Ўзбек қизи — Олимпия чемпиони!

Спортчи Олимпиададаги битта ёрқин ғалабаси билан ўз номини, мамлакати номини тарих саҳифасига ёзиши мумкин. Энди шундай ўз номини, мамлакати номини тарих саҳифасига ёзган спортчилар қаторида Париж олимпиадасида Олимпия чемпиони бўлган ўзбек қизи Диёра Келдиёрова ҳам алоҳида ҳурмат билан тилга олинади.
Халқимиз бу тарихий ғалабани йиллар, асрлар кутди. Негаки, қадимий олимпиада эрамиздан аввалги 776 йилдан то милодий 394 йилгача ҳар тўрт йилда Грециянинг Олимпия шаҳрида ўтказилган. Франциялик маърифатпарвар Пьер де Кубертен Олимпия ўйинларини тиклаш ғоясини кенг тарғиб қилди. Замонавий олимпиада 1896 йилдан ҳар тўрт йилда ўтказиб келинмоқда. Юртимиз спортчилари мустақил жамоа сифатида 1996 йилги Атланта олимпиадасидан қатнаша бошлади. Ўтган олимпиадаларда ўзбек қизи медаль олишгина эмас, ҳатто айримларида қатнашмади.
Зар қадрини заргар билади. Таниқли спорт журналисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остоновнинг қирқ йиллар илгари ёзган мақолаларидаги оғриқли жумлаларга эътибор беринг: “Ўзбекистон жамоаси сафланганда улар орасида бирорта қоракўз бормикин, дея илҳақ тикилардим”, “Ўзбек спортчи қизлари ҳақида кўп ўйлардим. Тўғриси, жуда алам қилди. Мамлакат миқёсида танилган бирорта ўзбек қизимиз йўқ экан...” Ҳа, мустабид тузумга ўзбеклардан чиққан спортчи эмас, пахтакор керак эди. Шуларни ўйлаганда журналист эзиларди: “Тўмариснинг қондошлари, жондошлари ғариб бўлиб қолганидан, елкаси кетмондан яғир бўлаётганидан, орзулари ғўзалар новдаларига боғланиб қолаётганидан фарёд қилгим келарди”. Шу боис Сафар Остонов соҳани ривожлантиришга ҳиссасини қўшиш учун истиқлол шабадаси билан ўзбек тилида чиқарилиши режалаштирилган “Спорт” газетасига ишга келди ва дастлабки сонидаги бош мақоласида ёзди: “Бу дардлар, оғриқлар, армонлар диёнатли, виждонли, онгли барча ҳамюртларимиз юрагида бор. Шунинг учун “Спорт”га келдим... Биз спортга миллат саломатлиги, обрўси, маданияти, куч-қудрати деб қараймиз ва ёзаётганимизда буни асло унутмаймиз”.
Ўзбек қизининг Олимпия чемпиони бўлишини интизорлик билан кутган Сафар Остоновга ҳаёт вафо қилганида қандай мақолалар ёзган бўларди?.. Мақола ёзиш нима бўпти, рангли-безакли махсус сон тайёрларди! Шукурки, юртимизда ўзбек қизларининг камолга етишига, шонли ғалабаларга эришишига жон койитадиган фидойилар бор эди ва улар ҳозир ҳам бор. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Диёрани оламшумул ғалабаси билан кураш тугаши билан телефон орқали табриклагани, эзгу тилакларини билдирганлари бунинг ёрқин исботидир!
Дунё миқёсида давлатнинг салоҳияти вакилларининг олимпиадада қўлга киритган медаллари салмоғига қараб белгиланади. Мана энди Ўзбекистонимиз дунё миқёсида салоҳиятли давлат эканлигини ҳамма билади. Чунки Олимпия чемпиони бўлиб, ўз юртини шарафлаган спортчилар сафида Диёрамиз ҳам бор. Бу спортимиз, юртимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган ОЛАМШУМУЛ ҒАЛАБА!
Чорак аср илгари биров 1998 йил 13 июль куни Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани Пўлатчи маҳалласидаги оддий ўзбек оиласида(отаси Бахтиёр пахта тозалаш заводида ишчи, онаси Дилором боғчада тарбиячи эди) туғилган Диёра келажакда Олимпия чемпиони бўлади деса ҳеч ким ишонмасди. Ҳатто озғингина қизалоқнинг спортчи бўлишини кўз олдига келтира олмасди. Бироқ, бунга бувиси Гулсара момо ишонди. Ўзи набирасини тарбиялади, спорт ўйинларига қизиқтирди, шуғуллантирди(шунинг учун “Бувисининг қизи” номини олган). Олти ёшида Жумадаги болалар ва ўсмирлар мактабига етаклаб борди, дзюдо тўгараги мураббийи Хуршида Холиқовага топширди. Мураббийга Диёранинг машғулотлар пайтидаги тиришқоқлиги ёқди ва мусобақаларга қатнаштира бошлади.
Тўрт йилдан кейин дзюдо бўйича 23 кг. вазн тоифасида(ўша вақтда вазни 24 кг. тош босадиган гирдан кам эди) ўсмирлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон биринчилигида ғолиб чиқди ва мамлакат терма жамоаси аъзолари рўйхатига киритилди. 2014 йил Нанкин шаҳрида ўсмирлар ўртасидаги Осиё ўйинларида бронза медали олганидан бувиси қувонди. 2015 йили ёшлар ўртасида Ўзбекистон биринчилигида ғолиб чиққанини эса кўрмади... Ўғли ва келинига шундай васият қилди: “Диёрага спортда ёрдам беринглар, қўллаб-қувватланглар. Ғалабаларини мен кўрмасам ҳам эл кўрса бўлди”.
Диёра бувисининг руҳини шод қилиш учун дзюдо билан янада қаттиқроқ шуғулланди, катталар ўртасида Ўзбекистон, Осиё чемпиони бўлди, Осиё ўйинларида ғолиб чиқди, жаҳон чемпионати, “Улкан тож” мусобақаларида совринли ўринларни эгаллади. Дзюдочилар орзуси бўлган “Улкан тож”ни ҳам қўлга киритди. Унинг спортда эришаётган муваффақиятлари муносиб баҳоланди: “Келажак бунёдкори” медали, Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” унвони билан тақдирланди.
Ҳар бир альпинистнинг орзуси Эверест чўққисини забт этиш, ҳар бир спортчининг орзуси Олимпия чемпиони бўлиш! Диёра Токио олимпиадасини эслаганда биринчи даврадан чиқиб кетгани алам қиларди ва машғулотларга зўр берарди. Париж олимпиадасининг дзюдо бўйича 52 кг. вазн тоифасидаги мусобақалари бошланди. Қуръа натижасига кўра, Диёранинг биринчи даврадаги рақиби Токио олимпиадаси чемпиони, дзюдо ватанидан бўлган япониялик Ута Абэ (унинг унвонларини санасак, кўп жой эгаллайди. Бунинг устига Диёра жаҳон чемпионати финалида Утага ютқазганди).
Тажрибали Ута дастлабки сониядан ташаббусни қўлга олди, усул ишлатиб, ҳисобда олдинга ўтди. Вақт ўтиши жуда тезлашди, жангни якунлайдиган тўртинчи дақиқа бошланди. Тиришқоқ, иродали Диёра маҳоратини кўрсатиб, рақибини силтаб отди. Рақиби татамига узала ётди – иппон. Диёранинг ғалабаси! Агар дзюдо асосчиси Дзигоро Кано бу усулни кўрганида японча мулозамат билан Диёрага таъзим қиларди.
Иккинчи даврадаги рақиб ҳам кучли, жаҳон чемпионати совриндори, олмониялик Маша Белхаус. Диёра жанг бошида ташаббусга эришди, кетма-кет усул ишлатишга уринди. Рақиби эса фақат ҳимояланди ва огоҳлантиришлар олди. Ҳакам ҳужумкор Диёрани ғолиб деб топди. Учинчи даврадаги рақиб: Токио олимпиадаси кумуш медали совриндори, франциялик Амандин Бушар. Нияти ўз юртида Олимпия чемпиони бўлиш, бунинг устига майдондаги томошабинлар уни қўллаб-қувватларди.
Муросасиз кечган жангда Диёра усул ишлатди ва устунлигини сақлаб қолди. Тўртинчи, яъни финалдаги рақиб ҳам кучли: 48 кг. вазн тоифасида Токио олимпиадаси чемпиони, косовалик Дистрия Красничи. Кўзлари чақнаб татамига чиққан Диёра рақибига нисбатан усул ишлатди.
Тажрибали рақиби қанча уринмасин бу устунлигини бой бермади – ҒАЛАБА, ЎЗБЕК ҚИЗИ – ОЛИМПИЯ ЧЕМПИОНИ! Бу спорт тарихимиздаги зарҳал саҳифанинг бошланиши. Ишончим комил, ҳали бошқа қизларимиз ҳам Олимпия чўққисини забт этиб, дунё аҳлини ҳайратга солади. Чунки Президентимиз спортчиларимиз, айниқса, қизларимизнинг ана шундай юксак муваффақиятларга эришишлари учун барча шароитларни яратиб беряптилар.
Ғалабанинг ғалабадан фарқи бор. Диёранинг Париж олимпиадасидаги рақиблари Олимпия чемпионлари, олимпиада ва жаҳон чемпионати совриндорлари бўлди. Яъни, улардан бошқа зўри йўқ. Кескин ўтган жангларда Диёра барча рақибларидан устун келди, миллий курашимиздан озиқ олган ўзбек дзюдо мактаби жаҳонда ҳам ўз ўрнига эга эканлигини исботлади.
Шу боис Диёранинг ғалабаси дунё аҳлида ҳайрат уйғотди. Барча Диёрани самимий қутлади. Биринчилардан бўлиб табриклаганлар орасида Япониядаги шаҳар ҳокими(ҳолбуки, унинг юртдоши ҳам ютқазди), Англия элчиси ва бошқа арбоблар ҳам бор.
Халқаро Олимпия қўмитаси расмийлари эса Лозаннаги Олимпия музейига қўйиш учун Диёранинг финалда кийган кимоносини олишди. Ҳурмату эҳтиромлар давом этади, мақолалар ёзилади, асарлар яратилади. Диёра Келдиёрованинг ғалабаси ана шундай эъзозларга, ардоқларга арзийдиган БУЮК ҒАЛАБА!
ДИЁРА
Мардлар олишмайди, силтаб отади.
Барчиннинг Алпомишга даъвати.
“Алпомиш” достонидан.
Қанча ёвқурларни кўргандир дунё,
Кунчиқар юртда ҳам тинмасди саваш.
Ва шунда яратди Дзигоро Кано,
“Юмшоқ йўл” аталган янги бир кураш.
Дзюдо – юмшоқ йўл, дегани фақат
Унда ғалабага эришмоқ қийин.
Олимп чўққисига чиқмоқ машаққат,
Қанча мардлар бели синиши тайин.
Доим жилва сочар Олимп чўққиси,
Ҳар кимнинг орзуси ушалмас кушод.
Ўйласа, полвонлар қочар уйқуси,
Уриниб кўргандир Абдулла, Ришод...
Бизда Алпомиш танг қолса майдонда,
Четда Барчин чорлар силтаб отишга.
Барчин қизлар бордир Ўзбекистонда,
Диёра даъвогар силтаб отишга.
Олимпни забт этган япон қиз Ута,
Чемпионлик истар иккинчи бора.
Жангни кузатади ҳамма ҳайратда,
Чунки рақибаси эпчил Диёра.
Ута японга хос усул ишлатар,
У олдинда, чопар сония мили.
Ута татамига узала ётар,
Уни қулатганди ўзбекнинг чили.
Кўкда пайдо бўлар Дзигоро Кано,
Диёрага мамнун айлайди таъзим.
Паҳлавон Маҳмуд ҳам самода пайдо,
Дейди: “Менга тортган Диёра қизим”.
Кўкда пайдо бўлар Гулсара момо,
Устозларга йўллар таъзим ва салом.
Шукур, набирамни сийлади Олло,
Сиздай пирлар руҳи қўллади мудом.
Ҳали ютуққача заҳматли йўл бор,
Татамида кутар олмон зўр қизи.
Дейдилар, зўрдан зўр бўлар зўрабор,
Қаранг, Диёранинг чақнади кўзи.
Майдон гувлар, чиқар фаранг Амардин,
Парижда сурмоқчи ғалаба гаштин.
Жанг бошланди, майдон гувлар, олмас тин,
Шовқин Диёранинг оширди шаштин.
Олимпга чиққандир хорват Дистрия,
Чемпион бўлмоқчи иккинчи бора.
Қанча рақибларин этганди қия,
Унга йўл бермади бизнинг Диёра.
Тўртта аёвсиз жанг ва тўрт дақиқа,
Диёрани машҳур қилди жаҳонга.
Кўксида порлайди олтин ақиқа,
Катта тўй муборак Ўзбекистонга!
Элда етти ёшдан етмиш ёшгача,
Барча хурсанд, дилу тилларда шукур.
Юртбоши сим қоқар шу ойдин кеча,
Диёрани қутлар, айтар ташаккур.
Азал холисликка тимсолдир офтоб.
Ютқазган япон қиз унинг яқини,
Диёрани қутлар япон ҳокими,
Инглизлар элчиси, мухлису арбоб.
Диёримга меҳрим бисёрдан бисёр,
Диёрадай қанча фарзандлари бор.
Ҳур Ўзбекистоним гўзал, бетакрор,
Бироқ, Диёранинг ўзи бир диёр!
Асрор МЎМИН,
шоир ва таржимон,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг