Оролбўйида янги лойиҳага старт берилди

12:31 04 Апрель 2023 Жамият
1047 0

Жорий йилнинг 30 март куни Президентимиз Ш.Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Нукус ёшлар технопаркини бориб кўриш чоғида “Яшил” технологияларга асосланган инновацион лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, уни амалиётга кенгроқ жорий этиш борасида ҳам кўрсатмалар берган эди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 март куни Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони Партқўми котиби Ма Синжуй бошчилигидаги ХХР делегацияси билан ўтказган учрашувда Ўзбекистон ҳудудлари ва ШУАР ўртасидаги ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилган эди.

Ушбу учрашувда келишиб олинган ҳамкорлик масалаларни ва Президентимизнинг Оролнинг қуриган тубида инновацион усулларни қўллаган ҳолда яшил ўрмонзорлар ва яшил қопламали яйловлар барпо этиш бўйича қўйган вазифаларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази таклифи билан Хитой Фанлар академияси ҳузуридаги Шинжон экология ва география институтининг бир гуруҳ олимлари Қорақалпоғистонга ташриф буюрди.

Хитойлик делегация вакиллари билан учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Б.Хабибуллаев ва қорақалпоғистонлик олимлар иштирок қилди. Учрашувда икки томон Оролбўйида яшил инновацион ғояларни кўпроқ жорий этиш ва бу лойиҳаларнинг экологик барқарорликни таъминлашдаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

- Орол денгизи атрофидаги экологик ҳолатни биргаликда тадқиқ қилиш масаласини ҳам келишиб олдик, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Б.Хабибуллаев. – Учрашувда қиймати 500 минг АҚШ долларига тенг “Орол денгизи ҳавзасининг экологик тикланишида фотоэлектр қуёш энергиясини фойдаланиш тажрибасини қўллаш ва намойиш этиш” инновацион лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келишув имзоланди ва янги лойиҳага старт берилди. Ушбу лойиҳани тегишли хорижий ва маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорликда 2023-2025 йилларда амалга ошириш назарда тутилган.

Хитойлик олимлар билан учрашувда томонлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кенг мукоҳама қилинди. Меҳмонларга Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилган илмий-амалий инновацион лойиҳалар, Оролбўйи ҳудудида мавжуд экологик муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича тақдимот қилинди. Ўз навбатида, меҳмонлар томонидан Хитойнинг етук инновацион технологияларини атроф-муҳитни бошқаришга интеграциялаш, саноат конвергенцияси ва технология интеграцияси орқали Орол денгизининг экологик муаммоларини ҳал қилиш бўйича экспериментлар ҳамда намойишлар ўтказишга қаратилган янги инновацион лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.

Тадбирдан сўнг хитойлик делегация вакиллари Нукус туманидаги “KPC NUKUS HERBAL TECHNOLOGY” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида бўлди. Корхона қизилмия илдизи ва экстрактини Хитой давлатига экспорт қилиб келмоқда. Меҳмонларга корхонада олиб борилаётган ишлар, соҳага жорий этилган янги замонавий ишлаб чиқариш технологиялари намойиш этилди. Шунингдек, ушбу тумандаги “Nukus agrofish klaster” фаолияти билан таништирилди. Корхона, асосан, балиқ ва балиқ маҳсулотларини етиштириш ва уларни чет давлатларга экспорт қилиш билан шуғулланиб келмоқда. Корхона сўнгги замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, йилига 300 тонна балиқ етиштиради.

Меҳмонлар академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Кегейли туманидаги станцияси интенсив боғида ҳам бўлди. Мазкур станцияда Оролбўйининг кескин ўзгарувчан иқлими, кучли тупроқ шўрланиши ва ноқулай табиий омилларга мослашган мева кўчатларини етиштириш буйича янги замонавий технологиялар асосида кенг кўламли илмий ва амалий ишлар йўлга қўйилган.

Эътиборлиси, хитойлик олимлар билан ҳамкорликда старт берилган янги лойиҳа Оролбўйининг олис ҳудудларида яшил технологияларни кенг жорий қилиш, кичик кўламдаги фотоэлектр станциялари билан энергия сақловчи қурилмалар ўрнатиш, қуёш панеллари остида чўлга чидамли ўсимликларни ўстириш ва кўпайтириш орқали экологик барқарорликни сақлашга, ҳудудлардаги аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Ғ.Отажонов,
“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?