Чанг-тўзонлар қуршовида қолаётган шаҳар ёхуд Тошкент ҳавоси яқин йилларда табиий равишда яхшиланишидан умид борми?

Фото: "Халқ сўзи"
Тошкент охирги йилларда жаҳон ҳаво сифати рейтингида дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳри сифатида тез-тез тилга тушмоқда. Охирги бир ой мисолида айтганда, икки марта — 22 сентябрь ҳамда 6 октябрь кунлари пойтахтимиз ҳавоси ёмонлиги бўйича дунёда 1-ўринга чиқди.
Дарҳақиқат, 6 октябрь соат 10:00 ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри ҳавосида майда “РМ-2,5” дисперс зарраларининг концентрацияси 158 мкг/м3ни ташкил этди. “PM-10” туридаги зарарли заррачалар миқдори эса 269,7 мкг/м3га етди. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаган меъёрдан қарийб 6 баробар юқори бўлиб, инсон саломатлиги учун хавфли даража ҳисобланади. Бундан англашиладики, мамлакат бош кентининг ҳавоси экологик муаммо чизиғини аллақачон кесиб ўтиб, ижтимоий-иқтисодий масала даражасига кўтарилиб улгурди.
Тизимли муаммолар ҳосиласи
Хўш, яқин-яқингача ўзининг баҳаво гўшалари, сўлим боғлари, яшил масканлари билан барчани мафтун этган Тошкент нега чанг ва тўзонлар қуршовига тушиб қолди? Шаҳар ҳавоси булғанишининг асосий сабаби нима? Муаммонинг илдизи қаерда?
Иқлимшуносларнинг фикрича, Тошкент дунёнинг энг ифлосланган шаҳарлари қаторида юқори ўринларда туриши — бу тасодиф эмас, аксинча, иқлим ўзгариши, кўп йиллик шаҳарсозлик ва экологик сиёсатдаги тизимли муаммоларнинг ҳосиласидир.
— Сўнгги йилларда Тошкент халқаро ҳаво сифати индекси платформасида дунёнинг ҳавоси энг ёмон 120 та йирик шаҳри орасида 18 — 26-ўринларни эгаллаб турибди, — дейди Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти Амалий иқлимшунослик лабораторияси мудири Эркин Абдулаҳатов. — Ўрганиш ва кузатувлар таҳлилларига қараганда, шаҳар ҳавоси сифати, асосан, майда “РМ-2,5” заррачаси ҳисобига ёмонлашмоқда. Ушбу ифлослантирувчи заррача келиб чиқишининг бешта сабабини келтириш мумкин.
Биринчиси, шамол режимининг бузилиши ва ҳаво айланишига тўсқинлик қилувчи саноат зоналари ҳамда кўп қаватли бино-иншоотларнинг шамол йўлаклари қолдирмасдан қад кўтарилиши. Тошкентнинг жанубий ва ғарбий томонларида жойлашган йирик заводлар ҳамда аҳоли зич тураржойларидан чиқадиган чиқиндилар шамол йўналишлари билан шаҳар марказига қайта юзланиб, “смог эффекти”ни кучайтирмоқда.
Иккинчиси, автотранспортлар улуши катталигича қолмоқда. Тошкент шаҳрида ҳавога чиқадиган ифлос “РМ-2,5” моддаларининг 16 фоиздан ортиғи айнан автомобиллар ҳиссасига тўғри келади. Транспорт тизимида евро-меъёрларга мос келмайдиган ёнилғи турлари, дизель ва газ-двигателли машиналарнинг кўплиги, айниқса, куз-қиш ойларида ҳаво сифати ёмонлашишига мунтазам таъсир кўрсатмоқда.
Учинчиси, рельеф ва урбанизация зичлиги. Тошкент илгари нисбатан очиқ шамол водийларига эга бўлган. Сув объектлари, каналлар, ариқлар, дарёлардаги шарқироқ сувлар шамол ҳаракатини мунтазам кучайтириб келган. Аммо кейинги ўн йилликларда қурилишлар ҳаддан зиёд зичлашиб, микроиқлимий ҳаво айланиши йўқолди. Бу шаҳар устидаги ҳаво қатламининг “туриб қолиши”га олиб келмоқда.
Тўртинчиси, Жанубий Қозоғистонда чўлланиш жараёни тезлашиб, унинг Шарққа томон кучайиши ортидан пойтахтга йил давомида Ғарбий шамоллар орқали чанг ҳаво кириб келишини кўпайтириб юборди.
Бешинчиси, Тошкент атрофидаги иссиқхоналарда қиш фаслида кўмир ёқилиши оқибатида ҳавога кўтарилаётган майда заррачалар миқдорининг ортиши ҳам пойтахтда ҳаво сифатини совуқ мавсумларда ёмонлашишида асосий омилга айланди.
Қонун ишлаши керак
Ҳавонинг ёмонлашиб бораётгани ҳақида гап кетганда, шаҳар аҳолиси ва жамоатчилик фаоллари муаммонинг илдизини шаҳарсозлик сиёсатидаги кемтикликлар, пала-партиш қурилишлар билан боғлайди. Уларнинг иддао қилишича, пойтахтда бир қарич ҳам бўш ер қолмаяпти. Ҳатто кўп қаватли уйлар ўртасидаги болалар майдончаларига ҳам маҳалла идораси қуриш баҳонасида улкан иншоотлар пайдо бўлиб қолмоқда. Оқибатда шамол йўллари тўсилиб, ҳаво айланмаяпти.
Бу гапларда жон бор, албатта. Тошкент кейинги пайтда энг йирик бунёдкорлик майдонига айланган. Қурилиш ишларида айнан пойтахт етакчиликни қўлдан бермасдан келаётганини Миллий статистика қўмитаси маълумотлари ҳам тасдиқлайди. Унда келтирилишича, Ўзбекистонда 2025 йилнинг январь — август ойларида жами 188,5 трлн. сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, 2024 йилнинг мос давридагига нисбатан 11,5 фоиз ошган. Ушбу кўрсаткич ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Тошкент шаҳрида 56,2 трлн. сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилгани ҳолда, мамлакатда биринчи ўринни эгаллади.
Тўғри, шаҳар обод бўлгани, замонавий қиёфага киргани яхши. Бунга ҳеч кимнинг қаршилиги йўқ. Ҳамма эътироз ўша қурилиш майдонларида чанг кўтарилмаслиги учун сув сепиб, гард кўтарилишининг олдини олиш, атрофни тўрли воситалар ёрдамида ўраб қўйиш, транспорт воситалари кўчага чиқишидан олдин шиналарини лой ва тупроқдан тозалаш каби оддий ва ўта муҳим талабларни бажармаслигига бориб тақалмоқда. Ваҳоланки, мустақилликнинг дастлабки йиллари, аниқроғи, 1996 йилда қабул қилинган “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун ва бошқа ҳужжатларда булар акс эттирилган.
Ушбу қонунда аҳоли ўз ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атмосфера ҳавосидан фойдаланиши, атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмлар чиқарилиши ҳамда унга физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатиши туфайли ўз соғлиғига ва мол-мулкига зиён етказилган ҳолларда зарарнинг ўрни қопланиши фуқаролик ҳуқуқи эканлиги белгилаб қўйилган. Аммо айрим қурилиш компаниялари қонун талабларини четлаб ўтишга уринаётганию пойтахти азимнинг ҳавоси ёмонлашиб бораётгани, аввало, қонун ижросида сусткашликка йўл қўйилаётганидан далолат эмасми?!
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъуллари шаҳар ҳавоси ифлосланишига фақат антропоген (инсон фаолияти билан боғлиқ) омиллар эмас, балки табиий жараёнлар ва иқлим шароитлари ҳам кучли таъсир кўрсатмоқда, деган фикрни илгари сурмоқда.
— Тошкент қуруқ континентал иқлим минтақасида жойлашган бўлиб, ёзда ҳароратнинг юқори, қишда эса паст бўлиши билан характерланади. Бундай шароитда ҳаво ҳаракати суст кечади, бу эса ифлослантирувчи моддалар тарқалишини, яъни сийраклашишини қийинлаштиради, — дейди вазирликнинг Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва мониторинг бўлими бош мутахассиси Нозим Носиров. — Яъни инверсия ҳодисаси тез-тез кузатилади, бунда совуқ ҳаво паст қатламда, илиқ ҳаво эса юқорида тўпланади. Натижада ифлослантирувчи газлар ва чанг заррачалари паст қатламда “қамалиб” қолади. Қиш ойларида туман ва намлик кўпайиб, зарарли заррачаларнинг концентрацияси кескин ортади.
«Чанг мавсуми» бошландими?
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги 2024 йил бошида Тошкент шаҳри атмосфера ҳавоси ифлослангани ҳақида расмий баёнот бериб, муаммо ечими юзасидан бир қатор таклифларни ҳам илгари сурганди. Бироқ вазирликнинг ушбу чақириғи самараси амалда сезилмаяпти. Аҳоли, айниқса, кексалар ва беморлар совуқ тушиши билан пойтахт ҳавоси янада оғирлашиб, нафас олиш қийинлашиб кетишидан хавотирга тушмоқда.
Бу ҳадиклар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ, албатта. Иқлимшунослар таҳлилларига қараганда, октябрь ойидан пойтахтимизда “чанг мавсуми” бошланади. Ҳа, янглиш эшитмадингиз. Бошқа давлатларда ёмғирлар, туманлар мавсуми бўлса, бизда чанг ва ғуборлар ҳодисаси кузатиляпти. Бу ҳолат олти ой, то мартгача давом этиши шаҳар экологияси қанчалик абгор эканлигини айтиб турибди.
Ўтган йиллар тажрибасига қараганда, ҳаво сифати, айниқса, январь ойида ўта ёмонлашиш эҳтимоли юқори. Сабаби, ўша пайтда ҳавони ифлослантирувчи барча ресурслар ишга тушади. Бу етмаганидек, қурғоқчилик оқибатида чанг тўзонлари ҳам кўтарилиб, вазиятни баттар оғирлаштириши мумкин.
— Олдиндан бундай прогноз қилишга ҳали ҳеч қандай асос йўқ, — дейди Нозим Носиров. — Юртимизда нафақат Тошкент шаҳри, балки бутун республика миқёсида атмосфера ҳавосини муҳофаза этиш, унинг табиий таркибини сақлаш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунга мисол тариқасида транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш мақсадида “АИ-80” русумдаги бензин ёнилғисидан воз кечилмоқда. Яъни “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан сентябрь ойидан “АИ-80” русумидаги бензинни биржа савдоларига чиқариш тўхтатилди. Бунинг аҳамиятини англаш учун транспорт воситаларининг сифатли ёнилғида ҳаракатланиши туфайли атмосфера ҳавосини ифлослантиришда автоуловлар улуши 4 фоизга камайишини келтириш кифоя, назаримда.
Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 сентябрдаги тегишли қарорига асосан 2030 йилдан бошлаб Тошкент шаҳри ва унга туташ Тошкент вилояти ҳудудларида жойлашган иситиш ва электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарида ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш тақиқланади. 2025 йилнинг куз-қиш мавсумидан бошлаб захира ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишга фақат ҳукумат қарори асосида об-ҳаво ва технологик режимлардан келиб чиққан ҳолда йўл қўйилиши белгиланган.
Бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳавога зарарли ташламаларни камайтириш мақсадида мазут ёқилғисидан фойдаланадиган иссиқлик марказларини чанг-газ тозалаш ускуналари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бундай тадбирлар саноат корхоналарида ҳам олиб борилаётгани кишида ҳаво мусаффо бўлишига умид учқунларини уйғотяпти. Масалан, 2024 йилда 185 та саноат корхонасида чангни тозалаш ускуналари модернизация қилинган бўлса, 2025 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, яна 75 та саноат корхонасида 140 га яқин чангни тозалаш ускуналари модернизацияси бажарилган.
Экологик ҳаракатлар ҳозирча сезилгани йўқ
Экспертларнинг фикрича, Тошкент ҳавосининг сифат кўрсаткичлари пасайиб кетган бўлса-да, ифлосланиш манбалари бўйича реал вақтли мониторинг етишмайди. Ҳозирги тизим, асосан, реактив характерда бўлиб, муаммо юзага чиққанидан кейин чора кўрилади, холос. Шунда ҳам аниқ бир профилактик ёндашув йўқлиги туфайли вазият ижобий томонга силжимаяпти. Бу ҳолатни ўзгартириш учун Тошкентнинг атмосфера динамикаси бўйича янгиланган аэроиқлимий хариталар, ифлосланиш тарқалиши моделлари ва реал вақтли сенсор тармоқлари асосида шаҳарни қайта экологик балансга келтириш ўта зарур.
Миллий қонунчилигимизда атмосфера ҳавосининг ҳолати ҳамда уни муҳофаза этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органлари ўз вақтида ва ишончли ахборот бериб бориши зарурлиги белгилаб қўйилган. Масалага ана шу жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, ўз-ўзидан атмосфера ҳавоси сифат кўрсаткичини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатиш ишлари қандай кечаётгани экологияга беэътибор бўлмаган кишиларни қизиқтириши табиий, албатта.
Гидрометеорология хизмати агентлигидан билдирилишича, 1970 йилдан бошлаб республиканинг 25 та йирик ва саноатлашган шаҳрида жами 65 га яқин ҳаво сифатини ўлчовчи стационар постлар фаолияти йўлга қўйилган. “Ўзгидромет” мазкур стационар постларда мунтазам ҳавонинг сифатини ўлчаб келади. Ўз навбатида, Тошкент шаҳрида агентликнинг 8 та автоматик фон мониторингини амалга оширадиган “Ҳориба” русумидаги автоматик станциялар ўрнатилган.
— Ҳукуматнинг тегишли қарори билан туман ва шаҳарларда автоматлашган кичик станцияларни ўрнатиш бўйича манзилли рўйхат тасдиқланган, — дейди Нозим Носиров. — Мазкур рўйхатга асосан, атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичлари доимий назоратини олиб бориш мақсадида бугунги кунда 347 та автоматик мониторинг станциясини харид қилиш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. Ушбу автоматик мониторинг станциялари ўрнатилгач, бевосита “monitoring.meteo.uz” платформасига интеграцияланади ва республика миқёсида атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичларини реал вақт режимида кузатиш имконияти яратилади.
Очиғи, Тошкент ҳавоси бирданига ёмонлашиб қолгани йўқ. Таҳлилий ва қиёсий маълумотлар кўрсатишича, бу жараён 2016 йиллардан бошлаб тезлашган. Яъни иқлим ўзгариши шароитида ҳароратнинг муттасил юқори кўтарилиб бориш фонида минтақада чўл деградацияси кузатилмоқда. Бу эса ҳавода табиий равишда чанг массаси ортиши, урбанизация эса шаҳарларда ҳам табиий чанг, ҳам қурилиш ва бошқа антропоген чанглар кўпайишига олиб келди. Оқибатда Тошкент ҳавоси ифлослиги баланд бўлган Фарғона, Навоий, Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларини ортда қолдириб, биринчи ўринга чиқиб олди.
Пойтахт ҳавоси сифатининг яхши эмаслигини мутасадди вазирлик ва идоралар ҳам инкор этмаяпти. Шу билан бирга, қачон унинг инсон саломатлиги учун хавфсиз даражада бўлиши ҳақида ҳам аниқ гап йўқ.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг куйиниб айтишича, пойтахт ҳавосини яқин йилларда табиий равишда яхшиланишидан умид йўқ: йилдан-йилга ёмонлашиб кетаверади. Чунки вазиятни яхшилаш борасида деярли катта экологик ҳаракатлар ҳалигача бошланмади. Қурилиш ва лойиҳалаштиришда шамол эсишини таъминлаш мақсадида аэродинамик усуллар асосида архитектура қурилиш стандартлари ҳамда шамол йўлакларини инобатга олиш тавсия этилади.
Огоҳлик қўнғироғи
Ёши олтмишдан ошган қўшнимиз уйини сотмоқчи бўлганини эшитиб, ҳайрон бўлдим.
— Соғлиғим кўтармаяпти, бу чангли ҳавода нафасим қисиб қоляпти, — дейди у. — Биласизми-йўқ, бронхиал астма азоб бериб келади. Кейинги пайтда бу дард кучайиб кетди. Шифокорлар баҳаво жойларда юринг, дейди. Ноилож, уйимни сотиб, ҳавоси тоза жойдан бошпана қиламан. Лекин бу ёшда бегона жойда қўним топиш, ота қадрдонларни ташлаб кетиш осон эмас...
Башарти, вазият оғир экан, чанг таъсирини камайтириш, энг бебаҳо бойлик саналган саломатликни сақлаш учун нима қилмоқ керак? Ахир, шифокорлар бот-бот огоҳлантираётганидек, чанг соғлиқ кушандасидир. Ҳаво ифлосланиши оқибатида чанг заррачалари оғиз-бурун, ҳатто ўпкага таъсир қилиб, илгари кашандаларда кузатилган касалликлар кўпайиб бораётгани айтилмоқда. Бу экологик бўҳрон нафас йўлларида онкологик касалликларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳам инкор этилмаяпти.
Чанг-ғуборли ноқулай об-ҳаво шароитида қандай тиббий тавсияларга амал қилиш лозим?
— Бундай вазиятда имкон қадар очиқ ҳавода юрмаслик зарур, — дейди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Розиқова. — Айниқса, бронхиал астма, аллергик ринит, аллергик конъюктивит, томоқ қичишиши билан кузатиладиган йўтал, бронхит, бронхлар гиперреактивлиги ва бошқа нафас йўли сурункали касалликлари бор инсонлар ташқарига чиқмасликлари керак. Чунки тўзонли ҳаво таркибида ўсимлик чанглари, замбуруғ споралари жуда катта концентрацияда бўлади. Шу боис хасталиклари бор кишилар шифокор маслаҳати билан аллергияга қарши дори воситалари дозаларини оширишлари лозим.
Хона ёки иншоотларни нам латта билан тозалаб туриш, уй ёки бино ичига, атрофига сув солинган идишлар қўйиш чанг даражасини пасайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, бундай вазиятда нам сочиқларни осиб қўйиш, кондиционер ва ҳавони тозалаш тизимлари ҳам асқатади. Деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш, кўпроқ сув ичиш, тез-тез душ қабул қилиш нафас олишни енгиллаштиради. Оғиз ва бурун бўшлиғини тузли эритма билан ювиб туриш ҳам катта самара беради. Очиқ ҳавода юрганда, албатта, тиббий ниқоб тақиш ва уларни тез-тез алмаштириш шарт. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва ёши катта инсонлар ҳам бундай вазиятда эҳтиёткор бўлишлари тавсия этилади.
Тиб илмининг асосчиси Абу Али ибн Сино айтганидек, “Агар ҳавода чанг ва тўзон бўлмаса эди, киши минг йил яшаган бўларди”. Шу маънода, пойтахт ҳавосининг аҳоли саломатлигига кўрсатаётган таъсирини илмий жиҳатдан тадқиқ қилиш зарур. Бинобарин, вазият шундай давом этса, яқин келажакда аҳоли эмин-эркин нафас олиши учун кислород баллонларига эҳтиёж сезиши прогноз қилинмоқда. Бу келажагига бефарқ бўлмаган жамият учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб жаранглаши шарт!
Саид РАҲМОН («Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг