Ўзбекистон элчиси Малайзия транспорт вазири билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

13:14 05 Октябр 2023 Сиёсат
329 0

Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Малайзия транспорт вазири Лок Сью Фук билан учрашув ўтказди.

Музокаралар аввалида Малайзия томонига сўнгги йилларда мамлакатимизда транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳасини ривожлантириш, ташишларнинг юқори даражадаги хавфсизлигини таъминлаш, транспорт соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, соҳа учун малакали мутахассисларни тайёрлашга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар шунингдек, мамлакатнинг транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Малайзия транспорт вазири Лок Сью Фук Ўзбекистон ҳукумати томонидан транспорт соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни, ушбу йўналишдаги йирик лойиҳалар, хусусан «Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» автомобиль йўналиши ва ушбу икки давлат орқали Ҳинд океани портларига чиқиш учун халқаро транспорт коридорини шакллантириш бўйича вазифаларни юқори баҳолади. Лок Сью Фук, шунингдек, Малайзиянинг жамоат транспортини бошқаришдаги илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда, ушбу йўналишда республиканинг тегишли идоралари билан ўзаро тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди.

Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида транспорт соҳасида ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Жумладан, авиақатновлар ва темир йўл йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Хусусан, хориж томони Малайзиянинг «Batik Air» авиакомпанияси томонидан жорий йилнинг ноябридан Куала-Лумпур – Тошкент – Куала-Лумпур йўналишида ҳафтасига уч марта амалга оширилиши режалаштирилган авиақатновларни олқишлади. Лок Сью Фук айтишича, ушбу янги ҳаво қатновлари икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Малайзия транспорт вазири икки давлатни темир йўл орқали боғловчи коридорларни ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳ томонидан олиб борилаётган ишларни эътироф этиб, мазкур йўналишда ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадга мувофиқлигини билдирди.

«Иккала давлатни темир йўл орқали боғлайдиган ушбу маршрут ягона транспорт коридори ҳисобланади. Ушбу йўналиш ўзбек маҳсулотлари учун Малайзия Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари бозорига киришда логистика каби бўлиши мумкин», деди у.

Шу  ўринда  таъкидлаш керакки, жорий йилнинг март ойида икки давлат темир йўл коридорларини ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳи тузилди. Тошкент – Чимкент (Қозоғистон) – Урумчи – Сиань – Чунцин – Кунминг (Хитой) – Лаос – Таиланд – Перлис – Кланг (Малайзия) маршрутини ўрганиш ва ундан фойдаланиш бўйича амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Учрашув якуни  «Batik Air» ва «Uzbekistan Airports» АЖ ўртасидаги музокараларни жадаллаштириш ҳамда жорий йилнинг ноябрь ойидан бошлаб мазкур Малайзия авиакомпаниясининг Ўзбекистон йўналишидаги авиақатновларини йўлга қўйиш, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги  мутахассисларининг Малайзиянинг илғор тажрибасини ўрганиш бўйича  Куала-Лумпурга ишчи сафарини  ишлаб чиқиш тўғрисида келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?