) раҳбари Рафаэль Гросси АҚШнинг Эронга зарбаси туфайли бошқарув кенгашини фавқулодда йиғилишга чақирди.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Ислом Республикаси ядровий иншоотларига ҳужуми уларнинг Исроилнинг дастлабки зарбасини режалаштиришда иштирок этганидан далолат беришини қайд этиб, халқаро ҳамжамиятнинг бу жараёнда жим туриши халқаро хавфсизликка жиддий таҳдид солишини қўшимча қилган.

Ўз навбатида, ХАЭА АҚШ зарбаларидан кейин Эрон ядровий иншоотлари ташқарисида радиация даражаси ошгани кузатилмаганини билдирди. Эрон Ядро хавфсизлиги маркази ҳам радиоактив моддалар сизиб чиқмаганини тасдиқлади.

АҚШ зарбаларидан кейин Эрон Исроилга илк бор «Хайбар Шекан» баллистик ракеталари билан зарба берди. Бу сафар Исроилдаги биологик тадқиқот маркази ва қўмондонлик марказлари жойлашган Бен Гурион аэропортига ҳужум қилинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?