Ўз келажагини билим билан қураётган Ибрат издошлари

14:26 09 Август 2024 Жамият
213 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номли ижод мактабининг 7-синфига янги ўқув йили учун 20 та квотага 667 та ҳужжат келиб тушди. Бу ҳар бир ўринга 33 нафар талабгор тўғри келади. Илм даргоҳининг юқори нуфузидан нишона. Билимга чанқоқ ўғил-қизларни бу илм даргоҳи оҳанрабодек ўзига тортаётган сири нимада? Ижод мактабида умумтаълим фанлари билан бирга инглиз, француз, немис ва корейс тилларининг чуқур ўқитилиши, ҳавас қиларлик шароитлар яратилганлиги ҳисобга олинса, масала ойдинлашади. Энг аввало, ўқувчилар хорижий тилларни ўрганишда стандарт техник жиҳозлардан ташқари, назарий билимларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган махсус синф хоналаридан фойдаланади. Улар Smart TV, электрон доска, лингафон, компьютер ва бошқа замонавий воситалар билан жиҳозланган. Ўқитувчилар алоҳида талаблар асосида ишга қабул қилинган бўлиб, умумтаълим фанларига камида 2-тоифа, чет тилларига камида 1-тоифали, хорижий тил билиш С1 сертификатига эга мутахассислар танланган. Ўқувчиларни қабул қилишнинг ҳам ўзига хос талаблари бор. Улар ижодий матн яратиш, танлаган тил бўйича юзма-юз суҳбат, тест синовлари асосида босқичли имтиҳон топширади.

Ихтисослаштирилган мактабда машғулотлар халқаро таълим стандартлари ва талаблари, илғор педагогик, ахборот-коммуникация ва инновация технологиялари асосида ишлаб чиқилган таълим дастурлари, Cambridge дарсликлари, бадиий адабиётлар асосида ташкил этилади. Ҳар бир ўқувчига иккинчи хорижий тил ҳам ўқитилади.

Иқтидорли ёшлардан бири Динарабону Баҳодирова 2023 йилнинг октябрь ойида Корея Республикаси Таълим вазирлиги ва Халқаро корейс тили таълим жамғармаси томонидан хорижда корейс тили дарсларини ўтаётган ўрта ва юқори синф ўқувчилари учун ўтказилган танловда фахрли ўринни эгаллади. 9-синф ўқувчилари Самандар Нўмонов ва Одина Рустамжонова жорий йил март ойида Германиядаги Goethe институти ташаббуси билан «Schulen: Partner der Zukunft» (PASCH) томонидан ўтказилган танловда ғолиб бўлиб, Германияга саёҳат учун ёзги ёшлар оромгоҳи грантини қўлга киритди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Ихтисослаштирилган мактабдаги таълимнинг ўзига хос жиҳатларидан бири, унга қабул қилинаётган ўқувчилар бадиий ижоднинг бирор турига мойиллиги, бошланғич маҳоратини сайқаллаштириш йўлида намоён бўлади. Бу ўғил-қизларнинг назм ва насрда бемалол қалам тебратиб, бир қатор иқтидор эгалари илк китобларини нашрдан чиқаришга муваффақ бўлганида яққол кўринади. Масалан, Дурдона Бекмирзаева «Ҳақиқатга айланган эртак», Дилшода Ҳакимова «Ёруғ йўл», Муслима Эргашалиева «Тўлиб борар орзум», «Баҳор табассуми», «Поп ғунчалари», Манзура Абдуллаева «Хонзодабегим» деб номланган китобларини адабиёт ихлосмандларига тақдим этди.

Маълумки, ҳар бир таълим муассасаси фаолиятининг пировард натижаси битирувчиларининг ҳаётдан муносиб ўрин топиши, хусусан, ўзи танлаган йўналиш бўйича олий ўқув юртларига кириш даражаси билан ўлчанади.

— 2020-2023 ўқув йилларида битирувчиларимизнинг 100 фоизи хорижий тилларни билиш даражасини белгиловчи халқаро сертификатларни қўлга киритиш билан бир қаторда муддатидан олдин нуфузли олий таълим муассасаларига қабул қилинди, — дейди ижод мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Акмалжон Мўминов. — Улардан 7 нафари «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендияси соҳиби бўлиб, бугунги кунда 6 нафари АҚШда, бир нафари Германияда таҳсил олмоқда. 14 нафар битирувчимиз тўлиқ грант асосида Туркия, Германия, БАА ва Полша давлатларидаги олий таълим муассасаларида ўқимоқда. Жорий йилда мактабимизни тамомлаган 17 нафар ўғил-қизнинг барчаси олий ўқув юртларига имтиёзли равишда қабул қилинди.

Хорижий тилларга ихтисослаштирилган Исҳоқхон Ибрат номли ижод мактаби 2017 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган, биринчи ўқув йилида 7-11-синфларга 100 нафар ўқувчи қабул қилинган. Бугунги кунда мазкур таълим масканидаги 8 та синфда 160 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Улар ўз даврининг илғор фикрли инсонлари ҳисобланган жадидлардан бири — буюк маърифатпарвар, матбаачи ва таржимон Исҳоқхон Ибрат бобомиз сингари чет тилларни мукаммал эгаллашни, келгусида мамлакатимизда Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйишни мақсад қилган ёшлар, десак, муболаға бўлмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер