“Ўзбекистон – 2030” стратегияси жаҳон ҳамжамияти нигоҳида

19:33 22 Январь 2026 Жамият
491 0

Пойтахтимиз шу кунларда оппоқ қор билан безанди. Эрта тонгдан паға-паға ёғган қор мамлакатимиз келажаги учун эзгу ниятлар билан янгиланаётган стратегияга оқ йўл тилаётгандек рамзий маъно касб этди. Ана шундай кайфиятда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасини муҳокама қилишга бағишланган халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Мазкур жамоатчилик муҳокамаси кенг қамровли бўлиб, унда 150 нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирок этди. Хусусан, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий давлатларнинг элчилари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва экспертлари, вазирлик ва идоралар масъуллари, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари бир жойга жам бўлди.

Шунингдек, тадбирда БМТ тизимидаги агентликларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари ва экспертлари — UN, UNDP, UNICEF, UNESCO, FAO, UNFPA, UNODC, IOM, ILO, WHO, UNHCR, IFAD, шу билан бирга Халқаро қизил хоч қўмитаси, Жаҳон банки, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари ҳамда дунёнинг турли чеккаларидан 70 нафардан ортиқ хорижий экспертлар иштирок этди. Бу эса стратегияга бўлган халқаро қизиқиш ва ишончни яққол кўрсатди.

Тадбирни “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Сабине Маҳл кириш сўзи билан очди. Сабине Маҳл ўз нутқида бу мулоқот Ўзбекистон тараққиёти учун ўта аҳамиятли бир даврда ўтаётганини таъкидлади.

— Бугунги мулоқот муҳим паллада бўлиб ўтмоқда. 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2026–2030-йилларга мўлжалланган “Барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорлик дастури”ни имзолади. Ушбу ҳамкорлик дастури келгуси беш йил давомида мамлакатда барқарор ривожланиш натижаларини илгари суриш бўйича умумий қарашимизни акс эттиради, — деди у. — БМТ тизими стратегия лойиҳасида инсон салоҳиятини ривожлантириш, инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш ҳамда барқарорлик масалаларига кучли урғу берилганини мамнуният билан қайд этади. Ушбу устувор йўналишлар БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича Ҳамкорлик дастури йўналишлари ҳамда Ўзбекистоннинг кенг қамровли ислоҳотлар йўналиши билан тўлиқ мос келади.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда юртимизда иқтисодиётни либераллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя тизимини янги босқичга олиб чиқиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда давлат бошқарувини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси эса мамлакат тараққиётида сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб берди. У янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ равишда инсон қадрини юксалтириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва халқ хизматига йўналтирилган давлатни барпо этишни асосий мақсад қилиб олган. Бироқ, айни пайтда жаҳонда кечаётган глобал ўзгаришлар, халқаро бозорлардаги тебранишлар, технология ва саноатнинг жадал ривожи, энергия бозорларидаги трансформация ҳамда таъминот занжирларининг қайта шаклланиши мамлакатимиздан ҳам янгича ёндашувларни талаб этмоқда.

Аҳоли сонининг тез суръатларда ўсиши ҳам бунга яққол мисол. Агар 2023 йилда мамлакат аҳолиси 36,7 миллион нафар бўлган бўлса, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 41 миллионга етиши кутилмоқда. Урбанизация, бандлик ва даромадлар билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун билим ва инновацияларга таянадиган рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва маълумотлар бошқаруви каби соҳаларни ривожлантириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга, “мақсад – ҳаракат – натижа” занжирига асосланган янги устувор йўналишдаги режалаштириш тизимининг жорий этилгани “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини янги талаблар асосида такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди. Амалиёт шуни кўрсатдики, айрим мақсад ва вазифаларни янада аниқлаштириш, уларни йиллар кесимида белгилаш, молиялаштириш манбалари ва ижро учун масъулиятни очиқ кўрсатиш эҳтиёжи мавжуд.

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳам айнан шу масала алоҳида таъкидланиб, стратегия кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида такомиллаштирилиши лозимлиги қайд этилган эди. Шу асосда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Тадбир давомида стратегиянинг устувор йўналишлари бўйича тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари тақдимотлар қилиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Асосий мақсад эса битта: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган ғояни амалда рўёбга чиқариш.

Хусусан, ташқи сиёсат соҳасида ҳам аниқ индикаторлар жорий этилмоқда. Агар аввал мақсадлар умумий шаклда белгиланган бўлса, эндиликда ҳар бир мақсад рақам ва фоизлар билан ўлчанади. Масалан, хориждаги Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган консуллик хизматлари ҳажмини 2030 йилга қадар 8 500 нафардан 100 минг нафарга етказиш мақсад қилинган. Бу борада сунъий интеллект каби замонавий технологиялардан фойдаланиш ҳам режалаштирилмоқда.

Халқаро экспертлар ҳам стратегияга юқори баҳо бермоқда. Жумладан, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг (UNODC) Марказий Осиё, Афғонистон, Эрон ва Покистондаги минтақавий вакили Оливер Штольпе шундай деди:

— Янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида бошқарув, одил судлов, қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини мамнуният билан қутлаймиз. Биз Ўзбекистоннинг натижадорлик ва ҳисобдорликка катта урғу берганини олқишлаймиз. 2027 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи давлатлари конференциясига мезбонлик қилиш режаси ҳам жуда муҳим қадамдир.

Айни пайтда стратегия лойиҳасида 100 та мақсад бўйича 450 дан ортиқ самарадорлик кўрсаткичи белгиланган бўлиб, uzbekistan2030.uz ва regulation.gov.uz платформалари орқали очиқ муҳокама қилинмоқда. Ҳозиргача юртдошларимиздан 3 мингга яқин фикр ва таклиф келиб тушди.

Халқаро давра суҳбати “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини янада халқчил, амалий ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш йўлида муҳим қадам бўлди. Эзгу ниятлар ва аниқ мақсадлар билан ишлаб чиқилаётган ушбу стратегия мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига мустаҳкам пойдевор бўлиши шубҳасиз.

Улуғбек Рўзиматов,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер