Оролбўйи минтақаси юзасидан юборилган парламент сўровига ҳукуматнинг жавоби қандай бўлди?
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Сенатнинг ўттиз учинчи ялпи мажлисида Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбарининг 2021 йил 29 июлда “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги қарори билан 2021-2024 йилларда Оролбўйи минтақасига иқтисодиёт тармоқларида ресурс тежовчи ва юқори самарага эга замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилишга эътибор қаратилмоқда.
Экологик барқарорликни таъминлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида “йўл харитаси” ҳамда устувор инновацион лойиҳалар рўйхати тасдиқланган.
Ҳозирда “йўл харитаси”да белгиланган 71 та тадбирнинг 31 таси, 65 та инновацион лойиҳанинг 18 таси амалга оширилган. Жумладан, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 8,1 млрд сўм маблағ ажратилиб, Нукус шаҳрида Ёшлар технопарки ишга туширилган.
Нукус туманида Оролбўйи халқаро инновация маркази қошида ўсимликлар уруғлари генбанки билан таъминланган лаборатория, бизнес-акселератор ўқув маркази ва технопарк ташкил қилиш учун республика бюджетидан 13,1 млрд сўм маблағ ажратилган.
Қорақалпоқ давлат университетида Олий таълим муассасалараро комплекс биокимёвий таҳлил маркази ташкил этилган.
“Қуриган Орол денгизи туби тупроқ иқлим шароитида ўсадиган дарахт ва бута ўсимликларининг генофондини яратиш” амалий лойиҳаси учун 3 млрд сўм ажратилиб, Мўйноқ туманида 50 гектар майдонда чўл ўсимликларини (саксовул, қандим, черкез ва бошқа) касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш бўйича мониторинг ишлари ўтказилган.
Қишлоқ хўжалигида тупроқ ости суғориш янги технологиялари тизимини жорий этиш учун БМТ Тараққиёт Дастури доирасида “Chahbani Technologies” компанияси (Тунис) ва Оролбўйи халқаро инновация маркази билан ҳамкорлигида 3 600 дона инновацион тупроқ ости суғориш диффузор мосламалари келтирилиб, тажириба-синов учун 2 та иссиқхона барпо этилган.
Бундан ташқари, “Барсакелмес конидаги техник тузни инновацион флотация усули билан тозалаш”, “Қўнғирот сода заводи” МЧЖда карбонат ангидрид газидан сода ишлаб чиқаришни ташкил этиш”, “Мўйноқ туманида замонавий таъмирлаш ва сервис марказини ташкил этиш”, “Тиббий системалар ишлаб чиқариш” каби лойиҳалар амалга оширилган.
Олиб борилган ишлар билан бир қаторда, лойиҳалар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги, шунингдек, соҳада айрим камчилик ва муаммолар сақланиб қолаётганлиги сенаторлар томонидан таъкидланди.
Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ижобий хулоса тақдим этилмаганлиги натижасида Нукус туманида “Ақлли қишлоқ” (Smart village) концепцияси асосида янги замонавий турар жойлар комплекси қурилиши тўхтаб қолган.
Қишки спорт турларини ривожлантириш учун муз саройини барпо қилиш ишлари бошланмаган.
Чоксиз шикастланишларга қарши қоплама ишлаб чиқишни ташкил қилиш лойиҳасини амалга ошириш муддатидан кечиктирилмоқда.
Бундан ташқари, қурилиши ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган қатор лойиҳалар ишга туширилмаган.
Муҳокамалар якунида масъулларга Қарорда белгиланган қурилиш ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали янги иш ўринларини яратишга қаратилган лойиҳалар ижросини таъминлаш топширилди. Масъул вазирлик ва идораларга лойиҳалар ва тадбирларни молиялаштирилишини амалга ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
«Халқ сўзи»,
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг