Осиё ўйинларида ғолиб бўлган касаба уюшма спортчиларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди

22:19 14 Октябр 2023 Спорт
647 0

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган XIX Осиё ўйинларида иштирок этиб, ёрқин ғалабаларни қўлга киритган касаба уюшма спортчилари ва уларнинг мураббийларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Маълумки, Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIX Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза, жами 71 та медалга сазовор бўлиб, 45 та мамлакат орасида фахрли бешинчи ўринни эгаллади.

Ватанимиз шарафини улуғлаб, уни дунёга танитишга ҳисса қўшган спортчилар сафида Ўзбекистон касаба уюшмалари спортчиларининг ҳам борлиги қувонарлидир. Ўзбекистон касаба уюшмалари спортчилари XIX Осиё ўйинларида эришилган ёрқин ғалабаларга муносиб ҳисса қўшиб, юртимизга медаллар шодаси билан қайтдилар.

Таъкидлаш ўринлики, XIX Осиё ўйинларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари орасидан саралаб олинган 23 нафар касаба уюшма спортчиси иштирок этиб, умумий ҳисобда 6 та олтин, 7 та кумуш, 3 та бронза, жами 16 та медални қўлга киритдилар.

Касаба уюшма спортчилари, хусусан, спортнинг академик эшкак эшиш, каноэда эшкак эшиш, слаломда эшкак эшиш, оғир атлетика, енгил атлетика, босқон улоқтириш турлари бўйича ўз маҳорати, тажриба ва салоҳиятини намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.

Тадбирда XIX Осиё ўйинларида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган 16 нафар касаба уюшма спортчиси ҳамда уларнинг 17 нафар мураббийси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мукофотлари билан тақдирланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?