Оролбўйи ва Хоразмдаги очиқ мулоқотларда очиқ гаплар айтилди

15:41 05 Март 2025 Жамият
99 0

Очиқ мулоқот чин маънода очиқ бўлса, аҳоли дилидаги ва тилининг учидаги гапларни эркин айта олса, муаммоларга ечим топилиб, уни ўз ҳаёти давомида ҳис қилсагина самаралари кўзга яққол ташланади. Баъзи очиқ мулоқотларнинг фақат қоғоз қоралаш учун ўтказилаётгани, одамлар фикри инобатга олинмаётганидан ҳафсаласи пир бўлаётгани ҳам бор гап.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ўтказилган очиқ мулоқот тадбирларида аҳоли ўз фикрини эркин айтди ва муаммоларни ҳал этиш юзасидан зарур чора тадбирлар белгиланди. Унда аҳоли ва тадбиркорларнинг 30 га яқин ишлаб чиқаришдаги тўсқинликлар, хизмат кўрсатиш сифати, маҳаллий бизнес ва иқтисодий ривожланишга тааллуқли мурожаатлари қабул қилинди ва 10 дан ортиқ таклифлари тингланди.

Нукус шаҳрида фуқаро ва тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда Қўмита раиси Ҳалилилло Тўрахўжаев уй-жой, коммунал соҳаси, давлат харидлари жараёнларида учраётган муаммолар ва тендер қоидаларини такомиллаштириш бўйича, қишлоқ хўжалиги кооперативлари томонидан биржа савдоларида фьючерс шартномалари тузиш, ишлаб чиқариш ва экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар ўз маҳсулотларини ташқи бозорга чиқаришдаги қийинчиликлар юзасидан берилган мурожаатларни қабул қилди. Ушбу мурожаатларни ваколат доирасида ҳал этиш, шунингдек, бошқа масалалар юзасидан масъул давлат ташкилотлари билан биргаликда ўрганиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Бундан ташқари, қўмита томонидан очиқ мулоқотда аҳолининг ош тузи ва қадоқланган ичимлик сувининг сифатини текшириш ва рекламалар хусусидаги таклифларини кўриб чиқиш учун тегишли ташкилотларга маълумотлар юборилди.

«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа ва Тўрткўл туманларидаги Тупроққалъа» маҳалла фуқаролар йиғинида 3 та насос ва 1,5 километр суғориш тармоғи, «Элликқалъа» Овул фуқаролар йиғинида 1 та насос ва 1 километр суғориш тармоғини тортиш, шунингдек, «Базиргон» МФЙда 5 километр ариқни бетонлаш ҳамда электр энергияси барқарорлигини таъминлаш, интернет сифатини ошириш ва ички йўлларни таъмирлаш юзасидан зарурий чора-тадбирлар белгиланди.

Хоразм вилоятида ўтказилган очиқ мулоқотда жисмоний ва юридик шахсларни электр энергияси ҳамда газ таъминоти, қурилаётган янги турар-жойлар ва улардаги муаммолар, имтиёзли кредит ажратиш ва кадастр ҳамда махсус фан дастурлари, олий таълим соҳасида қийнаётган муаммолари, берилган таклиф ва кўплаб мурожаатлари тўғридан-тўғри қабул қилиниб, ижрога қаратилди. Молия, таълим соҳасидаги таклифлар эса тегишли ташкилотларга йўналтирилди.

Шунингдек, тадбир давомида Хоразм вилоятида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишини янада шакллантиришда ўзаро ҳамкорликда жамоат ташкилотларининг имкониятидан фойдаланиш масалалари ҳам белгиланди. Ушбу йўналишдаги ишлар қамровини кенгайтириш юзасидан «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш стратегияси« ишлаб чиқилаётганлиги ҳақида маълумот берилди.

Икки ҳудудда ўтказилган очиқ мулоқотларда фуқаро ва тадбиркорларга қўмита томонидан соҳага оид ҳуқуқий билим ва маслаҳатлар ҳам берилди. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, аҳоли ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат органлари ва ташкилотларининг устувор вазифасидир.

Отабек УСМОНОВ,

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини

ҳимоя қилиш қўмитаси раиси маслаҳатчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?