Ортизнинг промоутери Мадримовнинг нокаут бўлишига ишонмоқда

11:34 18 Февраль 2025 Спорт
211 0

Биринчи ўрта вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Исроил Мадримов 22 февраль куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтадиган бокс оқшомида америкалик 26 ёшли Вержил Ортисга қарши вақтинчалик WBC чемпионлик камари учун жанг ўтказади.

Мазкур жанг борасида кўплаб боксчилар ҳамда мутахассислар ўз фикрларини билдиришмоқда. Жумладан, Вержил Ортиснинг промоутери Оскар Де Ла Хойя ушбу жанг муддатидан аввал якунланишига ишора қилди. Бу ҳақида «Boxing News» нашри хабар берди.

«Ар-Риёддаги жанг оқшоми, шубҳасиз, энг зўри бўлади. Мадримов икки қўлда ҳам кучли зарба бера олади, аммо Ортизнинг тажрибаси кўпроқ. Фикримча, жанг эрта якунланади. Ортиз шу вақтгача 22 жанг ўтказиб, шундан 21 тасини муддатидан аввал тугатган. Бу рақамлар кўп нарсадан дарак беради», — дейди у.

Промоутернинг қўшимча қилишича, Ортиз ўзининг сўнги жангида украиналик Сергей Богачукка қарши кутилганидек ҳаракат қилолмаган. У Мадримовга қарши баҳсда ўзининг ҳақиқий спорт формасини намойиш қилади.

Шунингдек, Ортизнинг сўнги рақиби Сергей Богачук мазкур жангда Мадримовнинг имкониятларини юқори баҳолаган.

«Менимча, бу жуфтликда Мадримов ғолиб бўлади ва биз келажакда у билан рингга чиқамиз. Менинг у билан жангим бекор бўлган. Аммо ишонаманки, биз ҳали ҳам жанг қилиш имкониятига эгамиз», — деган у.

Маълумот учун, бугунга қадар Исроил Мадримов профессионал боксда 11 та жанг ўтказиб, 9 ғалаба, 1 та мағлубият ҳамда 1 та дурранг қайд этган. Мадримов ғалабага эришган жангларининг 7 тасини муддатидан аввал якунлаган.

Эслатиб ўтамиз, Ар-Риёддаги мазкур бокс кечасининг асосий жангида ярим оғир вазн тоифасидаги жаҳон чемпиони россиялик Артур Бетербиев барча камарларини россиялик яна бир таниқли боксчи Дмитрий Биволга қарши реванш жангида ҳимоя қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?