Орзуларнинг ойдин йўлида

18:02 27 Октябр 2025 Жамият
291 0

Мамлакатимизда маҳаллаларни ривожлантириш доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга катта эътибор қаратилмоқда. Андижон вилоятидаги 887 та маҳалланинг ҳар бирида бу борада мақтаса арзигулик ишлар олиб борилмоқда. Улар орасида Андижон туманидаги “Дўнгқишлоқ” маҳалласи эришган натижалар айни пайтда бошқаларга ҳам намуна. Бу маҳаллада 1051 та хонадон бўлиб, 6 минг 700 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд аҳолисининг 40 фоизи томорқадан даромад топади. Бу эса ер меҳнатига бўлган эҳтиром ва масъулиятнинг жонли намунасидир.

— Йил бошида ҳар бир хонадонга кириб, фуқароларнинг ижтимоий аҳволини чуқур ўргандик, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Илёсбек Бадалов. — Ўрганиш натижасида 48 нафар ишсиз фуқаро борлиги аниқланди. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлар ўтказдик, қизиқиши, малакаси ва имкониятини ҳисобга олдик. Шу асосда тадбиркорлар, бандлик бўлими ва тижорат банклари билан ҳамкорликда уларни ишга жойлаштирдик. Бугунга келиб “Дўнгқишлоқ”да ишсиз фуқаро қолмади.

Бундай ютуқлар ортида, албатта, инсон тақдири, меҳнат ва ирода мужассам. Масалан, маҳалла аёлларидан бири Мубина Ҳамдамовага 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилишида амалий ёрдам берилди. У шу маблағ ҳисобидан маҳалланинг ўзида тикувчилик цехи ташкил этди.

— Илгари уйда бекор ўтирардим, — дейди Мубина Ҳамдамова. — Энди эса ўз ишим, устахонам бор. Ҳозир 4 нафар аёлни иш билан таъминлаганман. Улар билан биргаликда чойшаблар, болалар кийимлари ва уй анжомларини тикамиз. Бир ойда ўртача 6-7 миллион сўм атрофида даромад қиламан. Бу иш орқали нафақат оиламни таъминлаяпман, балки бошқаларга ҳам иш ўрни яратаётганимдан мамнунман.

Иброҳимжон Шавкатжонов жазони ижро этиш муассасасидан озод этилгач, ҳаёти тубдан ўзгарди.

— Озодликка чиққанимда, ҳаётни қайдан бошлашни билмасдим, — дейди самимият билан Иброҳимжон. — Маҳалла фаоллари ёрдами билан фармацевтика корхонасига ишга жойлашдим. Мебелсозлик бўйича кўникмаларим бор эди. Шуни инобатга олиб, устахона учун дастгоҳ олишда ёрдам беришди. Ҳозирда уйимда ишдан бўш пайтим буюртма асосида жиҳозлар ясайман. Ҳар ойда 5-6 миллион сўм атрофида даромад топаман. Яқинда ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш орқали камида иккита янги иш ўрни яратмоқчиман.

Бугун “Дўнгқишлоқ”да меҳнатга лаёқатли ҳар бир инсоннинг ўз машғулоти бор. Аёллар тикувчилик, ёшлар хизмат кўрсатиш ва устачилик билан шуғулланмоқда. Томорқадан фойдаланиш кенг йўлга қўйилган.

— Маҳалламизда “ишсизлик” деган сўз йўқ, — дейди Илёсбек Бадалов. — Бу фуқароларнинг фаоллиги, ўзаро ёрдам ва тадбиркорлик руҳининг натижаси. Ҳар бир хонадонда меҳнатга муносиб инсон бор. Шунинг учун ҳам маҳалламиз тинч, фаровон ва фаол. “Дўнгқишлоқ” маҳалласида амалга оширилган ишлар нафақат иқтисодий барқарорликни таъминлади, балки одамларнинг ҳаётга бўлган ишончини ҳам мустаҳкамлади.

Ишсизликдан холи маҳалла бу фақат иқтисодий кўрсаткич эмас, балки инсон қадри, меҳнатнинг шарафи ва жамоат бирдамлигининг ёрқин ифодаси ҳамдир.

Саминжон ҲУСАНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер