Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида бир қатор қонунлар кўриб чиқилди
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Хусусан, сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига республика ижро этувчи ҳокимият органларининг номларини мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталди.
Таъкидланганидек, муҳокама қилинган қонун билан амалдаги қатор нормалар янги таҳрирдаги Бош қомусимизга мувофиқлаштирилмоқда. Шунингдек, Қонун билан тугатилган, қайта ташкил этилган ва ташкилий бўйсунуви ўзгарган давлат органларининг ваколатлари қайси давлат органларига ўтказилганлиги аниқлаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига мувофиқ “O‘ztextreyd” ДУК тузилганлиги сабабли “Давлат божи тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ветеринария тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунларга ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган.
Қайд этилганидек, қонун аграр, сув ҳамда мудофаа саноати соҳаларидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатларини аниқлаштирилишига ва яхлит тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, мажлисда Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш ва сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Сув хўжалиги вазири ахборотини эшитилди.
Қайд этилганидек, Арнасой сув омборини Жанубий Мирзачўл канали орқали тўйинтирувчи каналларни реконструкция қилиш лойиҳасининг умумий қиймати 100,0 млрд сўм бўлиб, 2018-2023 йил 1 ноябрь ҳолатига жами 81,4 млрд сўм (81.4 фоиз) капитал маблағ ўзлаштирилган.
Мазкур лойиҳа доираси 1 та иншоот, 5 км тўйинтирувчи канал, 6 км коллектор дренажлари қурилган ва 8 та гидротехник иншоотда қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. Лойиҳа тўлиқ ишга туширилгандан сўнг Айдаркўлга ҳар йили ноябрь-февраль ойларида 450-500 млн куб метр миқдорида қўшимча сув бериш имкони яратилиши белгиланган.
Ерларни деградациядан сақлаш мақсадида жами 200 га майдонда саксовул каби бутасимон ўсимликлар экилган. Навоий вилояти ҳудудида 3 535 га майдонда саксовулзорларда табиий кўпайиш кузатилган.
Кўллар тизимига сув ташловчи Марказий Мирзачўл коллекторида
“Ақлли сув” (Smart water) қурилмаси ўрнатилиб, сув ҳисобини юритиш автоматлаштирилган. Туризмни ривожлантириш бўйича жами 11 та лойиҳа ишга туширилиб, ички туризм объектлари томонидан 15,2 млрд сўмдан зиёд маблағ ўзлаштирилган.
“Айдаркўл”, “Тузкон” ва “Арнасой” кўллар тизими ва унга туташ ҳудудлар Рамсар Конвенциясининг халқаро сув-ботқоқ ҳудудлари рўйхатига киритилиб, халқаро аҳамиятга эга муҳим орнитологик ҳудуд (IBA) мақоми берилган.
Таъкидланганидек, ҳудудда 2023 йил давомида 503 та рейд тадбири ўтказилиб, 244 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан 373 млн сўмдан зиёд жарима ва 168 млн 300 минг сўм товон сўммаларини ундириш чоралари кўрилган.
Қайд этилганидек, амалга оширилган ижобий ишлар қаторда камчиликларга ҳам йўл қўйилган. 2023 йил ноябрь ҳолатига кўллар тизимидаги сув сатҳи 243,53 м абсолют баландликни ташкил этиб, бу – 2005 йилдан 2023 йилгача бўлган даврдаги энг паст даража ҳисобланади.
Бундан ташқари, 2022 йил октябрга нисбатан сув сатҳи 55 см пасайган. Таҳлилларга кўра Арнасой сув омборидан пастки қисмида сувнинг йиллик ўртача минераллашуви 2023 йилда 12,1 г/л ни ташкил этган.
Муҳокамалар жараёнида кўллар тизимининг қисқа ва узоқ муддатли истиқболда сув ҳажми ва экологик ҳолатини моделлаштириш, сувнинг йиллик ўртача табиий йўқотилишига мос равишда чучук сув билан таъминлаш чорасини кўриш, туташ ҳудудларида ҳимоя ўрмонзорлари барпо қилиш, табиий ва замонавий технологиялар асосида балиқлантириш чораларини кўриш, дарахт ва буталарни кесиш, муҳофаза зоналарини турли чиқиндилар билан ифлослантириш, ноқонуний балиқ овлаш каби ҳолатларга чек қўйиш, ҳудудни ободонлаштириш каби масалалар юзасидан масъулларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Мажлис якунида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг