“Ўзбекгидроэнерго” АЖ: ўтган йил сарҳисоби ва жорий йилдаги режалар

15:43 27 Март 2025 Жамият
124 0

Мамлакат иқтисодиётининг драйвери бўлган энергетика тизимини ривожлантиришда, мавжуд қувватларни янада мустаҳкамлаш ва оширишда, шунингдек, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришда қайта тикланувчи энергия манбаларидан бири ҳисобланган гидроэнергетика тармоғи йилдан йилга самарадор соҳага айланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Тармоққа масъул — “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида яратилган қўшимча қувватлар эвазига Ўзбекистон гидроэнергетикаси салоҳиятини, нафақат барқарор ҳолатда сақлаш, балки йилдан-йилга мавжуд қувватларни ошириб борилишига эришилмоқда.

Бугун, 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида жамият томонидан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ: 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳамда 2025 йилдаги режалар” мавзуидаги матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида АЖ бошқаруви раҳбарияти, ижро аппарати бошқарма ва бўлим бошлиқлари, масъул мутахассислар, телевидение, радио, босма ва электрон ОАВ вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ташкил топгандан буён янги қурилиш ва модернизация лойиҳаларига қарийб 1 млрд. доллар инвестициялар йўналтирилди. Йил сайин “Ўзбекгидроэнерго” АЖ салоҳияти ва жозибадорлиги янада ошиб бормоқда. Жалб қилинаётган кенг кўламли капитал қўйилмалари ва чет эл инвестициялари ҳисобига энг замонавий технологияларга асосланган янги ГЭСлар барпо этилмоқда.

АЖ томонидан бугунги кунга қадар умумий қуввати 430 МВтга тенг бўлган 55 та ГЭС фойдаланишга топширилди. Шундан, 42 та янги ГЭС қурилган бўлса, 13 та мавжуд ГЭС замонавий талаблар асосида тўлиқ модернизация қилинди. Эътиборли жиҳати, мазкур кўрсаткич сўнгги йилларда нафақат юртимизда, балки, МДҲ давлатлари орасида ҳам салмоқли натижа ҳисобланади.

Амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида АЖ тасарруфидаги жами ГЭСлар сони 77 тага етказилиб, мавжуд қувватлар 2,256 ГВт.дан оширилди.

Мазкур кўрсаткичлар АЖ фаолиятига ижобий таъсир этиб, 2024 йил якунлари билан АЖнинг умумий активлари қиймати илк бор 1 млрд. 200 млн. долларга етказилди. 2017 йил билан таққосланганда, жами активларимиз қиймати 4 баробарга ошди. Бу билан АЖнинг халқаро миқёсдаги “кредит елкаси” ишончлилик даражаси янада мустаҳкамланиб 2,5 коэффициентни ташкил этди.

2024 йилда тизимдаги энергия ҳосил қилувчи корхоналар томонидан 8,2 млрд. кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу 2023 йилга нисбатан 20 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилганлигини англатади.

Амалга оширилган янги лойиҳалар ҳамда модернизация чора-тадбирлари ҳисобига 2024 йилдаги ишлаб чиқариш кўрсаткичи 100 йиллик тарихга эга гидроэнергетика фаолиятида энг юқори — рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Қолаверса, амалдаги ўрнатилган қувватлардан фойдаланиш коэффициенти — 41 фоизни ташкил этиб, бу ҳам ўз ўрнида тарихий марра ҳисобланади.

2024 йилда тармоққа узатилган электр энергиясини сотишдан тушган тушум 4 053 млрд. сўмни ташкил этди. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ миллий электр тармоқларига электр энергиясини етказиб бериш асносида, йирик солиқ тўловчи сифатида ўтган йилнинг ўзида давлат бюджетига қарийб 1 триллион сўмлик солиқ ва бошқа тўловларни амалга оширилди.

Соҳада жадал суръатларда трансформация ва рақамлаштириш жараёнлари амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган йили соҳани трансформация қилиш жараёни доирасида тизимдаги ГЭС ҳамда сув омборлари фаолиятини қамраб олган электр энергияси ишлаб чиқариш, гидротехник иншоотлар барқарорлиги ва хавфсизлигини ишончли таъминлаш, иншоотлар умумий эксплуатациясидаги барча технологик ва техноген вазиятларни доимий кузатиб бориш, марказлашган АСКУЭ тизими билан интеграция қилиш, ГЭС ва сув омборларида ўрнатилган замонавий дастурий технологиялар, илғор асбоб-ускуналар ва назорат-ўлчаш қурилмалари орқали автоматик равишда тизимли мониторингни олиб боришга мўлжалланган замонавий технологиялар билан жиҳозланган “Вазиятлар маркази” ишга туширилди.

Тизим корхоналарида интеллектуал видеокузатув тизими жорий этилди ҳамда “Вазиятлар маркази”га маълумотлар онлайн узатилиши таъминланди.

Сув омборларидаги назорат-ўлчов қурилмаларини автоматлаштириш бўйича Андижон, Оҳангарон ва Ҳисорак сув омборларига замонавий датчиклар ўрнатилди.

Қайд этиш жоизки, соҳа автоматлаштирилиб, деярли тўлиқ рақамлаштирилишига эришилди.

2024 йилда қабул қилинган гидроэнергетика соҳаси учун муҳим ҳужжат –Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Гидроэнергетика соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, гидроэнергетика қувватларини янада ошириш мақсадида тармоқни ривожлантириш стратегияси тасдиқланди.

Халқаро майдонда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ жаҳонда етакчи “топ учлик” рейтинг агентлиги — “Fitch Ratings”нинг “BB-” халқаро кредит рейтингини барқарор суверен даражада сақлаб келмоқда. Жамият миқёсида харидлар борасида ошкораликни таъминлаш учун Жамият доирасида харидлар жараёнлари форензик аудитдан ўтказилиб, халқаро Делойт компаниясининг ижобий хулосаси олинишига эришилди.

Мана, учинчи йилдирки, АЖ коррупцияга қарши бошқарув тизими ISO 37001 халқаро стандарт бўйича мувофиқлик сертификатига эга.

“Экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG)” нуфузли халқаро рейтинги 2023 йилда мамлакатимиз саноат корхоналари орасида АЖ томонидан биринчи бўлиб қўлга киритилган бўлса, 2024 йилда ушбу халқаро рейтинг мақоми 72 балл билан янада юқори поғонага кўтарилиб, Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори кўрсаткичга эга бўлишига эришилди.

Тадбирда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан жорий йилда амалга ошириладиган муҳим тадбирлар ва истиқболли лойиҳалар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Жумладан, 2025 йилда электр энергияси ишлаб чиқаришда ўтган йилга нисбатан 10 фоиз ўсиш суръатига эришиш, Инвестиция дастурига асосан умумий 3,3 млрд. долларга тенг 14 та лойиҳани амалга ошириш, умумий қуввати 222 МВт, йиллик ишлаб чиқариши 1 млрд. кВт.соатга тенг 38 та лойиҳани фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Матбуот анжумани давомида АЖ мутахассислари томонидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ

(“Халқ сўзи”).

Акмал МУҲАММАДОВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?