Ўсмирлар Олимпиадаси қаҳрамонлари катта тантана билан кутиб олинди

10:46 22 Октябр 2018 Спорт
3050 0

6 — 18 октябрь кунлари Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес шаҳрида III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари бўлиб ўтди.

Мазкур “Кичик Олимпиада” ўзбекистонлик ёш атлетлар 5 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза жами 16 та медални қўлга киритиб, 206 мамлакат ичида 13-ўринни эгаллади.

Бугун тунда ушбу мусобақада иштирок этган спортчиларимиз юртимизга қайтиб келишди. Улар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали тарзда кутиб олинди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, спортчиларнинг яқинлари, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбир давомида Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов сўзга чиқар экан, мусобақада муваффақиятли иштирок этган ёш спортчиларимизни табриклади. Мамлакатимизда спортга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бераётганини алоҳида қайд этиб ўтди. Қўлга киритилган ютуқлар учун спортчи ва мураббийларга миннатдорчилик билдирди.

Тадбирда сўзга чиққан Аргентина Олимпиадасининг олтин медали соҳиблари Кумуш Файзуллаева, Умид Жалолов яратилган шароитлар ва имкониятлар учун муҳтарам Президентимизга миннатдорчилик билдиришди.

Шунингдек, спортчиларимизнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб, ўзларининг энг самимий тилакларини изҳор этишди.

Қайд этиш жоизки,III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида Ўзбекистон ўз рекордини янгилади. Гап шундаки, тўрт йил олдин Нанкинда бўлиб ўтган ўсмирлар Олимпия ўйинларида спортчиларимиз 10 та медаль қўлга киритгандилар.

Суратлар муаллифи: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?