Ўзбекистон Европа муҳим хомашё альянсига қўшилди
Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) Европа муҳим хомашё альянси (ERMA)га расман аъзо бўлди. Бу орқали мамлакатимиз глобал критик минераллар бозорида янги босқичга қадам қўймоқда.
ERMA – Европа саноатининг стратегик ресурс сиёсатини белгиловчи муҳим платформалардан бири бўлиб, у Европа Иттифоқининг яшил технологиялар ва барқарор энергияга ўтиш режалари доирасида литий, вольфрам, молибден ҳамда нодир ер элементларини хавфсиз манбалардан етказиб беришни таъминлайди.
Аъзолик Ўзбекистон учун қатор муҳим имкониятларни очади. Жумладан, Европа Иттифоқи билан институционал мулоқотни мустаҳкамлаш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш йўлларини очади. Шунингдек, халқаро сертификатлаштириш жараёнларига қўшилиш орқали инвестицион жозибадорлик ошади, Европа миқёсидаги йирик лойиҳаларга фаол жалб этилиш имконияти яратилади.
Бу жараён Ўзбекистоннинг хомашё дипломатиясини ривожлантириб, мамлакатимизни ишончли ва стратегик ҳамкор сифатида танитишга хизмат қилади. Шунингдек, Европанинг Германия, Франция, Финляндия ва Австриядаги илғор илмий-технологик марказлари билан ҳамкорлик имкониятлари очилади.
ТМК учун эса бу аъзолик халқаро грантлар ва инвестициялар орқали янги молиявий механизмлардан фойдаланиш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш ва инновацион технологияларни жорий этиш имконини беради. Бу маҳсулот сифатининг халқаро стандартларга етишини таъминлаб, ТМКни жаҳон бозорида рақобатбардош қилиши кутилмоқда.
ERMA директори Массимо Гаспарон ТМК билан ҳамкорликдан катта умид билдирар экан, «Биз ЭРМА мақсадларини амалга ошириш, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида ТМК билан бирга ишлашни интиқлик билан кутмоқдамиз», — дея таъкидлади.
Бир сўз билан айтганда, бу аъзолик Ўзбекистонни оддий хомашё етказиб берувчидан инновацион ҳамкор мақомига олиб чиқмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг