Отилган Трамп, айбланувчи Имрон ва Орбан сиёсати (+видео)

20:07 15 Июль 2024 Дунё
258 0

Марказий разведка бошқармасининг собиқ таҳлилчиси Трампга суиқасд уюштирилишида Махфий хизматни айблади

Махфий хизмат республикачи номзод Дональд Трампга суиқасд уюштириш учун жавобгардир, чунки улар хавфсизликни назорат қилиш бўйича тегишли ишларни бажара олмаган. Бу фикрларни Марказий разведка бошқармасининг собиқ таҳлилчиси Ларри Жонсон айтиб ўтди.

Унга кўра, хизмат нафақат тадбир ўтказиладиган жойни, балки бутун периметрни тўлиқ текшириши керак эди.

«Бундай вазиятларда сиз барча йўналишлардан камида 500 ярд (тахминан 457 метр) масофада потенциал ўқ узиши мумкин бўлган одамларни кўришингиз керак эди», дейди у содир бўлган уйнинг томида агент бўлиши кераклигини қўшимча қилиб.

Манбаларга кўра, ўқ узган шахс ва Трамп ўртасида масофа тахминан 130 метр бўлган.

Шу ўринда Жонсон Махфий хизматни қобилиятсиз ёки суиқасдни режалаштиришда иштирок этган, деган хулосага келди.

Аввал хабар берганимиздек, кеча АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга суиқасд уюштирилди. Ҳодиса у Пенсильванияда ўз тарафдорлари билан учрашув вақтида юз берди. Трамп қулоғидан яраланди ва хавфсизлик хизмати ходимлари қуршовида воқеа жойини тарк этди. Махфий хизмат ўқ узган одамни ўлдирган. Ҳодиса оқибатида сайловолди митинг иштирокчиларидан бири ҳалок бўлган, яна икки нафари оғир яраланган. Трампни ўлдирмоқчи бўлган шахс Пенсильвания штатида яшаган 20 ёшли Томас Метю Крукс бўлиб чиқди.

Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хонга янги айбловлар эълон қилинди

Покистон суди собиқ бош вазир Имрон Хон ва унинг рафиқаси Бушра Бибини «Тошахона давлат ғазначилигидан совғалар олишда ваколатларини суиистеъмол қилиш» билан боғлиқ янги айбловлар билан 22 июлга қадар қамоққа олди. Бу ҳақда «Geo» телеканали хабар берди.

Покистоннинг коррупцияга қарши кураш агентлиги Миллий жавобгарлик бюроси янги айбловни шанба куни Исломобод суди Хон ва унинг рафиқаси апелляциясини қондириб, ноқонуний никоҳ иши бўйича ҳукмни бекор қилганидан бир кун ўтмасдан қўзғатди.

«Ҳисобдорлик суди Миллий жавобгарлик бюросига икки гумонланувчини «Адиала» қамоқхонасида сўроқ қилишни топширди, шунингдек, эр-хотинни 22 июль куни судга келишни буюрди», — дейилади телеканал хабарида.

Ўз навбатида, собиқ бош вазир ва унинг рафиқасининг адвокати бу ҳибсга олиш ноқонуний эканини айтиб, уларнинг гаров эвазига озодликка чиқариш ҳақидаги ариза Олий судда кўриб чиқилаётганини қўшимча қилди.

2018 — 2022 йиллар Покистон ҳукуматини бошқарган Имрон Хон 2022 йилнинг 10 апрелида ўзига қарши ўтказилган ишончсизлик вотуми натижасида лавозимидан четлаштирилган эди.

2023 йил август ойида Хон «Тошахона» давлат хазинасидаги қимматбаҳо буюмларни сотиш билан боғлиқ фирибгарлик иши бўйича ҳибсга олинган. Кейинчалик унга бир қатор айбловлар, хусусан, махфий телеграмма тарқатиш билан боғлиқ давлатга хиёнат ва бошқа бир қатор айбловлар қўйилди. Хонга қўйилган айбловларни кўриб чиқиш чоғида аксарияти олиб ташланган, бироқ собиқ бош вазир ноқонуний никоҳ иши бўйича ҳибсда қолаётган эди.

Аввалроқ, БМТнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳи қамоқдаги Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хонни зудлик билан озод қилишни талаб қилиб, унга нисбатан қўзғатилган камида иккита иш «сиёсий мотивлар» эканини ва уни сиёсий ҳаётдан четлаштиришга қаратилганини айтганди.

Ўз навбатида, Покистон Адлия вазири Аъзам Назир Тарар собиқ бош вазир Имрон Хонга қарши суд жараёнларини Покистоннинг ички иши деб атади.

Виктор Орбан Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарларига Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича ўз режасини етказди

Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича тинчлик режаси Европа Иттифоқи барча давлатлари етакчиларининг столида турибди.

Бу ҳақда ҳукумат раҳбарининг сиёсий директори Балаж Орбан «Magyar Nemzet» газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди. «Вазиятни реал баҳолаш, реал мақсадлар ва мос вақт жадвали — мана бизнинг ёндашувимиз нимага асосланади», дея қўшимча қилган сиёсатчи.

Расмийнинг сўзларига кўра, Венгриянинг ролини ортиқча баҳоламаслик лозим, аммо Орбан икки ҳафта ичида «дунёнинг аксарият давлатлари йиллар давомида кутган» бир нечта учрашувларни ўтказишга муваффақ бўлганини эътибордан четда қолдирмаслик керак.

Балаж Орбаннинг сўзларига кўра, Будапешт Европа Иттифоқига раислигининг бутун даврини «тинчлик музокаралари учун шарт-шароит яратиш учун сарфлайди ва сиёсий ташаббусларни» кўриб чиқади.

«Венгрия Бош вазири Европа Иттифоқи раҳбарларига ўзининг ташрифлари ҳақида батафсил маълумот берди. Бу сафарлар жуда муҳим эди, чунки айни дамда мамлакатимиз урушаётган томонлар ва энг муҳим воситачи ўйинчилар қандай фикрда экани, турли манфаатлар ўртасида қандай маневр қилиш мумкинлиги ҳақида янги ва аниқ маълумотларга эга бўлган ягона давлатдир», дейди сиёсатчи.

Унинг сўзларига кўра, агар Европа тинчликка жиддий ёндашса, у «ҳеч бўлмаганда амалга ошириш имконияти минимал» бўлган режани яратиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?