Осиё чемпионати олдидан Ўзбекистон футбол ассоциациясида матбуот анжумани бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 1-21 март кунлари Австралия мамлакатида аёллар футболи бўйича Осиё чемпионати мусобақаси бўлиб ўтади. Ушбу турнирда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам иштирок этади.
Кеча, 3 февраль куни Ўзбекистон футбол ассоциациясида ушбу мусобақа олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи Котрина Кулбите, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Людмила Карачик ва терма жамоа дарвозабони Мафтуна Жонимқуловалар иштирок этди.
Мазкур анжуманда «Халқ сўзи» таҳририяти мухбири ҳам иштирок этди. Қуйида мухбиримиз ва анжуман қатнашчилари ўртасидаги суҳбатни мутолаа қилишингиз мумкин:
Ассалому алайкум. Жамоага мусобақа омад тилайман. Турнирнинг 2-турида Хитой термасига қарши ўйнаймиз. Сиз Ўзбекистон миллий терма жамоасини қабул қилиб олганингизда, дастлабки ўйинлардан бири Хитойга қарши ўтган ва ўшанда терма жамоамиз 5:0 ҳисобида мағлубиятга учраган эди. Ўтган вақт мобайнида нималар ўзгарди ва биз энди Хитойга нималар таклиф қила оламиз?
Котрина Кулбите:
— Аввало сизга раҳмат айтмоқчиман. Сизни ҳар доим анжуманларда фаол иштирок этаётганингизни биламан. Аёллар футболини ёритишда фаоллик кўрсатаётганингиз учун миннатдорчилик билдираман.
Ҳа, чиндан ҳам 2025 йилнинг март ойида Хитойдан йирик мағлубият қабул қилиб олган эдик. Бу бизга яхши сабоқ бўлган. Ўтган давр мобайнида хатоларимиз устида ишладик. Насиб этса, мусобақада ўтган галгидан яхшироқ ўйин кўрсатамиз.
Гуруҳда учинчи ўрин билан кейинги босқичга чиқиш варианти биз учун энг ҳақиқатга яқин бўлиб турибди. Лекин бу учун Бангладеш термаси мағлуб этилиши керак. Бу жамоа сўнгги 3 йилда жуда катта ўсишга эришди. Мазкур жамоани қанчалик ўрганиб чиқдингиз?
Котрина Кулбите:
— Биз барча жамоаларни тўлиқ ўрганиб чиқдик. Фақатгина Бангладешга тўхталдингиз. Лекин мен фақатгина учинчи ўрин билан чиқиш асосий мақсадимиз демаган бўлардим. Биз юқорироқ натижа билан гуруҳдан чиқмоқчимиз.
Меҳрибон Эгамбердиева миллий чемпионатимизда 19 та гол урди. Бироқ у терма жамоага жалб этилмаяпти. У билан қандайдир муаммо борми?
Котрина Кулбите:
— Меҳрибон жуда яхши футболчи. Уни яхши биламан. Биз йил давомида терма жамоага лойиқ бўлган барча футболчиларни синовдан ўтказдик ва ўрганиб бордик. Ишонинг, мен эълон қилган рўйхатда ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг энг кучли футболчилари йиғилган.
Сиз фақат Меҳрибонни айтиб ўтдингиз. Лекин бундай футболчи яна кўп. Кимнидир олсак, бошқаси якуний таркибга кира олмаслиги табиий ҳолат.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўртоқлик ўйинида Вьетнам термасини 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратганини ўқидим ва ҳайрон қолдим. Сабаби Жаҳон чемпионатида АҚШ терма жамоаси ҳам Вьетнамга 6 та гол ура олмаганди. Бу ҳолат қандай юз берди, ўзи?
Мафтуна Жонимқулова:
— Демак, Америка Қўшма Штатларидан кучлироқ эканмиз (кулади).
Людмила Карачик:
— Вьетнамга қарши яхши ўйин бўлди. Биз 3 та голни қисқа фурсат ичида киритганимиз учун уларнинг ўйинга қизиқиши пасайиб кетди. Натижада ўйин 6:2 ҳисобида тугади.
Яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатига йўл олди ва улар ҳукумат томонидан жуда яхши тақдирланишди. Ушбу мусобақа олдидан Ўзбекистон аёллар терма жамоасига ҳам федерация томонидан мукофотлар ҳақида гаплар бўляптими?
Котрина Кулбите:
— Аввало таъкидламоқчиманки, бу мусобақада биз ҳеч қандай совға учун ўйнамаймиз. Биз фақатгина ватан учун, ушбу юрт байроғи учун, ушбу юрт герби учун ва албатта ушбу халқ учун ўйнаймиз. Бизга қандайдир совғалардан кўра, терма жамоанинг Жаҳон чемпионатига йўл олиши муҳимроқ.
Бу масалани ҳали гаплашганимиз йўқ. Лекин барибир бизга қандайдир мукофотлар энг яхши мотивация бўла олмайди. Биз учун энг муҳими — Жаҳон чемпионатига йўл олиш.
Муҳаммадамин Зуҳриддинов,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ калория истеъмол қилиши керакми?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг